Илмий баҳс ҳаққи

Илмий баҳс ҳаққи

Исломнинг илм ҳақидаги таълимотларини тушунишда йўл қўйган энг катта хатолардан бири, илм деганда фақат диний илмларни тушунишдир. Энг афсунарлиси, ушбу хато нафақат мусулмон эмаслар, балки баъзи бир мусулмон кишилар томонидан ҳам содир бўлганидир. Уламоларимиз бундоқ кишиларга жавоб бериб, Қуръон ва Ҳадис диний илм кўзланганда очиқ-ойдин ўша мақсадни ифодаловчи иборалар ишлатилган, бошқа вақтда барча илмлар баробарига кўзланганда эса умумий илм ибораси ишлатилган, дейдилар.

Мисол учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
 «Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди», деганлар. 
Дарҳақиқат, Исломда диний илм юқори қадарланади, аммо бу бошқа илмларни ўрганиш мумкин эмас, дегани эмас.
Исломда ҳар бир шахсга борлиқдаги нарсалар, наботот, ҳайвонот, жамодот ва инсоният оламига тегишли илмий назариялардан хоҳлаганини танлаш ва илмий жиҳатдан текшириш ҳаққи берилгандир. Ислом шарияти борлиқдаги мавжуд нарсалар ҳақида инсон ақлига муаяян бир илмий назарияни талқин қилишга уринмаган. Бу борада фақат борлиқдаги мавжудотларга яхшилаб назар солиш, улар ҳақида тааммул ва тафаккур қилиш, ақлни ишга солиб уларни яхшилаб ўрганишга қизиқтириш бор.
Аллоҳ таоло «Аъроф» сурасида:
 «Осмонлару ер мулкига ва Аллоҳ яратган нарсаларга назар солмайдиларми?!»-дейди. (185 оят)
«Ғошия» сурасида эса:
 «Туянинг қандай яратилганига, осмоннинг қандай кўтариб қўйилганига, тоғларнинг қандай ўрнатиб қўйилганига ва ерни қандай текислаб қўйилганига назар солмайдиларми?»-дейди. 
Бундоқ қизиқтириш жуда кўп. Айни ўша қизиқтириш мусулмонларни турли илмларда оламшумул кашфиётлар қилишга ундаган ва уларга бу борада кенг йўл очиб берган. Агар Ислом дини бу йўлни очиб бермаганда мусулмонлар Исломни маҳкам тутган даврларидаги оламшумул илмий кашфиётларни қила олишмаган, оламга турли илмларда кўзга кўринган алломаларни тақдим қила олмаган бўлур эдилар.
Ислом дини мусулмонларга ўз жамиятларига зарур бўлган ҳар бир илму ҳунарда керакли сон ва сифатдаги мутахассисларни ўқитиб тайёрлаб олишни фарз қилгандир. Ўша фарзни адо этиб, ўзига керакли мутаҳассисисни ҳар бир соҳада ўқитиб, тайёрлаб олган жамиятгина Аллоҳнинг олдида юзи ёруғ бўлади. Бўлмаса, жамиятнинг ҳамма аъзолари гуноҳкор бўладилар.
Ҳар бир жамият томонидан тайёрланган мутахассислар эса, ўз соҳаси бўйича жамият эҳтиёжларини қондиришга масъулдирлар. Агар қайси бир илм бўйича жамият эҳтиёжини кераклигича қондирилмас экан, ўша соҳанинг мутаҳассислари гуноҳкор бўладилар.
Шунинг учун ҳам мусулмонлар Қуръони каримга, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига, Ислом таълимотларига оғишмай амал қилган пайтларида уларнинг ичидан табиий илмларда, тиб, физиқо, алжабр, фалакиёт, кимё, байтара, сайдала, жуғрофия ва бошқа барча соҳаларида буюк алломалар етишиб чиққанлар ва инсоният тарихида мисли кўрилмаган илмий кашфиётлар қилганлар.
Ҳужжатул Ислом, Имом Ғазолийга ўхшаш буюк дин олимларимиз эса инсониятни беҳуда метафизик тортишувлардан кўра ақлни тажрибий илмларга ишлатиш лозимлигига чақирганлар. У киши метофизик-табиатдан ташқари нарсалар ҳақида фалсафий беҳуда тортишув одамларга ҳеч ҳандай фойда келтирмаслигини исботлаганлар. Мисол учун, олам қадимийми ёки қадимий эмасми? Бу саволга файласуфлар қадимдан икки хил жавоб берганлар. Икки томон далил ҳужжати ҳам тенг кучга эга. Бир томон иккинчисидан устун кела олмайди. Лекин, тортишув давом этаверади. Бундан инсониятга нима фойда?! 
Имом Ғаззолий, шунга ўхшаш беҳуда тортишув ўрнига, нима учун пахтани оловга тутса куяди? Пахтада куйиш қобилияти борлиги учунми ёки оловнинг куйдириш қобилияти борлиги учунми?! Агар оловдаги куйдириш қобилияти сабаб десак, нима учун олов ҳамма нарсани ҳам куйдиравермайди?-деган, саволни ўртага ташлаганлар. Охир оқибат тажрибий илмларга асос солганлар.
Мусулмонлар ўзларига берилган илмий баҳс ҳаққи ва имкониятларидан тўлиқ фойдалангалар. Барча илмлардан пешқадамликни қўлга олганлар. 
Диний уламоларимиз турли илмларга қизиқтирувчи фатволар бериш билан кифояланиб қолмай, кўплари шахсий равишда мазкур илмлар билан машғул ҳам бўлганлар. Яқин-яқинларгача фуқаҳоларнинг деярли ҳаммалари тиб илмидан ҳам хабардор бўлганлар. Дори тайёрлаш учун ҳожати бўлгани учун набототлар ва кимё илмини ҳам ўрганганлар. 
Ҳукмдор мусулмонлар эса, илм йўлида хизмат қилишни ўзларига фахр, деб билганлар. Ўша пайтларда турли илмий марказлар айнан амир ва халифалар қошида жойлашганлиги бунинг далилидир. Боғдод ва Хоразмдаги фанлар академиялари, Самарқанд ҳокими Улуғбекнинг расадхона маркази ана ўшандоқ марказларнинг баъзилари ҳисобланади.
Мусулмонлар бошқа халқларнинг илмий баҳсга бўлган ҳақларини ҳам ҳимоя қилганлар ва юқори тақдирлаганлар. Ҳозирги Испания ерларида жойлашган Андалус Ислом давлати Оврупо учун илм фан маёғи бўлган. Андалуснинг илмий таълим муассасаларида овруполик ғайридин кишилар келиб ўқиганлар, илмий марказларида илмий баҳслар ўтказганлар. 
Ислом оламида тафтиш маҳкамалари бўлмаган, табиий илмларни ўрганган кишиларни қувғин қилинмаган, китобларни, олимларни гулханда куйдирилмаган.
Ушбу ҳақиқатни ҳар бир мусулмон халқнинг тарихига оддий бир назар солиш билан тушиниб олиш жуда ҳам осон. Мисол учун Мовароуннаҳрни олиб кўрайлик. Бу ҳудудларда Исломдан олдин деярли илмий аҳамиятга эга бўлган каттароқ иш ёки шахсиятни билмаймиз. Боболаримиз Ислом дини таълимотларига ихлос билан амал қилишга ўтган пайтларида ҳаётнинг барча соҳаларидаги каби, илмий баҳслар бобида ҳам буюк ютуқларга эришганларини бутун дунё яхши билади. Илмнинг турли соҳаларида оламшумул ишлар қилинган, буюк алломалар етишиб чиққанлар.
Афсуски, Ислом таълимотларидан узоқлашиш оқибатида кўп соҳалар қатори, илм соҳасида ҳам тушкунликка олиб келди. Биз яна, улуғ алломаларимиз шуҳратини тиклашимиз учун улар амал қилган нарсага-Исломга-амал қилишимиз зарур.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

back to top