15 октябрь дам олиш куни деб эълон қилинди

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов 8 октябрь куни «Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида»ги Қарорни имзолади. «Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг жорий йилда Қурбон ҳайитининг биринчи куни 15 октябрь сешанба кунига тўғри келиши ҳақидаги мурожаатини инобатга олиб, 2013 йил 15 октябрь дам олиш куни деб белгилансин ва мамлакатимизда байрам сифатида кенг нишонлансин», – дейилади Қарор матнида. Ҳужжатда муборак Қурбон ҳайитининг Ўзбекистон халқи маънавий ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти, шунингдек, миллий-диний қадриятларни сақлаш ва улуғлашдаги роли қайд этиб ўтилган. Республика «Нуроний», «Маҳалла» жамғармалари ва бошқа барча мутасадди идора, жамоат ташкилотларига Қурбон ҳайитини жойларда тартибли ва юқори даражада, Ўзбекистон халқи миллий қадриятларига мос равишда ўтиши учун тегишли тадбирларни амалга ошириш тўғрисидаги кўрсатма берилган.