Ислом дини британиялик ёшлар орасида афзал динга айланмоқда
Британия пойтахти Лондон яқинидаги Твиккенҳэмда жойлашган Авлиё Мэри университети мамлакат ёшларининг қайси динга эътиқод қилишлари борасида ўтказган тадқиқот натижаси ҳайратланарли бўлди.
Брейтбарт нашри 25 март куни шу ҳақида мухтасар маълумотларни чоп этди.
Тадқиқот натижалари 16 ёшдан 29 ёшгача бўлган ёш британияликларнинг 7 фоизи ўзини Британия англикан насронийси, 6 фоизи эса ўзини Ислом динига мансуб деб ҳисоблашини кўрсатган.
“Агар вазият шу алфозда давом этса, Англия черковига давлат томонидан расмий дин деб устунлик мақоми берилганига қарамай, Ислом дини яқин фурсатда ўзиб кетади”, - дейилади фан доктори Томас Виллиамс қаламига мансуб мақолади.
Муаллифга кўра, Британиядаги ёш авлод орасида Ислом динига эътиқод қилувчилар сони англикан насроний тенгқурларидан ортиб кетиши учун бир оз вақт керак бўлади.
Ҳозирда британиялик ёшларнинг 21 фоизи ўзини насроний динига мансуб деб ҳисоблайди.
“Европа ёшлари ва Дин” деб номланган тадқиқот натижаси англикан насронийлар ва мусулмон ёшлари ўртасида жинс борасида бир оз тафовут борлигини кўрсатган. Масалан, 16 ёшдан 29 ёшгача бўлган британиялик хотин-қизларнинг 9 фоизи ва эркакларнинг 5 фоизи ўзларини англикан насронийси деб ҳисобласа, айни ёшдаги мусулмон хотин-қизларнинг 7 фоизи ва эркакларнинг 4 фоизи ўзларини Ислом динига эътиқод қилувчилар деб билади.
Айни пайтда, католик мазҳабидаги ёш насронийлар сони англикан насронийларидан ўзиб кетган.
Шунингдек, 16 – 29 ёшдаги британияликларнинг тахминан 10 фоизи ўзларини католик насроний, 20 фоиз ёшлар насроний оилаларда катта бўлганига қарамай, динидан воз кечиб ўзларини динсиз деб ҳисоблайди. Мусулмонларнинг бир фоиздан оз қисми динини тарк этган.
Нашрга кўра, Британияда мусулмонлар ва мусулмон бўлмаганлар ўртасида фарзанд кўриш борасида ҳам катта тафовут бор. Ҳар бир мусулмон аёл ўртача 2,9 нафар, мусулмон бўлмаган аёл эса 1,8 нафар фарзандга эга.
Бу - мусулмонлар нафақат ўз динларини тарк этиши эҳтимоли жуда озлигини балки, насроний эр-хотинга нисбатан кўпроқ фарзандга эга эканликларини англатади.
Ҳисоботга кўра, Британиядаги ёшлар Европадаги насроний тенгқурларига қараганда анча динсиз, яъни, 70 фоизи ўзини динсиз деб ҳисоблайди.



