Тартиб-интизомда намуна бўлган мусулмонлар
АҚШ даги ёш мусулмон баскетболчилар спорт билан шуғулланиш, олийгоҳда таҳсил олиш ва намоз ўқишга улгуришмоқда.
Флорида халқаро университети баскетбол жамоасининг ўйинчиси Хасан Хусейн машғулотлар оралиғида холи жой топиб намозларни ўз вақтида ўқишга муваффак бўлмоқда, деб хабар беради Miami Herald. Ибодат учун беш дақиқа сарфлаётган Хасан, ўртоқларининг саволларига: “Мен намоз ўқиб олишим керак эди” деб жавоб бермоқда. Жамоа мураббийи Энтони Эванснинг сўзларига кўра, у илк бор мусулмон спортчиларига устозлик қилмоқда экан. “Биз уларни борича қабул қиламиз. Хасан ҳар бир мураббийнинг қувончидир” деб қўшимча қилди у. Жамоадаги иккинчи мусулмон йигит асли Сенегаллик Диенгдир. У ҳам ибодатларни канда қилмасдан ўз вақтида адо этишга одатланган. Унинг айтишича, АҚШ да мусулмон бўлиш осон эмас, аммо динсиз яшаб бўлмайди. “Кўпчилик мусулмонларни террорчи деб ўйлайди. Бу гап ҳақиқатдан йироқдир. Мусулмонлар тартиб-интизом намунасидир” деб айтди у.



