Қирол Салмон “Ислом дунёсида йилнинг энг машҳур шахси” деб эълон қилинди
Покистондаги бир гуруҳ уламолар Саудия Арабистони Қироли Салмон ибн Абдулазизни “Ислом дунёсининг 2017 йилдаги энг машҳур шахси” деб эълон қилди.
Арабнюс нашрига кўра, Пайғоми Ислом халқаро анжуманида қатнашиш учун 23 апрел куни Покистоннинг Лаҳор шаҳрига йиғилган уламолар Қирол Салмоннинг Ислом дунёси, айниқса, Фаластин халқига қилган хизматлари учун уни шундай тақдирлаш ҳақида қарор қабул қилган.
Халқаро анжуманда Саудия Арабистонининг Дин ишлари бўйича котиби Талал Ал-Ақийл иштирок этган. 
Йиғилиш иштирокчилари мусулмон умматини бирлаштириш йўлидаги хизматлари ва ҳар бир халқаро анжуманда мусулмонлар ҳуқуқларини ҳимоя қилгани учун Қирол Салмонга чуқур миннатдорлик изҳор қилганлар.
Саудия Арабистони раҳбарига берилган “Ислом дунёсининг 2017 йилдаги энг машҳур шахси” мукофотини Қиролнинг номидан Саудиянинг Покистондаги элчиси Наваф Саид Аҳмад Ал-Малики қабул қилиб олди.



