Матбуот дўконларида тирноқ бўёғи сотилса-я?

Ўртоғим бирон-бир газета ёки журнал харид қилмоқчи, шекилли, деган хаёлга бориб, айтарли эътибор ҳам бермабман. Ваҳоланки, у «Матбуот дўкони»дан матбуот нашрини эмас, балки дарс тайёрлашда эрмак қилиб ўтириш учун икки ўрам писта ва яна алламбало майда-чуйда атторлик буюмларини харид қилди.

 

Уйидан сал узоқроқдаги савдо дўконига боргандан кўра, ашқол-дашқолларни шу ердан олиш афзалроқ эканини ҳам таъкидлаб қўйди...

Кундалик юмушлар билан чалғиб, бу воқеа ёдимдан кўтарилай дебди. Яқинда жамоат транспортида кетаётиб, ёнимдаги икки дугонанинг суҳбати қулоғимга чалинди:
—    Тирноқ бўёғинг чиройли экан, қаердан олдинг?
—    Бозорнинг биқинидаги «Матбуот дўкони»дан...
Бирор нарсани ҳар куни, ҳар қадамда кўраверсангиз, кўз ўрганиб қолади. Ҳаттоки, унинг камчилигу нуқсонлари ҳам сезилмайди. Газета ва журналларни сотиш учун мўлжалланган бундай дўконларнинг олдидан ҳар куни ўтиб-қайтсам-да, жиддийроқ разм солмаган эканман. Юқоридагилар сабаб бўлиб, матбуот шаҳобчаларини кўздан кечирсам, ҳақиқатдан ҳам ажабланарли экан. Атторлик буюмлари мунчоқдек териб қўйилган. Бу ердан писта ёки «лак» тугул, тирноқ олгич мослама-ю болалар ўйинчоғи, тамакию сақичдан тортиб, ҳатто эркаклар ва аёллар пайпоқларини ҳам топиш мумкин экан. Сотувчи ўз дўконидан юртимиздаги нуфузли нашрларни топиб беролмаса-да, лекин атторлик буюмлари топилади.
Дўконда савдо қиладиган бир аёлни гапга тутиб, «Матбуот дўкони»да атторлик молларини ҳам сотиш мумкин-ми, деб сўрадим. У саволимга жавобан ҳозир шаҳобчаида нимаики сотаётган бўлса, ҳаммасига эҳтиёж борлигини таъкидлади.
Эҳтиёж бор экан деб, матбуот шаҳобчасида атторлик буюмларини сотавериш тўғримикан? Шундоқ ҳам хўжалик ва озиқ-овқат моллари билан савдо қиладиган расталар тўлиб-тошиб ётибди-ку. «Матбуот дўкони» деган номга доғ туширмасдан, бундай шаҳобчаларга матбуот нашрларидан ташқари, янги чоп этилган китоб ва қўлланмаларни келтириб сотиш яхшироқ эмасми? Ўшанда биз китобхонлар шаҳарнинг қайсидир нуқталаридаги китоб бозорларига қатнаб юрмасдан, яқингинамиздаги матбуот шаҳобчаларидан ўзимизга керакли бўлган адабиётларни харид қилиш имкониятига эга бўлардик.


Беҳзод ҲИД0ЯТ0В, Тошкент шаҳри

back to top