Мансаб, молу-дунё ва тенг ҳуқуқлик
Инсон қадрини инсоний ўлчов билан ўлчовчилар доимо мансабдорни юқори, мансабсизни паст, молу-дунё эгасини олий, камбағални қуйи қўядилар. Улар мансабига ва молу дунёсига қарамасдан кишилар тенг-ҳуқуқли эканликларини унитиб қўядилар. Бошқа ижтимоий беморликлар қатори ушбу нарса ҳам қадимги жоҳилият жамиятида авж олган эди. Инсон қадрини ўлчашдаги бу нотўғри ўлчов кишилар онгига қаттиқ ўрнашиб кетгани учун ҳам Ислом бу масалани муолажа қилишга алоҳида эътибор берди. Кўплаб ояти карималар нозил бўлди. Ҳатто айни шу масалада Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз шахслари устида ибратли тажриба бўлиб ўтди. Бу тажриба асрлар давомида, қиёматгача ибодат учун ўқиладиган оятлар сифатида, Қуръони каримга киритилди. Келинг, бу маънони яхшилаб ҳис этиш учун ўша вақт, ўша ҳолатга мурожаат қилиб мазкур тажрибани ўз иштирокчилари ила қайтадан яшаб кўрайлик.
Аллоҳнинг сўнгги ва энг маҳбуб пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам, Аллоҳнинг сўнгги ва энг мукаммал дини Ислом кишилар ичида тезроқ тарқаб, уларга бахт-саодат келтириши йўлида куйиб-ёнар эдилар. Қандоқ қилиб бўлса ҳам кўпроқ киишилар, иложи бўлса ҳар бир инсон тезроқ Исломга кириши учун чин дилдан ҳаракат қилар эдилар. Бунинг учун эса, Аллоҳ таоло юбориб турган ваҳийдан ташқари ўзларининг бутун имкониятларини ишга солиб ижтиҳод қилар эдилар. Инсоний ҳис-туйғу ва ижтиҳод эса Маккаликларнинг хусусан, арабларнинг бош ва аслзода қабиласи Қурайшнинг мансабдорлари, задогонлари, бой-бадавлатлари Исломга кирса, қолганлари ҳам уларга эршагиб дарҳол Исломга кириши ва иш жуда ҳам осон кўчишидан дарак берар эди. Шунинг учун ҳам Пайғамбар алайҳиссалом масабдорлар, задогонлар, бой-бадавлат кишиларнинг Исломга киришларига алоҳида эътибор бера бош-ладилар.
Бир куни У зот Валид ибн Муғийра бошлиқ мансабдор, задогон, бой-бадавлат кишилар билан суҳбат қурдилар. Уларга Исломнинг чин ихлос билан тушунтиришга киришдилар. Уларнинг барчаси ҳеч бўлмаса, ҳеч бўлмаганда бирортаси бўлса ҳам Исломга кириб қолса, катта зафар бўлиши турган гап эди. Пайғамбар алайҳиссалом бу ишга бутун вужудлари билан берилиб кетдилар. Мазкур мутакаббир, димоғдор каттаконларнинг У зот билан дин ҳақида гаплашиб ўтиришларининг ўзи ҳам катта гап эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар лаҳзадан унумли фойдаланишга ҳаракат қилар, эдилар.
Шу пайт, бирдан, эй Аллоҳнинг Расули! Менга, Аллоҳ ўзингизга ўргатган нарсадан ўргатинг! деган қичқириқ эши-тилди. Бу-камбағал, бечора, икки кўзи ожиз, ихлосли мусулмон Абдуллоҳ ибн Умму Мактум розияллоҳу анҳунинг овози эди. У киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нима иш билан машғул эканликларини кўра олмагани туфайли, У зотни мансабдор, задогон ва бой-бадавлат кишиларни Исломга даъват қилиш билан банд эканликларини билмай, ўзига ўхшаш кишиларнинг одатича бақириб-чақириб келмоқда эди.
Албатта, бу ҳол Пайғамбар алайҳиссаломга ёқмади. У кишининг юзларида Абдуллоҳ ибн Умму Мактумнинг ишидан норозилик аломатлари пайдо бўлди. У зот бу ишдан аччиқлари чиқиб, қовоқ солиб, юз ўгирдилар. Чунки, бу аъмо киши ўзи билмаган ҳолда, ўта муҳим бир ишга халақит бераётган, Исломга келиши мумкин бўлган катта бир фойдани чиппакка чиқараётган эди. Инсоний ўлчов бўйича бундоқ ҳолатда ҳар ҳар қандай одамнинг ҳам аччиғи чиқиши турган гап. Аммо, илоҳий ўлчов тамоман бошқа нарса. Чунки, илоҳий ўлчов, инсоний ўлчов каби сатҳий бўлмайди, оний манфаатларни кўзламайди, кишиларнинг мансабига, молу-мулкига қараб муомала қилмайди. Балки, чуқур ҳикматлар, доимий манфаатларни кўзлаган ҳолда, кишиларнинг ихлосига, инсонлигига қараб муомала қилади. Ана ўша илоҳий ўлчов бу ҳодисада ҳам дарҳол ўзини кўрсатди.
Аллоҳ таоло бўлиб ўтган ҳодисада Абдуллоҳ ибн Умму Мактумнининг ёнини олиб, Ўзининг маҳбуб пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни итоб қилиб «Абаса» сурасининг аввалидаги ояти карималарни нозил қилди:
«У (Пайғамбар) қовоқ солиб ва юз ўгирди. Аъмо киши олдига келгани учун. Қаердан биласан, эҳтимол у покланар. Ёки насийҳат олар, мавъиза унга манфаат берар?! Аммо, ис-тиғно қилган кимсага келсак... Сен у томонга интиласан! У покланмаса, сенга ҳеч зиён етмас. Аммо ҳузурингга шошиб ва (Аллоҳдан) қўрқан ҳолда келган (киши)дан эса, бас, сен ундан чалғимоқдасан!» (1-10 оят)
Бу ояти карималар Аллоҳ таоло томонидан Пайғамбар алайҳиссаломни очиқ-ойдин койиш-итоб қилиш оятлари эканлиги кўриниб турибди. Уламоларимиз ушбу оятларни Қуръон ҳақиқатан ҳар бир ҳарфигача Аллоҳнинг ҳузуридан эканлигига, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг унинг бирор ҳарфини ўзгартишга ҳам ҳақлар йўқлигига ёрқин далил, деб айтадилар. Чунки, ҳеч бир инсон, жумладан, Муҳаммад алайҳиссалом ҳам ўзи учун итоб бўлган жумлаларни қиёматгача ўқилиб, амал қилиниб турувчи доимий дастурга битилиб қолишини хоҳламас эди.
Шундоқ қилиб, Абдуллоҳ ибн Умму Мактум исмли оддий, кўзи ожиз киши туфайли Аллоҳ таолонинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга қилган итоби Қуръони карим оятларига айланиб қолди. Исломда мансаб ва молу-дунёга қа-рамасдан инсонлар тенг ҳуқуқли эканликлари далили мусулмонларнинг муқаддас китобларига битилиб қолди. Мана ўн беш асрки, бу маънолар Қуръон сифатида тиловат қилинмоқда, намозларда ўқилмоқда ва унга амал қилинмоқда. Иншааллоҳ қиёматгача шундоқ бўлиб қолгай.
Ушбу ҳодисадан кейин қачон Абдуллоҳ Умму Мактум Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келса, Роббим мени унинг ҳақида итоб қилган кишига марҳабо! деб кутиб олар ва ридоларини тўшаб ёнларига ўтказар эдилар. Кейинчалик у кишини ўзларининг азончиларидан бири қилиб олдилар ва ўзлари Мадинадан ташқарига чиқадиган бўлсалар ўринларига Абдуллоҳ ибн Умму Мактумни қўйиб кетадиган бўлдилар.
Инсоний ўлчов бўйича мансаб, шахснинг ўзи яшаб турган жамиятдаги ўрни, молу-дунёнинг таъсири катта. Кишилар ўзаро муомалаларида бу омилларга катта эътибор берадилар. Шунинг учун ҳам тенг ҳуқуқликнинг ушбу ҳассос жойда татбиқ қилиш осон бўлмайди. Мансабдорлар, задогон ва бой-бадавлат кишилар жамиятда ўзига яраша салмоққа эга бўладилар, обрўлари бўлади, гаплари ўтади ва мазкур имтиёзлардан усталик билан фойдаланадилар. Шунинг учун ҳам мансабга, молу-дунёга, улар туфайли эришилган имтиёзларга қарамасдан барчага баробар бўлишга Аллоҳ таоло алоҳида эътибор берган ва бу маънони айнан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсларида татбиқ қилган.
Юқоридаги зикр қилинган Абдуллоҳ ибн Умму Мактум ҳодисаси бунинг ёрқин далилидир. Лекин бу ёлғиз мисол эмас. Бунга ўхшаш ҳолатлар кўп бўлган. Келинг яна бир мисол келтирайлик:
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам кўпчилик қатори ўша вақтдаги мансабдорлар, задогонлар ва бой-бадавлат кишиларни ҳам Ислом динига даъват қилганларида, улар масалани кўндаланг қўйдилар:
«Эй Муҳаммад! Сен Билол Ҳабаший, Суҳайб Румий, Салмон Форсий, Аммор ибн Ясир каби қуллар билан ўтирасан. Биз бу ҳолда қандоқ қилиб сен билан ўтиришимиз мумкин?! Сен аввал уларни ўз ҳузурингдан қувиб юбор. Кейин биз сенинг ҳузурингда ўтириб, даъватингни эшитайлик», дейишди.
Дарҳақиқат, масала кескин равишда кўндаланг қилинган эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалам икки йўлдан бирини танлашлари керак эди. Бугунги кунимиз истилоҳи билан айтилганда, ёки сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий манфаатлар йўлини, ёки инсоний қадриятлар йўлини танлашлари керак эди. У зот бугунги кунимизнинг инсоний қадриятлар, ҳуқуқлар ва тенг ҳуқуқлик ҳомийлари каби, аслида инсоний қадриятлар, ҳуқуқлар ҳамда тенглик олий мақсадимиз, лекин сиёсий, иж-тимоий ва иқтисодий манфаатларимизни ҳам ҳисобга олмай иложимиз йўқ, дейишлари мумкин эди. Лекин у ҳолда Исломнинг илоҳийлик сифатига футур етар эди. Бутун тузумлардан устунлиги хиралашган бўлур эди. Инсонларнинг ожизона қурган тузумлари даражасига тушган бўлар эди.
Шунинг учун ҳам бундоқ қалтис пайтда ишга Аллоҳ таолонинг Ўзи аралашди ва «Анъом» сурасидаги қуйидаги оятни нозил қилди:
«Эртаю кеч Роббилари юзини истаб дуо қиладиганларни (ҳузурингдан) ҳайдама! Сенинг зиммангда уларнинг ҳисоб-китобидан ҳеч нарса йўқ. Уларнинг зиммасида сенинг ҳисоб-китобингдан ҳеч нарса йўқ. Бас, уларни ҳайдаб, золимлардан бўлиб қолмагин тағин». (52-оят).
Ҳа, Исломда мансаб туфайли инсоний қадрятдан воз кечилмайди.
Ҳа, Исломда моддий манфаат, деб инсоний қадрятни иккинчи ўринга қўйилмайди.
Ҳа, Исломда инсон қадр-қиймати, унинг ҳуқуқлари ҳар қандай манфаатдан устун қўйилади.
Исломнинг бошқа таълимотлари бу масала ҳам қуруқ гап, сохта шиор, хўжа кўрсин учун қабул қилинган қарор бўлиб қолмаган, балки ҳаётга сингиб, мусулмонларнинг одатига айланиб кетган. Биргина мисол келтирамиз:
Имом Ибн ал-Жавзий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қуйидагиларни ривоят қилади:
«Умар ибн Хаттоб ҳажга келди. Софвон ибн Умаяя таом пишириб уни меҳмон қилди. Лаганни тўрт киши кўтариб келди. Ейишлари учун уни одамлар ўртасига қўйилди. Хизматчилар туриб кетдилар. Шунда Умар:
«Нима учун мен хизматчиларингизни сиз билан таом емаётганларини кўраяпман? Ёки уларни ёқтирмайсизларми?-деди.
«Эй амирал мўминин, Аллоҳга қасамки, ундоқ эмас. Лекин, ўзимиз улардан алоҳида бўламиз холос»-деди Суфён ибн Аб-дуллоҳ.
Шунда ҳазрати Умар қаттиқ ғазабга келди. Сўнгра: «Бу қандоқ қавмки, хизматчиларидан ўзларини устун қўядилар! Аллоҳ уларни ундоқ қилсин, бундоқ қилсин, деб туриб хизматчиларга қараб: «Ётиринглар, енглар», деди. Хизматчилар ўтириб таом ейишни бошладилар. Амирул мўминин ўзи емади».
Ҳақиқий тенг ҳуқуқлик мана бундоқ бўлади. Қуруқ гап, сафсата, чиройли сўзлар, турли қарорлар эмас, ҳақиқий иш бўлади. Кишининг танлаб эмас, ҳаммага баробар бўлади. Тенг ҳуқуқлик даъвосини қилиб туриб, қаршисидан бу дунёнинг матоҳи чиқиб қолса тенг ҳуқуқлик юзига туфурилиб, бу дунёнинг матоҳига сажда қилиб кетилмайди.



