АҚШ «Ислом давлати»нинг Европа ва АҚШга қарши ҳужум тайёрлаётганини маълум қилди
АҚШ махсус хизмати ходимлари томонидан Ислом давлатига бағишланган брифингда ушбу ташкилотнинг эндиликда Европа ва АҚШга қарши ҳужум уюштиришни режалаштираётгани ҳақида маълум қилинди. Бу ҳақда Америка ОАВларининг жума кунги ахборотига таяниб, ИТАР-ТАСС хабар бермоқда.
АҚШ разведкаси вакилларининг маълумотига кўра, «Ислом давлати» аъзолари сони ошиб бормоқда. Аввалроқ АҚШ масъул органлари ҳисоби бўйича ташкилотга 10 минг атрофида жангари аъзо эди.
Жангарилар Европа, Осиё ва Африканинг минглаб фуқароларини Ироқ ва Сурия ҳукумат кучларига қарши жангда иштирок этишлари учун ўз томонига оғдириб олган бўлиб, ташкилот, энг аввало, улар ёрдами билан Европада ўзининг «ҳужайралар»ини тузишга ҳаракат қилмоқда.
«Ташкилот имкониятларини ошириш билан бир вақтда хорижлик кўнгиллиларни ҳам ўзига жалб қилмоқда. Уларнинг бир қисми ватанига "ҳужайралар" тузиш учун қайтмоқда», — деб қайд этди АҚШ разведкаси вакилларидан бири. Унинг фикрича, «Ислом давлати» Ироқнинг алоҳида ҳудудларини босиб олиш орқали фаолият доирасини кенгайтириб, ташқарига, яъни бошқа давлат ва минтақаларга ҳужум уюштиришни истамоқда. АҚШ махсус хизматининг яна бир ходими «Ислом давлати»га айни дамда мавжуд бўлган барча «террорчилик ташкилотлари ичида энг катта қудратга эга ҳарбий куч» дея тавсиф берди.
Бундан ташқари, брифингда «Ислом давлати» томонидан июлда эгаллаб олинган Ироқнинг икки катта ҳарбий базасида жуда катта миқдордаги қурол ва ҳарбий техника, жумладан, мобил зенит-ракета мажмуалари, танк ва бронеташувчилар, гаубицалар борлиги таъкидланди.
Эслатиб ўтамиз, ташкилот июнда Мосул шаҳрини эгаллаб, минтақада ишлаб чиқарилувчи нефть савдосидан келадиган фойдани жамғариш имкониятини ҳам қўлга киритган эди.



