Бирлашган Араб Амирликларида 3000дан зиёд одам Ислом динини қабул қилди
khaleejtimes.com
Бирлашган Араб Амирликларида (БАА) фаолият юритаётган Дар Ал Бер жамияти 2017 йилда БААга 69 давлатдан келган 3014 нафар фуқарога Ислом динини қабул қилишларида ёрдам берди.
Дубай шаҳридаги Исломий ахборот маркази ва Рас Ал Ҳаймаҳ (РАҲ) ташкилоти янги мусулмон бўлган одамларни қизиқтирган саволларга жавоблар бериб, уларга кўмаклашмоқда.
Марказ директори Рашид Ал Жунайби айтганига асосланиб Ҳалийжтаймс нашрининг ёзишича, 2785 киши Ислом динини Дубайдаги марказда, 229 киши Рас Ал Ҳаймаҳда қабул қилган.
Марказ Ислом динини қабул қилиш бўйича ишлаб чиққан дастур ҳам эркаклар, ҳам аёлларга мўлжалланган.
“Ислом динини қабул қилганлар 69та давлат фуқароларидир. Улар олти қитъадан келишган”, - дейди Ал Жунайби.
Унга кўра, марказ 20 та тилда Ислом динини қабул қилишга даъват қилинган 1 миллион 100 мингдан ортиқ варақани мамлакат бўйлаб тарқатган.
“Улар мамлакатнинг 150та шаҳарларидаги туристлар энг кўп борадиган жойларда, яъни, музейлар, савдо марказлари, автобуслар ва метро станцияларида тарқатилди”, - дея сўзига қўшимча қилди марказ раҳбари.
Ал Жунайбига кўра, ўзи раҳбарлик қилаётган марказ Дубай судлари, Диний масалалар бўйича Департамент ҳамда Дубайдаги ҳайрия ташкилотлари билан ҳамкорликда янги мусулмон бўлганларга улар Ислом динини қабул қилганликларини тасдиқловчи сертификатлар берган.



