Бу ишлардан қайтарганлар (2-қисм)

Бу ишлардан қайтарганлар (2-қисм)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишлардан қайтарганлар 

ИБОДАТГА ДОИР ҚАЙТАРИҚЛАР (2-қисм)

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам етти жойда: ахлат ташланган ерда, ҳайвон сўйиладиган жойда, қабристонда, йўл ўртасида, ҳаммомда, туя ётган ерда ва Каъба томи устида намоз ўқишдан қайтардилар» (Термизий ривояти).

Амр ибн Шуайб отасидан, у эса бобосидан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда шеър айтиш ва савдо-сотиқ қилишдан қайтардилар» (Термизий ривояти). 
 
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саҳобаларга раҳм қилиб, рўзани бир-бирига боғлашдан (яъни икки рўзанинг ўртасида ифторлик қилмасликдан) қайтарганлар» (Бухорий ва Муслим ривояти).

Муоз розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳажда неъматларни кўз-кўз қилиш ва маишатпарастликдан қайтарганлар» (Аҳмад ривояти).

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаж ва умра учун эҳром боғлаган кишини кўйлак ҳам, салла ҳам, чолвор ҳам, бурнус ҳам, маҳси ҳам кийишдан қайтардилар» (Кавуш топмаган киши маҳси қўнжини тўпиғидан паст қилиб кесиб ташлаб, кийса бўлади) (Бухорий ривояти).
 
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эҳром боғлаган одамнинг варс ёки заъфарон билан бўялган кийим кийишини ман қилдилар» (Бухорий ривояти).
 
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Каъбани тавоф қилаётиб, бир одамнинг иккинчи бир одамни тасма билан етаклаб кетаётганини кўриб қолдилар-да, тасмани ўз қўллари билан қирқиб ташладилар» (Бухорий ривояти).
 
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Ким ёлғон сўзлаш одатини ташламаса ва Аллоҳ қайтарган нарсалардан қайтмаса, рўза тутгани билан рўзаси қабул бўлмайди, Аллоҳ унга раҳмат назарини ташламайди» (Бухорий ривояти).
 
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кишиларга раҳм-шафқат қилиб, уларнинг саломатликларини ўйлаб, узлуксиз рўза тутишдан қайтарганлар ва «динда буюрилмаган нарсаларни қиламан, деб ўзини қийнаш дуруст эмас», деганлар (Бухорий ривояти).

back to top