Мардикорга чиқди аёллар...

Юзлари офтобда қорайган, кўзлари ташвишли, аксариятининг оёғида арзон резина шиппак. Улар орасидаги дуркунгина қизлар — мактаб ўқувчилари ҳали қалби уйғоқ, ҳаётга чанқоқ эмасми ёки мардикорлик қилиш улар учун шунчаки эрмакми астойдил ўзларига зеб беришган.

Шу пайт оқ «Дамас» хотин-қизлар тўдаси томон бурилди. Гангир-гунгур қилиб ўтирганлар машинага ёпирилишди. «Шоли ўтоққа ўнта одам!» Шериклар бир-бирларини тортқилашиб машинани тўлдиришди. Етти кишилик ўриндиққа ўн бештача қиз-жувон жойлашди. Ва қолган «ҳамкасблари»га қўлларини мамнун силкитганча, нигоҳларида шодлик билан жўнаб кетишди.

—    Неча сўмдан тўларкан?
—    1500 га кўнмади. Мингдан бераман, деди, -кўринишидан зийраккина келинчак қизиққанларни хабардор қилди.
Бу салкам ўн икки соатлик меҳнат - шоли ўтоққа тўланадиган иш ҳақи эди...
«Деразани очсангиз, ичкарига тоза ҳаво билан бирга чанг-ғубор ҳам киради», деган гап бор. Мустақиллик йўлидан дадил одимлаётган мамлакатимиз учун собиқ иттифоқlан қолган мерослар илдизидан янги ўсиб чиққан муаммоларни ҳал этиш осонликча амалга ошмаяпти. Бир-бирига чамбарчас кишанлаб ташланган иқтисодий алоқалар занжири шунчалар мустаҳкам эдики, оқибатда йирик корхоналардаги аввалги ишлаб чиқариш меъёри издан чиқди. Ишчи кучи билан иш ўринларининг номутаносиблиги ана шулардан бири. Бу, табиийки, нафақат эркакларнинг, балки хотин-қизларнинг ижтимоий ҳаётига, оиланинг иқгисодиётига ҳам таъсир этяпти. Кейинги пайтларда қулоқларга тез-тез чалинаётган аёлларнинг мардикор бозори шу муаммонинг нордон мевасидир.
Эркакларнинг мардикор бозори-ку азалдан бўлган ва унга ҳаммамиз кўникиб кетганмиз. Аммо хотин-қизлар мардикор бозорларининг вужудга келиб, но расмий «фаолият» юритаётганини «ҳазм қилиш» қийин. Бу ваҳима кўтариш эмас!
Аёлдир, эркакдир ўз кучини ақлий ёки жисмоний меҳнат тури орқали сотиши ва бу билан тирикчилик қилиш, яшаш эҳтиёжларини қондириш учун ҳалол даромад топиши оддий ҳақиқат. Аммо ўзбекнинг етти аждодида бўлмаган қиз-жувонларнинг мардикор бозорида ўтган-кетган мижозга ўз меҳнатини таклиф қилиши қайси бир миллий қадриятларимизга мос келади?!
Дарҳақиқат, тирик инсон борки, яхши яшагиси, ўйнаб-кулгиси келади. Бунинг учун имконият керак. Имконият эса аксарият ҳолда маблағ билан ўлчанади. Бозорлардаги ранго-ранг либослар, матолар-у буюмлар қайси қиз-жувоннинг кўзини ўйнатиб, ҳавасини келтирмайди ахир. Айниқса, билагида кучи, юрагида ғайрати бор ёшлар машғулотсиз қолмасин экан. Феруза қишлоқдан. Коллежни тамомлаган. Дипломли ҳисобчи. Аммо ўзига мос иш тополмагани учун бир кун ҳам ишламади. Ота-онаси унинг бу ерга келишига қарши. Лекин «бекорчидан Худо безор». Уйда ўтиравериб зерикди. Қолаверса, нима кўп қиз боланинг шахсий эҳтиёжлари орзу-ҳаваслари кўп.
Унинг дугонаси Зуҳра ҳам коллежнинг собиқ талабаларидан. Мевасабзавотни қайта ишлаш бўйича мутахассис-технолог. У ҳам иш тополмаган.
Баъзан мардикорликка чиқаётган қиз-жувонлар билан боғлиқ турли-туман нохуш миш-мишлар қулоққа чалиниб қолади. Тўғри, одам билан шайтон ҳамроҳ, дейдилар. Ёмон одамнинг оласи ичида ахир!
Миш-мишлар ҳам бекорга пайдо бўлмайди, дейди истараликкина бир жувон, биз ҳеч қачон ишга уч кишидан кам бормаймиз. Ўзимизга маҳкам бўлиб, аёллик шаънимизни баланд қўймасак, кутилмаган кўргуликлар юз бериши ҳам ҳеч гапмас. Ахир одамнинг пешонасига унинг қандайлиги битиб қўйилмаган.
Бу бозорнинг ёзилмаган қонун-қоидаси экан. Аёллардаги бундай ҳушёрликдан хурсанд бўласиз...

Шу пайт қаердандир пайдо бўлган бир мўйсафид киши қўлидаги тол хивич билан хотин-қизларни ҳайдашга тушди. Яқинимга келиб менинг бу «бозор»га дахлим йўқлигини сездими ё юзимдаги савол аломатиданми, астойдил ёзғира бошлади:
— Кўрмайсизми, катта йўлнинг бетига чиқволиб ўтган-кетганнинг назарига тушяпти булар. Қолаверса, бу хотинларнинг тўпланиши маҳалланинг, кўчанинг номига доғ. Маҳалласи обрўйини ўйлаётган отахонни ҳам маълум маънода тушунишга ҳаракат қиламиз, аммо...
Жойларда иш билан таъминлаш масаласида анча силжиш бор. Бироқ мардикорликка чиқаётган аёллардан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Хўш, мардикор бозорини тўлдираётган қиз-жувонлар кимлар? Бу саволга мутахассислардан бири шундай жавоб беради: «Улар меҳнат ёки ўқиш таътилидаги ёхуд қўшимча даромад топмоқчи бўлган кишилардир. Яна кўнглидагидек маошли иш топа олмаганлар».
Уйдаги гап кўчага, кечаги гап бугунга тўғри келмайди. Аммо бизнингча, бутун ёшлигини Янгиқўрғон туманидаги Жўра Охунов номли жамоа хўжалиги далаларида ўтказган етмиш ёшли Холисхон ая Раҳматуллаеванинг сўзлари ҳаливери эскирмаса керак:

— Мен ўн бир ёшимдан далага чиққанман. Одамлар уруш ва урушдан кейинги йиллари бир коса атала, битта зоғора нон учун соатлаб қора меҳнат қилганларини кўрганман. Лекин биронта аёл айниб, йўлдан адашганини билмайман. Хотинларнинг мардикорликка чиқаётганини эшитиб ёқамни ушладим. Ҳозир бирор одам оч-яланғоч қолганини эшитмаймиз. Аёлларда, менимча, эрининг топганига сабр-қаноат қолмаяпти. Яна бир жиҳатдан аёлнинг ишлаб пул топаётганидан хабардор эрда ғайрат, орият ҳам сусайиб кетмоқда. Хотинига мардикор бозоридан иш қидиртираётган эркак... билмадим.

Холисхон аянинг гаплари аччиқ, аммо ҳақиқат. Аслида дунё-ю давлатни ҳар бир аёлнинг эркагига берсин. Хотин-қизлар ижтимоий ҳаётдан четда қолмаслик, дунёқарашини кенгайтириш, жамиятга муносиб ворислар тайёрлаш учун севимли ва ўзига хос касбкор билан машғул бўлганига нима етсин! Шунда бола тарбиясига ҳам, рўзғор юмушларига ҳам вақт топилар эди!

Бир зарра сифатида жамият дардларига ўзимча шифо қидираман. Гоҳ куюниб, гоҳ умид билан ушбу мақолага нуқта қўяр эканман, қулоғим остида машҳур хонанданинг қўшиғидан парча янграйверади:

Четга чиқса суюнган эдик, 
Қоп кўтарса куюнган эдик. 
Аллоҳ, Аллоҳ, энди не дедик, 
Мардикорга чиқди аёллар...

Рислиқхон МАЖНУНОВА, журналист, Наманган

Фикрат журналидан

back to top