Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишлардан қайтарганлар 1-қисм

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишлардан қайтарганлар 1-қисм

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам
бу ишлардан қайтарганлар

Мусанниф: Аҳмад Муҳаммад ТУРСУН

ТАҚДИМ

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Барча оламларнинг Робби Аллоҳ таолога беҳисоб ҳамду санолар бўлсин. Коинот фахри – Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга, у зотнинг асҳобларига, аҳли байтларига салавоту-саломлар бўлсин.

Бутун ер юзидаги инсониятга, Шарқу Ғарбдаги барча қавм ва миллатларга расул қилиб юборилган охирги пайғамбар Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам қиёматга қадар одамзотни саодат ва нажотга етакловчи улуғ йўлбошчи бўлиб қолаверадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари, шамойиллари, хулқ-одоблари ҳар бир мўмин-мусулмон учун катта ибрат, у зотнинг яшаш тарзлари, кўрсатмалари, амр-қайтариқлари ҳар биримиз учун муҳим дастурил-амалдир. Чунки Пайғамбар алайҳиссалом юриш-туришда, муомала-муносабатда, ҳоли ҳаётда ва ибодатда, оилада ва кишилар орасида, хулласи барча соҳада ўз даврларида ҳам, ундан кейин ҳам Аллоҳнинг Расулига хос юксак фазилатлар, олий хулқ соҳиби бўлиб қолдилар. Зотан, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам: «Мен яхши хулқларни камолга етказиш учун пайғамбар бўлиб келдим», деганлар. Яна бир ҳадиси шарифда: «Мўмин кишига берилган нарсаларнинг энг яхшиси чиройли хулқдир», дейилган. Расули акрам ҳақларида сўраган кишиларга у зотнинг покиза завжалари  Оиша розияллоҳу анҳо: «Пайғамбаримизнинг ахлоқлари Қуръон эди», деб жавоб берганлар. Ҳақиқатан Қуръоннинг барча амрлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийрат ва суратларида акс этган. Аллоҳ таоло ўз Китобида: «Пайғамбарнинг ўзи сизларга ато этган нарсани олинглар, у зот сизларни қайтарган нарсадан қайтинглар ва Аллоҳдан қўрқинглар» (Ҳашр, 7) деб марҳамат этган.
 Бугундан бошлаб сайтимизда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мусулмонларни яхши хулқли бўлишга чорловчи даъватлари, у зот ман этган ва умматни қайтарган нарсалар ҳақидаги ҳадислар билан мухлисларимизни таништириб боришга қарор қилдик. Зотан, мусулмонларнинг бурчи – уларни ўқиб, англаб, сўнгра ҳаётда қўллаш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қайтарган, ман этган ёмон иллат-қусурлардан тийилишдир. Зотан, жаноби Расулуллоҳнинг ўзлари ҳам: «Менинг гапимни эшитиб, ёдлаб, сингдириб, сўнгра адо этган одамни Аллоҳ неъматлантирсин», деганлар. Аллоҳ таоло барчаларимизга Пайғамбар алайҳиссаломнинг ахлоқлари билан хулқланишни насиб айласин!


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам
бу ишлардан қайтарганлар 1-қисм

АХЛОҚ-ОДОБ СОҲАСИДАГИ ҚАЙТАРИҚЛАР

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳалокатга олиб борувчи етти нарсадан қочинглар!», дедилар. «Улар нима, эй Расулуллоҳ?» дейишди. Жаноби Пайғамбаримиз: «Аллоҳ таолога ширк келтириш, сеҳр-жоду қилиш, ноҳақ бировни ўлдириш, судхўрлик, етимнинг ҳаққини ейиш, жанг майдонидан қочиш, бегуноҳ покдомон мўмина аёлларга туҳмат қилиш», дедилар» (Бухорий ривояти).
 
Муғийра ибн Шуъбанинг котиби Варрод ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам миш-миш тарқатишни, эзмалик қилишни, мол-дунёни исроф этишни, очкўзлик қилишни, оналарга итоатсизлик этишни ва қизларни тириклайин кўмиб ташлашни (Исломдан аввал арабларда шундай одат бўлган) ман қилганлар» (Бухорий ривояти).
 
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Ғазотлардан бирида Пайғамбар алайҳиссалом ўлдирилган аёл кишини кўриб ачиндилар ҳамда аёл кишиларни ва ёш болаларни ўлдиришни ман қилдилар» (Бухорий ва Муслим ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бадгумон бўлманглар, бадгумонлик энг ёлғон сўздир, тирноқ остидан кир қидирманглар, бир-бирингизга ҳасад қилманглар, бир-бирингиздан аразламанглар ва нафратланманглар, ака-ука тутиниб, Аллоҳнинг солиҳ бандалари бўлинглар», дедилар» (Бухорий ривояти).
 
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Йўл бўйида ўтиришдан сақланинглар», дедилар. Шунда саҳобалар: «Бунинг чораси йўқ, эй Аллоҳнинг Расули, чунки биз ўтириб суҳбатлашамиз», дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бунга кўнмасанглар, ўтиринглару фақат йўлнинг ҳаққини адо этинглар», дедилар. Саҳобалар: «Эй Аллоҳнинг Расули, йўлнинг ҳаққи нима?», дейишганида Расулуллоҳ: «Кўзни номаҳрамларга қаратишдан тийиш, ўтувчиларга азият бермаслик, саломга алик олиш, яхшиликка буюриб, ёмонликлардан қайтариш», дедилар» (Бухорий ва Муслим ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Икки заифнинг – аёлнинг ва етимнинг молидан узоқ бўлишингизни (яъни емасликни) васият қиламан», дедилар» (Ибн Можа ривояти).

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Зулмдан сақланинглар, чунки у Қиёмат кунида зулумот бўлади. Ва яна бахиллик ва хасисликдан сақланинглар. Чунки у сизлардан аввалги умматларнинг ҳалокатга учрашига, қон тўкишларига ҳамда ҳаром нарсаларни ҳалол қилиб олишларига сабаб бўлган эди», дедилар» (Муслим ривояти).

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ: «Сизларнинг ҳолингизга вой бўлсин! Яна сизлар мендан кейин кофир бўлиб, бир-бирингизнинг гарданингизга (қилич) уриб юрманглар», дедилар (Бухорий ва Муслим ривояти).

Адий ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳозир яна қайтариб айтаман, кимни бирор ишга бошлиқ қилсак, ози ва кўпини (яширмай) олиб келсин. Нимани берсак, уни олсин. Нимадан қайтарсак, уни олишдан ўзини тийсин», дедилар» (Муслим ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларини бировларни янглиштиришдан ман этдилар (Абу Довуд ва Аҳмад ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзини одамлардан четга олиб, хилватда зоҳидлик қилишдан қайтарганлар (Бухорий ва Муслим ривояти).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Биз Умарнинг ҳузурларида ўтирган эдик, у киши: «Бизлар зиммамизга ортиқча иш (вазифа) олишдан қайтарилдик», дедилар» (Бухорий ва Муслим ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Аллоҳ таоло сизларни оталаринг номи билан қасам ичишдан қайтаради» (Бухорий ва Муслим ривояти).

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир одамнинг бошқа бир одамни турғизиб, ўрнига ўзи ўтириб олишини ман қилдилар. Расулуллоҳ шундай дедилар: «Нарироқ сурилиб жой беринглар ва бироз сиқилишиб ўтиринглар» (Бухорий ривояти).
 
Абдуллоҳ ибн Язид Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бировнинг молини зўрлик билан тортиб олишдан ва бировга ваҳшиёна (қулоқ, бурун ва бошқа аъзоларини кесиб) азоб беришдан қайтардилар» (Бухорий ривояти).
 
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам назр қилишдан қайтардилар ва: «У балонинг олдини ололмайди, у орқали бахилдан бирор нарса ундириб олинади, холос», дедилар» (Бухорий ривояти).
 
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қилични яланғочлаб юришга одатланишдан қайтарганлар» (Термизий ривояти). 
 
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларга тақлид қилувчи эркакларни ва эркакларга тақлид қилувчи аёлларни лаънатладилар» (Бухорий ривояти).
 
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чўриларнинг танасини пуллаб (яъни фоҳишаликка мажбурлаб), тирикчилик қилишни ман этдилар» (Бухорий ривояти).
 
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эр кишини икки аёлнинг орасида юришдан қайтардилар» (Абу Довуд ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Мусибат етганида юзларини юладиган, ёқасини йиртадиган ва ўзини қарғаб йиғлайдиганларни Аллоҳ таоло лаънатласин» (Ибн Можа ривояти).

 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам меҳмон учун ортиқча такаллуфни (зиёфат учун ҳаддан ташқари уринишни) ман этганлар  (Ҳоким ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир уйда якка ухлашни ман этганлар (Аҳмад ривояти).

Абу Ҳурайра ва Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумдан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳеч бир банда «Мен Юнус ибн Маттодан яхшироқман» демаслиги лозим», дедилар» (Бухорий ривояти).
 
Абдуллоҳ ибн Замъа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одам ичидан чиқадиган нарсага (елга) кулишдан қайтардилар» (Бухорий ривояти).
 
Абдуллоҳ ибн Муғаффал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (қўл билан) майда тошларни отиб ўйнашдан қайтардилар ва: «Бу билан ов ҳам қилиб бўлмайди, душманни ҳам ўлдириб бўлмайди, фақат у кўзни чиқариб, тишни синдиради, холос», дедилар» (Бухорий ва Муслим ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳукм чиқаришда ришва (пора) берувчини ва уни олувчини лаънатлаганлар» (Термизий ривояти). 
 
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳумлар шаънига муболаға билан мадҳия ва марсия айтишни ман этганлар (Ибн Можа ва Ҳоким ривояти).

Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор жойда вабо борлиги билинса, у ерга киришдан, бирор жойда турилганда вабо бошлангани эшитилса, ўша жойдан чиқишдан қайтарганлар» (Бухорий ривояти).
 
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Қабристон зиёратига борувчи аёлларни, қабристон устига масжид қурувчи ёки чироқ ёқувчиларни Аллоҳ таоло лаънатласин!» (Ҳоким ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қабр устига ўтиришни, қабр устини бутунлай текислаб ташлашни ёки устига турли баланд қуббалар қуришни ман этганлар (Муслим, Абу Довуд ва Насоийлар ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафардан ўз уйига кечаси бемаҳал кириб келишни ман қилганлар (Бухорий ва Муслим ривояти).

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларни Қуръон (яъни Мусҳаф) билан душман ерига сафар қилишдан қайтардилар» (Бу ерда Қуръон дейилгани билан Мусҳафни тушуниш керак. Чунки Қуръон оғзаки тарзда нозил қилинган бўлиб, душман уни қалблардан тортиб олиб, оёқости қила олмайди) (Бухорий ривояти).
 
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тўхтаб турган кўлмак сувга бавл қилишни ман этганлар (Муслим, Насоий, Ибн Можалар ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (бирор нарсанинг бахтсизлик келтиришига ишониб) ирим-сирим қилишдан қайтарганлар» (Бухорий ривояти).
 
Умму Атийядан ривоят қилинади: «Биз аёллар ўликка уч кундан ортиқ аза тутишдан қайтарилган эдик, эр ўлсагина тўрт ойу ўн кун аза тутиш мумкин эди... Биз аёллар жанозага эргашишдан ҳам қайтарилган эдик» (Бухорий ривояти).
 
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Маййитларни ҳақорат қилманглар, чунки улар кетадиган жойларига кетиб бўлдилар», деганлар» (Бухорий ривояти).
 
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Биронтангиз узоқ хасталаниб ётиб қолсангиз, (безор бўлганингиздан) ўзингизга ўлим тиламанг! Башарти шундай қилиш зарур бўлса: «Эй Парвардигорим, агар (бундан кейин) яшашимнинг менга нафи бўлса, мени тирик қолдиргин, мабодо ўлишим афзал бўлса, омонатингни олгин, деб айтинглар», дедилар» (Бухорий ривояти).

back to top