Хитойдаги энг йирик масжид имоми ўлдириб кетилди
Хитойдан келаётган хабарларга кўра, Қашғардаги жомеъ масжид имоми пичоқлаб ўлдирилган. Вашингтонда жойлашган "Озод Осиё" радиосининг маҳаллий расмийлар ва шоҳидларга таяниб хабар қилишича, Жума Тоҳир чоршанба куни тонгда Қашғардаги "Ийдгоҳ" масжиди ташқарисида қонга беланган ҳолда топилган.
Жума Тоҳир мусулмон уйғур гуруҳлари томонидан хан хитойларига содир этилган зўравонликларни танқид қилиб келгани айтилади. Қашғар шаҳридаги маҳалла қўмитаси раиси Абдуғани Дўлқин 70 ёшларда бўлган таниқли имомнинг суиқасд қурбони бўлганини айтган. Маълумотларга кўра, бир ярим гектар ердан кўпроқ майдонни эгаллаган "Ийдгоҳ" масжиди 1442 йилда қурилган қадимий масжидлардан бири саналади. Ҳодиса Ёркентдаги қонли тўқнашувлардан бир неча кун ўтиб, юз бермоқда. Душанба куни юз берган зўравонликларда, Хитой давлат матбуотига кўра, ўнлаб одамлар ҳалок бўлган. Уларнинг кўпчилиги полиция томонидан отиб ўлдирилгани хабар қилинади. Синхуа агентлигига кўра, пичоқ билан қуролланган тўда Ёркентдаги полиция идораси ва ҳукумат биноларига ҳужум қилган. Би-би-си мухбирига кўра, ўлдирилганлар орасида хитой полицияси ходимлари ва Ёркентга ерлаштирилган хан хитойлари ҳам бор. Жаҳон Уйғурлар Конгресси қурбонлар сони 100га яқин бўлиши мумкинлигини айтган. "Озод Осиё" радиоси уйғур таҳририятининг хабарига кўра, уйғурлар мусулмонларнинг муқаддас Рамазон ойида жорий этилган чекловлардан норози бўлганлар.
"Хитойпараст имом"
Радионинг Қашғар аҳолисидан иқтибос келтиришича, ўлдирилган имом 2009 йилдаги зўравонликлар чоғида Хитой ҳукуматини ҳимоя қилгани учун кўпчилик уйғурлар уни ёмон кўришган. Ўз номини ошкор этмаган қашғарлик ўқитувчи "У масжидни коммунистик партиянинг тарғибот мактабига айлантириб олган эди", - деб айтган. Лондондаги уйғур фаоли Азиз Исонинг айтишича, бу "Ийдгоҳ" масжиди имомига биринчи суиқасд эмас. Унинг сўзларига кўра, масжиднинг бундан аввалги икки имомига ҳам суиқасд уюштирилган, улардан бири ҳалок бўлган. "Хитой ҳукумати бу масжид имомларидан ўз тарғиботларида фойдаланган", -дейди уйғур фаоли. Ёркентдаги ҳодисалар ортидан Хитой минтақада хавфсизлик чораларини кучайтирган.
Ёркентдаги манбаълар Би-би-сига кўчаларда катта сондаги полиция ва армия кучлари жойлаштирилганини айтишган. 2009 йилда Шинжон пойтахти Урумчида уйғурлар ва Хан хитойлари ўртасида юз берган оммавий тўқнашувларда 200га яқин киши ҳалок бўлган, уларнинг аксарияти Хан хитойлари экани айтилган. Уйғур фаоллари Хитой бошқарувига қарши норозилик, хусусан, диний ва маданий эркинликларнинг чекланаётгани ҳақида гапиришади.
Хитой эса минтақа аҳолисининг турмушини яхшилаш учун йирик сармоялар киритаётганини айтиб келади.



