Қозоғистонлик азиз меҳмонлар «Hilol» нашриётига ташриф буюрди

24 март куни Қозоғистон Республикаси Бош муфтийси Серикбай ҳожи Ораз ҳазратлари расмий ташриф билан юртимизга келди. Ташриф доирасида муфтий ҳазратлари Ўзбекистон мусулмонлар идорасига борди.

У ерда Ўзбекистон ва Қозоғистон муфтийлари ўртасида расмий учрашув ўтказилди. Учрашувда диний соҳада ўзаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш юзасидан фикр алмашилди. Хусусан, фатво ҳайъати тузиш, диний таълим бериш, мусобақалар ўтказиш ва маданий-маърифий алоқаларни янада ривожлантириш масалаларига урғу берилиб, қилинадиган баъзи ишлар келишиб олинди. Учрашув давомида Ўзбекистон ва Қозоғистон мусулмонлари идоралари ўртасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида меморандум имзоланди.
Қозоғистон Республикаси Бош муфтийси Серикбай ҳожи Ораз ҳазратлари бошчилигидаги делегация юртимизга сафари давомида шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари томонидан асос солинган «Ҳилол нашр» нашриётига ҳам ташриф буюрди. У ерда «Ҳилол нашр» нашриёт-матбааси раҳбари Исмоил Муҳаммад Юсуф бошчилигидаги нашриёт ходимлари ва Серикбай ҳожи Ораз ҳазратлари бошчилигидаги меҳмонлар ўртасида ўзаро учрашув ўтказилди. Учрашувда шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг ҳаёти, ижтимоий-сиёсий ва илмий фаолиятлари тўғрисидаги видеолавҳа намойиш этилди. Муфтий Серикбай ҳожи Ораз ҳазратлари шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларини бевосита билишини, у киши билан Ливия Республикасида шахсан учрашиб суҳбатларида бўлганини эслаб, ўз хотиралари билан ўртоқлашди. Хусусан, Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг нафақат Ўзбекистон мусулмонлари, шу билан бир қаторда Қозоғистон ва бошқа Марказий Осиё мамлакатлари мусулмонларининг ҳам Ислом дини таълимотларини ўрганишларида катта хизматлари борлигини таъкидлаб ўтди.
Учрашувда шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг асарларини қозоқ тилига таржима қилиш ва Қозоғистонда нашр этиш ишлари юзасидан ҳам фикр алмашилди. У кишига шайх ҳазратларининг «Ихтилофлар: сабаблар, ечимлар» ва «Кифоя» китобларининг қозоқ тилида нашрга тайёрланган намуна нусхалари ҳамда «Ҳилол нашр» нашриётида чоп этилган бошқа китоблар тақдим қилинди.
Шунингдек, серикбай ҳожи Ораз ҳазратлари бошчилигидаги меҳмонлар «Ҳилол нашр»га ташрифи давомида нашриёт иши, хусусан, таҳририятда китобларнинг нашрга тайёрланиши, босмахонада чоп этилиши билан боғлиқ жараёнлар билан ҳам яқиндан танишди.

back to top