Оила қуриш ва унга тегишли ҳуқуқлар

Оила қуриш ва унга тегишли ҳуқуқлар

Оила инсон ҳаётидаги энг муҳим ошён ҳисобланади. Оиласиз инсоний алоқаларни, умуман инсон жамиятини тасаввур қилиш ҳам қийин. Лекин соф инсоний табиатдан ажраб қолган баъзи шахс, тузум, фалсафа ва жамиятлар оилани инсон ҳурриятини чекловчи нарса, оила ўз аъзоларига ортиқча юклар юклайди, деб оиласиз ҳаётга тарғиб этадилар. Улар маълум миқдорда муваффақиятга эришиб, дунёнинг маълум қисмида ўзларига эргашувчиларни топдилар. Дунёнинг кўпгина давлатларида оила ўз муқаддаслигини ва обрўсини йўқотди. Кишилар ўзини оила қуришдан, оилавий ҳаётдан олиб қочишлари оқибатида турли аянчли муаммолар келиб, чиқди. Ҳозирда ўша муаммолар бўҳрони кўпчиликни ташвишга солмоҳда. Ҳар томонлама кишиларни оилага қайтариш, жамиятда оиланинг тутган ўрнини ортдириш учун ҳаракат қилинмоқда.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ҳужжатларида оила масаласи, эру-хотин, оналик ва болалик ҳуқуқлари алоҳида бўртдирилиб кўрсатилиши ҳам шундан.
Ўзларининг тарихидаги энг тушкунлик ва оғир кунларни бошидан кечираётган бўлишларига қарамай фақат мусулмонларгина ўзларини оила ва унга тегишли таназзулда яхши ҳис этмоқдалар. Улар ўз динлари таълимотларидан ҳар қанча узоқлашган бўлсалар ҳам, қолган-қутган таъсир фойдаси билан бу масалада пешқадам бўлиб турибдилар. Бу эса Исломнинг фазлидандир.
Ислом дини инсоний алоқалар ичида оилавий алоқани энг муқаддас ва энг муҳим алоқа ҳисоблайди. Исломда оила Аллоҳнинг номи ила, Пайғамбарнинг суннати ва мусулмонларнинг гувоҳлиги ила қурилади.

Ислом дини оила қуруш, унинг ташвишлари билан овора бўлишни ибодат даражасига кўтарган. Оила қурган киши Аллоҳнинг амрига, Пайғамбарнинг суннатига амал қилувчи инсон сифатида ажр-савобга ноил бўлади. Имкони бўлиб туриб оила қурмаган одам эса гуноҳкор бўлади. Оилавий ҳаётга тарғиб қилувчи оят ва ҳадислар ҳамда уларнинг ҳаётга татбиқ қилиш мусулмонлар орасида қадимдан жуда яхши йўлга қўйиб келинган. Ёшу-қари мусулмонлар оиласиз ҳаётни тасаввур эта олмайдилар. Шунинг учун ҳам ҳозирда дунёнинг турли юртлари ўтказилаётган илмий тажриба ва ўрганишлар мусулмон оилалар энг мустаҳкам ва энг бахтли оилалар эканлигини кўрсатмоқда.
Ислом оила қуришга қаттиқ тарғиб қилиш билан бирга оиланинг бузулмаслиги учун ҳам барча керакли тадбирларни ишга солган. Биргина мисол келтирайлик.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадисларида: «Аллоҳ таоло учун энг ёмон кўрилган ҳалол талоқдир»-деганлар.
Бошқа бир нақлда, талоқ туфайли Раҳмоннинг арши ларзага келади, дейилган.
Исломнинг бошқа таълимотлари қатори оилавий ҳаёт ҳақидаги таълимотлари ҳам уларга амал қилган кишилар учун бахт-саодат манбаъсидир.
Исломда оила қурушни ақди никоҳ, деб аталади. Бу қўшилиш шартномаси, деган маънони англатади. Албатта, ҳар қандай шартнома каби ақди никоҳ шартномаси ҳам икки томоннинг чин дилдан чиққан розилиги билан тузилади. Оила қурилиши учун бўлгуси эр-хотиннинг розиликлари асосий шартдир. Исломда ушбу розиликка шунчалик катта эътибор берилганки, ҳатто мазкур розиликка эр-хотин бир-бирига айтиб қўйишининг ўзи кифоя қилмай кўпчилик гувоҳлар олдида эшитдириб айтишлари шартдир. Ўз розиликларини гувоҳларга эшитдирмай оила қуриш мумкин эмас. Бундоқ никоҳ фосид бўлади.
Бошқа халқлар каби турли мусулмон халқларда ҳам улар Исломга киришларидан олдин аёл-қизларни мажбурлаб эрга бериш одатлари бўлган. Ислом эса бу одатлари ботил қилиб оила қуруш учун эркак кишининг розилиги билан бир қаторда аёлнинг розилиги ҳам шарт эканини баён қилди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси шарифларидан бирида:
«Қиз бола изн сўралмагунча, жувон ундан маслаҳат олинмагунча никоҳланмайди»-дейдилар.
Исломдан олдинги даврда кишиларга одат бўлиб қолган аёл-қизларни мажбурлаб эрга беришни ўзгартиш осонлик билан кўчмади. Бунинг учун баъзи муслималар курашишларига ҳам тўғри келди. Биргина мисол келтирамиз:
Имом Аҳмад ва Имом Ибн Можалар қуйидаги ҳадисни ривоят қилганлар:
«Бир қиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, отам мени ўз укасининг ўғлига мен билан пастлигини кўтариш учун эрга берди. Мен эса рози эмасман, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ишни у қизнинг ихтиёрига қўйдилар. Шунда қиз: «Мен отам қилган нарсага ижозат бердим. Лекин, аёллар бу ишда оталарнинг ҳеч нарсага эга эмасликларини билиб қўйсинлар, дедим»-деди.
Шу билан бирга оила қураётган ёшларга ўз ота-оналари, яқин қариндошлари каби бу ишда тажрибалари бор шахсларнинг маслаҳатлари ва розиликларини олиб иш қилиш тавсия қилинади. Ҳурмат ва эъзоз юзасидан уларга маслаҳат қилмай, уларнинг розилигини олмай оила қуришдек нозик ва оғир ишни қилмаслик одатга айланган.
Оила эркак ва аёл жинсидаги икки шахснинг бирга қўшилишидан таркиб топади. Оила-кичик бир жамиятдир. Балки барча жамиятларни барпо қилувчи асосий омилдир. Ушбу киши жамиятнинг ҳам ўзига яраша тартиб интизоми, унинг аъзоларининг ҳақ-ҳуқуқ ва мажбуриятлари бордир. Ислом дини бу нарсаларни бошқаларга ўхшаб, оилада эр-хотин тенг ҳуқуқлидир, деб мубҳам ҳолда қолдирмасдан энг нозик, майда-чуйдаларигача муфассал баён қилиб берган.
Албатта, бу нарсалар Исломнинг шомил ҳаёт ҳақидаги умумий таълимотларига боғлиқ ва Исломий ҳаёт воқеълигидан келиб чиққандир. Исломдан узоқ кишилар учун бу тартиблар ғалати туюлиши табиий. Худди ноИсломий оила ҳаёти ва ундаги тартиб интизомлар мусулмон учун ғалати туюлганидек. Мисол учун эрнинг ўз хотинига, биз иккимиз тенг ҳуқуқлимиз, мен ўз сарф-ҳаражатимни топаман, сен ҳам ўз сарф-ҳаражатингни топ, дейишини мусулмонлар ақлларига сиғдира олмайдилар.
Ислом қоидаси бўйича эр, хотин у билан турмуш қуришга рози бўлгани учун маҳр беради, тўй қилади, турар жой, уй анжомлари тайёрлайди ва оиланинг ҳамма сарф ҳаражатини кўтаради. Аёл кишидан бир тийин ҳам сарф қилиш талаб қилинмайди. Бу ҳолат мусулмонлар учун оддий ҳолат ҳисобланади. Эрнинг ҳуқуқлари паймол қилинган, деб ҳисобланмайди.
Шунинг учун ҳам эр-хотиннинг тенг ҳуқуқлиги дейилганда, маълум маънодаги умумий ҳуқуқлар, аёл киши ва тенг ҳуқуқлик мақоласида баён қилинганга ўхшаш масалалар тушунилади. Қолган масалаларда эса эрга-эркаклигини ҳисобга олинган ҳолда ҳуқуқ ва мажбуриятлар, аёлга аёллигини ҳисобга олган ҳолда ҳуқуқ ва мажбуриятлар белгиланади.
Ана ўша қоида асосида яшаган эр-хотин ўз ҳуқуқидан тўлиқ фойдаланган бўлади. Исломий нуқтаи назарда аёл киши хотинлик вазифасини бажариш, ҳомиладор бўлиши, фарзанд кўриши, уни эмизиб, боқиб тарбия қилиши устига яна ўз сарф-харажатини ўзи топиши аёллик ҳуқуқининг аёвсиз топталиши ҳисобланади.
Бошқа масалаларни ҳам шунга таққослайвериш мумкин. Оила бузулиб эр хотин ажрашда ҳам керакли қоидалар бор. Ислом баъзиларига ўхшаб ажрашишни умуман ман қилиб ҳам қўймаган. Беҳудадан беҳудага оилани бузишга ҳам рози бўлмаган. Эр ўз масъулиятини ҳис қилган ҳолда тўғриликча, хотин эса қози орқали ажрашни йўлга қўйиши мумкин. Бу эса фақат ноилож қолган пайтдагина бўлиши кўзда тутилган. Аслида эса оилани мустаҳкам ҳода ушлаб туриш учун барча чоралар кўрилган. Бу борада якка шахслар ҳам, кичик ва катта жамоатчилик ҳам, давлат ҳам оилани мустаҳкамлиги учун барча имкониятларни ишга соладилар.
Ислом бу таълимотларни ҳаётга тўлиқ татбиқ қилиб, оила бахти билан кишиларнинг тўла таъминлаб бўлгандан ўн беш аср ўтганидан сўнг халқаро ҳамжамият ўзининг оила ва эр-хотин ҳуқуқларига тегишли фикрини қуйидаги иборалар ила ифода этди.

-Оила қуриш ёшига етган ҳар бир эркак ва аёл жинс ва дин қайдисиз уйланиш ва оила қуруш ҳаққига эгалар. Икковлари ҳам уйланиш вақтида, унинг асносида ва бузулишида тенг ҳуқуқга эгадирлар.
-Икки тарафнинг мажбурлашсиз комил розилиги билангина ақди никоҳ қилиниши мумкин.
-Оила жамиятнинг асосий табиий унсуридир. У жамият ва давлатнинг ҳимоясига ҳақлидир.

back to top