Обама: Америка дунёда лидерликни бой бермаслиги керак

АҚШ президенти Барак Обама бугун Ню-Йоркнинг Вест-Пойнт ҳарбий академияси битирувчилари олдида нутқ сўзлаб, Американинг ташқи сиёсатдаги мақсадларига доир қарашларини билдирди.
Обама президентлиги даврида эришилган ютуқларга назар ташлар экан, сўнгги тўрт ярим йилда Ироқдан қўшинлар олиб чиқилганини, Афғонистонда ҳарбий миссия якунланаётганини, Покистон ва Афғонистон чегара ҳудудларида жойлашган ал-Қоидага жиддий зарар етказилганини, Осама бин Ладеннинг йўқ қилинганини таъкидлади.
“Америка аксарият кўрсаткичлар бўйича дунёнинг бошқа давлатларига қараганда қудратлироқдир. Американинг юлдузи сўнмоқда, дунёдаги етакчи мавқеи заифлашмоқда деяётганларнинг тарихдан хабари йўқ ёки бир ёқлама сиёсат юритмоқда. Ҳарбий қудратимизга ҳеч ким тенг кела олмайди. Ҳеч бир давлат бизга ҳужум қилишга журъат эта олмайди”, - деди Обама.