Ҳаёт ҳаққи
Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг «Мулк» сурасида: «Мулк қўлида бўлган зот муборак бўлди. У ҳар бир нарсага қодирдир. У сизларнинг қай бирингизнинг амалингиз яхшиликни синаш учун ўлимни ва ҳаётни халқ қилган зотдир. У азиз ва ғафурдир»-дейди. Демак, Аллоҳ таоло ҳаётни беҳудага яратган эмас. Аллоҳ ҳаётни улкан ҳикмат юзасидан, ҳар инсоннинг умр давомида қандоқ яхши амал қилишини синаб кўриш учун яратгандир.
Демак, Аллоҳ таоло инсонга ҳаёт ҳаққини бериш билан бирга, унга ҳаётдаги масъулиятини ҳам юклаган. Бу масъулият иложи борича кўпроқ яхшилик қилиш масъулиятидир.
Кўриниб турибдики, ҳаёт инсонга Аллоҳ томонидан берилган улкан неъмат. Ҳаёт ҳаққи борасида ҳар-бир инсон тенг. У ҳақни молу мулкка, мансабга, ирққа ёки бошқа имтиёзларга қараб фарқлаш йўқ. Ҳеч ким бировнинг ҳаётига тажовуз қилиши мумкин эмас.
Дунёни сўраб турган подшоҳ, дунёдаги энг заиф инсонни ўлдирса инсониятга қарши, Аллоҳнинг иродасига қарши жиноят қилган бўлади. Бировнинг ҳаёт ҳаққини поймол қилган бўлади.
Аллоҳ таоло «Моида» сурасида: «Албатта, ким одам ўлдирмаган ва ер юзида фасод қилмаган бир жонни ўлдирса, худди барча одамларни ўлдиргандекдир», дейди.
Ислом назарида, бир инсоннинг ҳаёт ҳаққига тажовуз қилиб, уни ўлдиришга журъат этган одам бутун инсониятни ўлдиргандек бўлади. Чунки, у инсонлик ҳаққини ноҳақдан поймол этди. Фақат Аллоҳнинг Ўзига хос бўлган нарсага, Аллоҳнинг ёлғиз Ўзидан бошқа ато эта олмайдиган улуғ неъматга тажовуз қилди.
Шунингдек, инсон ҳаётини ҳимоя қилиш масаласи ҳам мазкур ҳақнинг улуғлигидан юқори баҳоланади.
Аллоҳ таоло юқоридаги оятнинг давомида: «Ким бир жонни тирик қолдирса, худди барча одамларни тирилтиргандекдир»-дейди.
Бирор одамни ўлимдан сақланиб, ҳаётда қолишига сабаб бўлган одам, бутун инсониятнинг ҳаётини сақлаб қолишга сабаб бўлган кишидек тақдирланади.
Ҳаёт Аллоҳ томонидан берилган ҳақ бўлгани учун уни ҳеч ким бировга миннат ҳам қила олмайди, ман ҳам қила олмайди. Инсоннинг ҳаётини фақат Аллоҳ таологина олишга ҳақли. Ҳаттоки, ўша ҳаёт неъмати берилган шахс ўз ҳаётига ўзи ҳам суиқасд қила олмайди. Исломда бировни ўлдириш қанчалик ёмонолинса ўзини ўзи ўлдириш ҳам шунчалик ёмон олинади.
Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида: «Ўзингиз ўзингизни ўлдирманг. Албатта, Аллоҳ сизга раҳимдилдир. Ким буни душманлик ва зулм йўли ила қилса, албатта, уни дўзахга киргизурмиз. Ва бундоқ қилиш Аллоҳ учун осондир» - дейди. (29-30-оятлар).
Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ўзини темир асбоб билан ўлдирса, жаҳаннам оташи ичида ҳам ўзини абадул обод ўша темир асбобини қўлида тутиб, ўз қорнига уриб туради. Ким ўзини ўзи тоғдан ташлаб ўлдирса, жаҳаннам оташи ичида ҳам ўзини абадул абад тоғдан ташлаб туради»-деганлар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзини ўзи ўлдирганга жаноза намозини ўқимаганлар. Аллоҳ берган улуғ неъмат-ҳаёт неъматига, буюк инсоний ҳуқуқлардан бўлган ҳаёт ҳаққига ношукур бўлган, уни оёқ ости қилган нобокор шахснинг жазоси шундоқ бўлади.
Исломда нафақат ўзини ўлдириш, балки, ўзига ўзи ўлим тилаш ҳам ман қилинган. Ўзига ўлим тилаган Аббос ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳуга Пайғамбар алайҳиссалом: «Эй амаки, ўлим тилама, агар сен яхши бўлсанг, ўлиминг орқага сурилиб яхшилигингга яхшилик зиёда бўлгани сен учун яхшидир. Агар ёмон бўлсанг, ўлиминг орқага сурилиб ёмонлигингдан қайтсанг, сен учун яхшидир. Бас, ўлимни тилама»-деганлар.
Исломда ҳар қандай инсоннинг ҳаёти ўта қадрли бўлганидан ҳам жон кирган ҳомилани олдириб ташлаш қотиллик ҳисобланади. Бу ишни жоҳилият даврида болани тириклайин кўмиб ташлаш жиноятининг кичик кўриниши, деб баҳоланади. Ўз роҳатини кўзлаб жони бор ҳомиласини олдириб ташлаган аёл ўз боласининг қотили бўлади. Бу ишни бажарган одам ҳам шу жиноятга шерик бўлади.
Исломда ҳар қандай инсоннинг ҳаёти ўта қадрли бўлганидан ҳам, ҳаёти ўзини тарк этмаган инсоннинг аъзосини бошқа инсонга кўчириб ўтказишга ҳозирги кунимиз мусулмон уламолари қарши чиқмоқдалар. Ҳаёти ўзида турган одамнинг аъзосини бошқа инсонга кўчириб ўтказиш мумкин эмас, деб фатво бермоқдалар.
Ҳа, ҳаёт ҳаққини инсонга Аллоҳ берган. Уни инсондан фақат Аллоҳгина олиши мумкин. Бу жараён табиий ҳолда кечиши ёки Аллоҳнинг ҳукмига биноан қатл жазосини ижро этиш билан бўлиши мумкин. Аллоҳ эса, фақатгина кўпчиликнинг ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида, кўпчилик ҳаётига таҳдид солганларгагина ўлим жазосини белгилаган.
Аллоҳ «Бақара» сурасида: «Сизларга қасосда ҳаёт бордир»-деган.
Бу одам ўлдирган шахсни қасос учун ўлдиришда сизларга ҳаёт бордир, деганидир.
Зикр қилинган нарсалардан кўриниб турибдики,
Ислом инсон ҳаётини улуғлайди.
Ислом инсондаги ҳаёт ҳаққини эҳтиром қилади ва уни қўриқлайди.
Исломнинг бу борадаги ўн беш аср илгари жорий қилган қонунларига бошқаларнинг етишига ҳали анча бор.



