Мусулмонлар Рамазонда виртуал рўза тутишни таклиф қилдилар
Туркия мусулмонлари диндош биродарларини Рамазон ойида нафақат еб-ичишдан тийилиш, балки виртуал рўза тутишлик – ижтимоий тармоқларда ўтказадиган вақтларини ҳам чеклашга чақиришди.
Маълумки, аксар ёшлар вақтларини жуда кўп қисмини, баъзи одамлар эса ҳаётларининг деярли ярмидан кўп қисмини интернетда ўтказишади. Мазкур ҳаракат ташаббускорлари барча мусулмонларни муборак ой давомида виртуал ҳаётдан чиқиб, атрофдаги тирик одамларга, уларнинг эҳтиёжларига ҳамда ташвишларига эътиборлироқ бўлишга ундашмоқда. Шунингдек, ойнаи жаҳонга «ёпишиб» қолган кимсаларни ҳам юқоридаги гуруҳ кишилар сафига қўшишиб, экранлардан узоқлашиб туришни маслаҳат беришди.
Турк мусулмонлари Рамазон ойи пайтида интернетдан фақат росмана зарурат юзасидан фойдаланишга чақиришди. Унинг ўрнига вақтдан унумли фойдаланган ҳолда, бу муқаддас ойда ибодатларни кўпайтириш, Қуръон тиловати билан машғул бўлиш, борлиқ ҳақида мулоҳаза қилиб, атрофдагиларга чин ёрдам бериш пайида бўлиш кераклигини уқтиришмоқда.
«Ойнаи жаҳон экранларига қарагандан кўра, фақат ифтор ёки суҳур саҳарлик пайтида эмас, балки бошқа вақт ҳам яқинларимиз, яхши кўрган инсонларимиз юзларига боқайлик. Виртуал дунёлар кўриш ўрнига Аллоҳнинг буюклиги ҳақидафикр юритайлик. Одамлардан навбатдаги лайкни эмас, дуо олишга ҳаракат қилайлик», дейишди мазкур ҳаракат ташаббускорлари.
Манба: muslimaat.uz



