Владивостокда денгиз бўйида масжид қурилади

Россиянинг Владивосток шаҳрида биринчи масжид қурилади. Татаристон Республикаси бош вазири ўринбосари, «Миллий Шўро» кенгаши раиси Василий Шайхрозиевнинг Приморье ўлкаси губернатори вазифасини бажарувчи Андрей Тарасанко билан учрашувидан сўнг бу ҳақида маълум қилинди.
«Владивостокдаги масжид қурилишини муҳокама қилиш сафаримизнинг асосий мақсадларидан бири эди», деди Шайхразиев «Татар-информ» мухбирига.
Татаристоннинг Приморье мухторияти Владивостокда масжид қуриш учун ер сотиб олганига анча бўлганди, 2012 йили масжид пойдеворига биринчи ғишт қўйилди, аммо турли сабабларга кўра қурилиш ишлари тўхтаб қолди.
«Татаристон тарафи масжид лойиҳасини тайёрлаб берши керак эди, ўтган йил кузда бу ҳақида гаплашилганди. Ундан кейин Приморье раҳбарияти ўзгарди, мана биз яна шу маслалани кўтардик», деди Васил Шайхназаров.
Губернатор в.б. билан суҳбат қарийб бир соат давом этди, бу муддатда ўлка раҳбарияти билан режалар аниқлаштириб олинди, қурилиш компаниялари масжид лойиҳасини маъқулладилар. «Биз Владивосток ҳокимиятига барча зарур ҳужжатларни топширдик, февралда улар кўриб чиқилади ва бош пудратчи аниқ бўлиши билан, қурилиш ишлари бошланади», деди Татаристон республикаси бош вазири ўринбосари.
Янги масжид денгиз қирғоғида жойлашади. «У чиройли меъморий обида бўлади ва Владивостокнинг ҳуснига ҳусн қўшади», деди Шайхназаров.
Маълум бўлишича, масжид тошдан қурилади ва 500–700 ўринга мўлжалланган бўлади. Бундан ташқари, мажмуанинг ичига мадраса ва ҳалол маҳсулотлар билан савдо қилувчи дўкон ҳам киради. Василий Шайхназаровнинг сўзларига кўра, масжид учун яхши ҳудуддан жой ажратилган – бу ерга шаҳарнинг барча туманларидан етиб келиш осон, автомобилларни қўйиш учун жой ҳам бор.
Қурилиш қачон якунланиши ҳозирча маълум эмас. Бош вазир ўринбосарининг айтишича, ишни Татаристон Республикаси ташкил этилганининг 100 йиллигига, яъни 2020 йилга якунлаш режалаштирилмоқда.