Таъзия изҳор қиламиз
«Ҳилол» нашриёт-матбааси ҳамда ислом.уз портали жамоаси кўп йиллар Ангрен шаҳридаги Қорабоғ жоме масжидида имом-хатиб вазифасида хизмат қилган қадрдонимиз Яҳёхон домла Бобохоновга волидаи муҳтарамаларининг вафотлари муносабати билан чуқур таъзия изҳор қилади.
Аллоҳ таоло бутун умр – салкам 100 йил дин хизматида, ҳифзи Қуръон хизматида яшаб ўтган бу муҳтарама онахонимизнинг барча чеккан дардларини каффорат айлаб, муборак Рамазон кунларининг шарофати билан Ўзининг бениҳоя раҳматига олсин, мағфиратига чулғасин, барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ қилиб, каломининг хизматида бўлган солиҳа бандаларига ваъда қилган ажру мукофотларини кўпайтириб берсин!
Бу мусибатли дамларда волидаи муҳтарамамизнинг оила аъзоларига, қариндош-уруғларига, фарзандларига, бу қутлуғ хонадоннинг барча яқинларига Аллоҳ таолодан сабру жамил сўраймиз, тақдири илоҳийнинг синовларини чинакам мўминларга муносиб равишда розилик ва сабр билан қарши олганларнинг мақомини ато этишини ўтинамиз.
Волидаи муҳтарамамизнинг жанозаси бугун, 5 июнь куни Ангрен шаҳридаги Қорабоғ жомеъ масжидида пешин намозидан кейин адо этилади.
«Сабрлиларга хушхабар берингки, улар ўзларига мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деганлардир».
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун!



