2018 йил Яқин Шарқда аҳвол қандай бўлади?

2018 йил Яқин Шарқда аҳвол қандай бўлади?

Яна ўша Сурия

Суриядаги ҳарбий зиддият етти йилдан бери давом этиб келаётганини ҳисобга олсак, 2018 йилда аҳвол ўнгланишига умид қилмаса ҳам бўлади. Башар Асаднинг сиёсий тақдири эса ҳарбий зиддият қай тарзда ривожланишига боғлиқ.

«Женева-2» шаклидаги музокаралар доирасида Сурия мухолифати вакиллари Башар Асадни ўтиш даври ҳукуматидан умуман четлаштиришни талаб қилдилар. Бу талаб, у ёки бу даражада асосли бўлишига қарамай, музокара иштирокчиларининг кўпчилиги томонидан рад этилди ва Башад Асад рақибларининг Женева музокараларидан узоқлашувига ҳамда бу шаклдаги музокараларни самарасиз деб топишига сабаб бўлди.

Сурия мухолифати етакчилари Башар Асадга муносабатларини қайта кўриб чиққан тақдирда ҳам, уларнинг фикри эшитилиши даргумон. Чунки Россиянинг ҳам, АҚШнинг ҳам Сурия бўйича позициялари алавийлар режимининг ҳукумат тепасида нақадар узоқ ўтиришига боғлиқ. Шу сабабли Сурияда ҳақиқий демократик ислоҳотларни амалга оширувчи ўтиш даври ҳукумати қачон бўлмасин ташкил этилади, деган хомхаёлларга берилмаслик керак. Зеро, бундай ҳукумат мухолифатдан бошқа ҳеч кимга керак эмас.

Демак, Москва, Вашингтон ва Теҳрон 2018 йилда Сурияда ҳарбий амалиётларни давом эттириш учун аввалгидек баҳоналар излашда давом этадилар.

Теҳроннинг ҳарбий иштироки, шубҳасиз, Риёзни тинч қўймайди, улар Сурия ҳудудини янада кўпроқ ўққа тутадилар.

Умуман олганда, 2018 йилда музокаралар қуролли тўқнашувларнинг ўрнини эгаллаши эҳтимоли деярли нолга тенг. Суриядаги ҳарбий амалиётлар янги яратилган “деэскалация ҳудудлари”да авж олади, натижада бундай ҳудудларни яратиш ташаббусининг мақсадга мувофиқлиги ҳам катта шубҳа остида қолади.

 «Қалтис» Ироқ

Киркук ва Мосулдаги ҳарбий амалиётлар Ироқ ҳукуматининг мавқеини анча мустаҳкамлади. Ҳукумат 2018 йилнинг майида парламент сайловларини ўтказмоқчи. Шунга қарамай, ИШИД ва курдлар устидан қозонилган омонатгина ғалаба туфайли Ироқда «қалтис давр» бошланади, чунки Боғдод мамлакат ичкарисидаги этник ва сиёсий гуруҳлар томонидан жиддий қаршиликларга дуч келиши мумкин, яъни мазкур гуруҳларнинг ҳокимият учун кураш бошлаши эҳтимоли юқори.

Боғдод ва Эрбил «музокаралар ўйини»ни ўйнашда давом этадилар, бироқ кўрсаткич бармоқларини автоматлари тепкисидан олмайдилар. Томонларнинг ҳеч бири очиқ зиддиятдан манфаатдор эмас, лекин ён беришни ҳам истамайдилар. Устига устак, Киркукни йўқотган ва ўтказган референдуми натижалари тан олинмаган Курдистон, хусусан, унинг янги бош вазири Ночирвон Барзоний учун ўз обрўсини сақлаб қолиш жуда муҳим. Шу сабабли янги бош вазир Боғдод билан музокаралар ўйинини охиригача ўйнаб, Боғдоддан Курдистон учун мухторият мақомини сақлаб қолишга дипломатик кафолатлар сўрайди. Курдларнинг бу иши Ироқ армияси билан кутилмаган ҳарбий тўқнашувларни юзага келтириши хавфи ҳам бор. Лекин катта қурбонлар берилмайди.

Сайлов кампанияси арафасида Ироқ бош вазири Хайдар Ал-Абадий сиёсий барқарорликни сақлаб туриши керак. Шунинг учун у курдлар билан музокара қилиб, уларнинг радикаллашувига йўл қўймай туради.

 «Мисрдаги терактлар»

2017 йил турли мутаассиб террорчи гуруҳларнинг хуружлари Мисрни чарчатиб юборди, натижада юзлаб инсонлар қурбон бўлди. Синай ороли мутаассиблик ўчоғига айланди.  

Терактлар Миср президенти Абдул Фаттоҳ Ас-Сисийнинг кескин сиёсати манзарасида бутун мамлакат бўйлаб амалга оширилди.

2018 йилда ҳам террорчилар фаоллиги ошишда давом этиши эҳтимоли юқори. Қоҳиранинг Москва билан жадал яқинлашуви ва келажакда улар ўртасида кутилаётган авиация алмашуви тикланиши  Ғарб мамлакатларининг ҳам, Миср мухолифатининг ҳам асабини қўзғайди ҳамда террорчилик авж олишига олиб келувчи асосий омил бўлади.

Россия – Миср келишувлари фуқаролар исёни ва унинг ортидан қуролли зўравонликларни келтириб чиқариши эҳтимоли ҳам мавжуд.

«Қуддус кампанияси»

2018 йил Исроил ва Фаластин учун оғир йил бўлади, айниқса Доналд Трамп Қуддусни Исроил пойтахти деб эълон қилганидан кейин. Шунга қарамай, араб-исроил зиддиятлари бўлиб турса ҳам, 2018 йилда Тел-Авивга қарши «Учинчи интифода» рўй бермаса керак.

Айни пайтда Фаластин раҳбари Маҳмуд Аббос Исроил билан зиддиятлардан кўра фаластинликларнинг бошини қовуштиришдан кўпроқ манфаатдор. Ҳозир унинг бошини бошқа нарса оғритяпти (ФАТҲ ва ХАМАСни яраштириш, Ғазо устидан назоратни тиклаш). Буларнинг олдида «Учинчи интифода»ни ташкиллаштириш кейинги ўринга тушиб кетади.

Шу билан бирга, тасодифий ҳодисалар араб исёни эҳтимолини ошириши ва араб-исроил зиддиятининг янгидан авж олишига олиб келиши мумкин.

 

Саудий «эҳтирослар»

Саудия Арабистони ҳарбийлари анча вақтдан бери Яман, Сурия, Ироқ ва Ливияни тарк этмаётган бўлсалар ҳам, валиаҳд шаҳзода Муҳаммад ибн Салмон Эроннинг таъсирига қарши сиёсатини янада мустаҳкамлашга жиддий аҳд қилган.

Саудлар ва Вашингтоннинг босимига дош берган Теҳрон Сурия, Ливан, Ироқ ва Ливияда геополитик нуқтаи назардан сезиларли ғалабаларга эришди. Бу эса Риёзга ёқмайди, у ўзининг хориждаги иттифоқчилари ва сунний сиёсий гуруҳлар воситасида Эроннинг танобини тортиб қўйишга уринади, 2018 йилда бу, айниқса, Сурия ва Ироқда кўп сезилади. Мазкур ўлкаларда анъанавий суннийларга тегишли ҳудудларга ўрнашиб олган шиалар ва ИШИД билан жанглардан жабрланиб маргиналлашган суннийлар ўртасида кенг миқёсли зиддиятлар юзага келади. 

Мазкур режаларини амалга оширииш учун валиаҳд шаҳзода Муҳаммад ибн Салмон Ислом дунёсида ўз мавқеини йўқотишни истамаётган Доналд Трамп маъмуриятидан ёрдам излашда давом этади. Бу 2018 йилда Эронга босим ҳам, Қатар инқирози ҳам барҳам топмайди деганидир.

Ямандаги зиддият ҳам тугамайди, чунки Риёз  ҳарбий кампанияни давом эттиргани учун маълум сиёсий имтиёзларни қўлга киритади. Демак, Саудия Арабистони билан хусийларнинг бир-бирига ракеталар учириши тўхтамайди.

back to top