Шайх ҳазратларининг ҳаёти ва асарлари ҳақида диссертация

Туркиянинг Бурса шаҳридаги Улудоғ (Uludağ Üniversitesi) университети магистранти Абдулҳафиз Абдураимовнинг битирув диссертацияси устозимиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг ҳаёти ва илмий мероси, хусусан, «Тафсири Ҳилол» асарларига бағишланган.
Абдулҳафиз асли Қирғизистондан, бакалавр босқичини Қирғизистонда тамомлаб, магистратурани Бурса шаҳрида давом эттирмоқда. Биз Абдулҳафиз билан ушбу мавзунинг танланиши ҳақида кичик суҳбат қурдик.
Муҳаммад Одил: Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳ. Аллоҳ таоло илмингизни зиёда қилсин. Диссертацияга танлаган мавзуингизни эшитиб, жуда хурсанд бўлдик. Унинг танланишига нима сабаб бўлди.
Абдулҳафиз: Ва алайкум ассалом. Ҳозир нима дейишга ҳам ҳайронман. Албатта шайх ҳазратларининг ҳаёт йўлини, асарларини ўрганиш ва ўргатиш ҳар бир толиби илм учун илм олишга иштиёқни кучайтиради. Албатта, бизнинг бу камтарона уринишимиз у зот ҳақида ҳали ёзилажак илмий ишлар денгизидан бир томчи, холос. Аммо имкон қадар бу ишнинг ҳаққини адо қилишга ҳаракат қиламиз. Бундан олинган фойдаларга аввало ўзимиз амал қилишга, фойдаланишга, қолверса, бошқаларга ҳам фойдаларини етказишга ҳаракат қиламиз. У зотнинг йўлларидан тўлиқ юра олмасак-да, баҳолиқудрат юришга ҳаракат қиламиз, иншааллоҳ.
Муҳаммад Одил: Диссертацияга бу мавзуни танлаганингизда илмий раҳбарингиз бироз эътироз қилган экан. Шу ростми?
Абдулҳафиз: Ҳа, чунки илмий раҳбарим Туркияда ёки араб давлатларида яшаган машҳур олимларнинг ҳаёти ва асарларини мавзу сифатида танлашни тавсия қилган эдилар. Лекин мен ҳазратнинг ҳаётлари ҳақида ёзиб, хомаки нусхани текширишга берганимда, ўқиб чиқиб, жуда катта таассуротлар олганини айтдилар. Ҳатто: «Бугунги кунимизда ҳам шу қадар етук, мана шундай катта муваффаққиятларга эришган олим борлигини асло кутмаган эдим. Демак, ҳозир ҳам мана шундай ишларни қилса бўлар экан, мана шундай инсонларни топса бўлар экан», дедилар.
Муҳаммад Одил: Илмий раҳбарингиз билан таништирсангиз
Абдулҳафиз: Илмий раҳбарим Улудоғ университетининг илоҳиёт факультети «Тафсир» кафедраси ўқитувчиси Жалил Кирас, яқинда профессорлик унвонини олдилар.
Муҳаммад Одил: Катта раҳмат, Аллоҳ рози бўлсин.
Бугунги кунда Абдулҳафиз дўстимиз каби ҳазрат рахматуллоҳи алайҳнинг ҳаётлари ва илмий мерослари борасида илмий ишлар олиб бораётган, докторлик диссертациясини ёқлаётган дўстларимиз ҳам бор. Иншааллоҳ, улар билан ҳам танишиб, суҳбатлашамиз. Аллоҳ таоло барча аҳли илмларга, толиби илмларга устозимизнинг йўлларини насиб этсин!