Бу ишлардан қайтарганлар (8-қисм)

Бу ишлардан қайтарганлар (8-қисм)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишлардан қайтарганлар 
НИКОҲГА ДОИР ҚАЙТАРИҚЛАР (8-қисм)

Самура ибн Жундуб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйланмасликдан (турмушга чиқмасликдан) қайтардилар» (Бухорий ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир мусулмоннинг иккинчи мусулмон киши савдоси устига савдо қилишидан ва совчи юборганнинг устидан совчи юборишидан қайтардилар» (Термизий ривояти).
  
 Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбар куни аёлларни мутъа қилишдан ва эшак гўшти ейишдан қайтардилар» (Мутъа – бирор аёлни маълум муддатга ва келишилган маблағ эвазига муваққат (вақтинчалик) никоҳга олиш. Кейинчалик бунинг макруҳлигига фатво берилган бўлиб, фақат шиа мазҳабида мавжуд) (Бухорий ривояти).
 
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбар ғазоти куни муваққат (мутъа) никоҳни бекор қилиб, хонаки эшаклар гўштини ейишдан қайтардилар» (Бухорий ривояти).
 
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлнинг ўз аммаси ёки холасининг устига никоҳланишини ман қилдилар» (Бухорий ривояти).
 
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «шиғор»дан қайтардилар». (Шиғор – бир кишининг ўз қизини (ёки синглисини) бировга унинг қизига (ёки синглисига) уйланиш шарти билан эрга беришидир. Бунда ҳар икки томон ҳам маҳр бермайди) (Бухорий ривояти).
 
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эри ҳузурида бўлган аёлнинг эрининг изнисиз рўза тутиши ҳалол эмас ҳамда аёл эрининг уйига унинг рухсатисиз бирор кишининг киришига изн бермасин ва эрининг буйруғисиз бирор нарсани сарф қилмасин, чунки ўша сарф қилинган нарсанинг ярми эриникидир», дедилар» (Бухорий ривояти).
 
Ибн Шиҳобдан ривоят қилинади: «Аллоҳ таолонинг «Уларга уйланишга рағбат қиласизлар» деган сўзидан мурод шуки, Аллоҳ таоло етим қизларга уларнинг моли ва жамоли учун уйланишни ман қилади, яъни етим қизлар агар гўзал бўлсалар, уларга шаръий маҳр бермасдан уйланишдан, агар хунук бўлсалар, уларнинг моли қўлдан кетмасин, деб ўзлари уйланмай, бировга ҳам эрга бермай зулм қилишдан қайтаради (Бухорий ривояти).
 
Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг мавлоси Абу Маъбуд ривоят қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аёл ёнида маҳрами бўлмаса сафарга чиқмасин ва ёнида маҳрами бўлмаган аёлнинг олдига номаҳрам кирмасин», дедилар» (Бухорий ривояти).

back to top