Мусҳафи шарифнинг илк тақдимоти
23 март куни Ўзбекистон мусулмонлар идорасида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг ҳаёти ва илмий фаолиятига бағишланган тадбир ҳамда юртимизда чоп қилинган янги мусҳафи шарифнинг тақдимот маросими бўлиб ўтди.
Мазкур хайрли тадбир президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Чилонзор туманига ташрифи давомида берган топшириқларининг ижроси ўлароқ ташкил қилинган бўлиб, унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти, диний таълим муассасаларининг раҳбарлари, шайх ҳазратларининг яқинлари, сафдошлари, шогирдлари, матбуот вакиллари ва бошқа меҳмонлар иштирок этишди.
Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов сўзга чиқиб, шайх ҳазратларининг динимиз ривожи йўлидаги беқиёс хизматларини эътироф қилдилар, улкан илмий мерос қолдирганларини айтиб ўтдилар. Жумладан, президентимизнинг пойтахтимизда барпо этилаётган масжидга шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг номини бериш ташаббуси халқимизнинг қалбидаги айни муддао бўлгани, ушбу масжид ёнида музей ҳамда анжуманлар зали ташкил этиш, уламолар, олимлар ва дин арбобларини жамлаб, халқаро анжуман ўтказиш каби вазифалар берганларини алоҳида таъкидладилар.
Тақдимот маросимида шайх ҳазратларининг қадрдон дўстлари, сафдошлари номидан Зоҳиджон Қодиров, укалари Муҳаммад Амин домла Муҳаммад Юсуф ва бошқа меҳмонлар сўзга чиқиб, устозимизнинг энг оғир даврда динимизга, халқимизга, Ватанимизга содиқ қолиб, жуда катта хизмат қилганларини эслашди, шайх ҳазратларининг нафақат юртимизда, балки бутун Ислом оламида ҳам катта обрў-эътибор қозонганлари, чуқур илми, фидокорона меҳнати ва шахсий намунаси билан динимиз равнақига чин дилдан ҳалол хизмат қилиш бўйича катта бир мактаб ташкил этганларини эътироф қилишди.
Тадбир давомида шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг ҳаёти ва илмий фаолиятига бағишланган ҳужжатли фильм намойиш этилди.
Шундан сўнг шайх ҳазратларининг яна бир буюк хизматларининг маҳсули бўлган, юртимиз тарихига зарҳал ҳарфлар билан ёзилажак улкан воқеа – юртимизда илк бор чоп қилинаётган мусҳафи шариф тақдимоти бошланди. «Ҳилол-нашр» мажмуаси томонидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамкорлигида чоп этилган ушбу мусҳафи шариф юқори илмий ва бадиий савияда, жаҳон андозаларига жавоб берадиган шаклда чоп қилинди. Ушбу мусҳафнинг чоп этилиши муносабати билан тузилган махсус ҳайъат аъзолари мазкур мусҳаф Миср Араб Республикасининг «Дорус-салом» нашриёти билан келишувга биноан, Азҳари шариф ҳузуридаги илмий академия хулосаси асосида Диний идора ҳамкорлигида нашр этилганини алоҳида қайд этиб ўтишди.
Тадбирда ношир Исмоил Муҳаммад Юсуф сўзга чиқиб, шундай деди:
«Муҳтарам муфтий ҳазратлари! Азиз устозлар, улуғ уламолар, ҳазратимизнинг сафдошлари, шогирдлари! Бугунги анжуманимизга ҳуш келибсиз. Мендан аввал сўзга чиққан нотиқлар кўп нарсани гапиришди. Шунинг учун сўзимни мухтасар қилиб, баъзи эълонларни етказиб қўйиш билан кифояланаман. Аввало айтиш лозимки, барчамизнинг хурсандчилигимизга сабабчи бўлиб турган Мусҳафи шарифнинг чоп қилиниши кўпчиликнинг меҳнати, дуолари, саъй-ҳаракатлари билан амалга оширилди. Авваламбор бу ерда йиғилган азиз устозларимиздан уларнинг ҳақларига дуо қилишини илтимос қиламиз. Иккинчи ўринда айтиладиган гап шуки, Мусҳафи шарифнинг нашрида асосий мақсад қилиб олган ишимиз – Мусҳафни халқимизга қулай ҳолатда етиб бориши бўлди, яъни бу муборак китобининг юқори сифатда бўлиши ва айни пайтда нархининг арзонлиги асосий мақсадимиз бўлди. Аллоҳнинг тавфиқи билан бу ниятимизга етдик, бугунги кунда уни сиз азизларга тақдим қилиб турибмиз. Ушбу минбардан, ҳозирги фурсатдан фойдаланиб, унинг дўконларимизга чиқадиган куни ва нархини эълон қилишга қарор қилдик. Чунки китоб савдосида, айниқса, китобларнинг иккиламчи бозоридаги ҳолат барчамизга маълум. Шунинг учун китоб тарқатадиган биродарларимизга ҳам илтимосларимиз бор. Аллоҳнинг каломига хизмат қилиш – улуғ бахт. Барчамизни шу мақомга муяссар қилсин. Шу боис, илмга чанқоқ, Қуръонга ихлосманд халқимизнинг мусҳафи шарифга эҳтиёжи ниҳоятда катталигини эътиборга олиб, бу имкониятни суистеъмол қилмасликка, асосий мақсад Аллоҳнинг каломи учун хизмат бўлишига чақирамиз. Мусҳафи шарифнинг савдо учун тавсия қилинган нархи 31000 сўм деб белгиланди. Албатта, китоб савдосининг ўзига яраша сарф-харажатлари бор, лекин хизматларимизга яраша устама нарх қўяйлик, нархнинг сунъий равишда қимматлаб кетишига йўл қўймайлик. Аллоҳ таолонинг каломи ҳурматидан бошқа тижоратларимизнинг баракотини берсин.
Алҳамдулиллаҳ, мусҳафи шарифдек улуғ китоб нашр қилишни ҳам насиб қилди. Буларнинг ҳаммаси Аллоҳнинг тавфиқи, сўнгра улуғларимизнинг дуолари, хусусан, Аллоҳ раҳмат қилсин, ҳазратимизнинг дуолари самараси деб биламиз. Аллоҳ насиб қилса, бундан кейин ҳам бу хизматда бардавом қилишини сўраймиз. Бу борада маълум ҳаракатлар ҳам бошланяпти. Келгусида мусҳаф чоп қилиш учун алоҳида бино қилиб, уни алоҳида ускуналар билан жиҳозлаш ниятимиз бор, дуо қилиб турасизлар, Аллоҳ муваффақ қилсин.
Ушбу мусҳафни чоп қилиш жараёни биз учун илк уриниш ва айни пайтда катта тажриба бўлди. Мусҳаф чоп қилишга ижоза берган «Дорус-Салом» нашриёти ходимлари билан маслаҳатлар қилган ҳолатда, улар билан тажриба алмашган ҳолатда иш бошлаган эдик, лекин иш жараёнида ўзига яраша масалаларга, биз учун янгилик бўлган ишларга тўқнаш келдик. Хусусан, бу ерда ўтирган устозларимиз ҳам яхши биладилар, Аллоҳнинг Каломи бўлгани учун, биргина ҳарфда хато кетса, маъно ўзгариши эҳтимоли бор. Бу эса биз ўйлагандан ҳам мураккаб, масъулият талаб қиладиган иш экан. Аллоҳнинг тавфиқи билан илк довонни ошиб ўтдик, ишнинг биринчи қисмини амалга оширдик. Аммо Аллоҳ таоло Ўзининг Каломига хизмат қиладиганлар учун барча шароитни муҳайё қилиб турар экан. Бугунги кундаги матбаа техникаси шу даражада тараққий этибдики, мусҳафни чоп қилиш жараёнида асл нусхадан кичик бир нуқтача ўзгариш бўлса ҳам, кўрсатиб берадиган янги жиҳозлар чиқибди. Бир ҳафта аввал Хитойга бориб, матбаа дастгоҳлари кўргазмасида қатнашиб келдик. Дуо қилиб турасизлар, ўша айтилган ускунани ҳам олиб келиб ўрнатиш режамизда бор.
Аллоҳ таоло бу ишларни ҳам Ўзининг каломининг хизмати учун қилинадиган, холис ниятли ишлар қаторида қилсин, охиратда тарози босадиган ишлар қаторида бўлишини Ўзи таъминласин. Зурриёдларимиз ҳам динга, шариатга, Ўзининг каломига хизмат қиладиган солиҳ-солиҳалар бўлишини насиб айласин. Ассаламу алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракатуҳ»
Шундан сўнг тадбир иштирокчиларига янги мусҳафнинг илк нусхалари совға қилинди. Тақдимот сўнгида мусҳафи шариф 28 март кунидан бошлаб савдога чиқарилиши эълон қилинди.



