Ўзини ўзи ҳалок қилиш...

Ўзини ўзи ҳалок қилиш...

“Буюк цивилизациялар ўзларини ичкаридан вайрон қилмагунча, уларни ташқаридан забт қилиш мумкин эмас”. Уилл Дюрант

Машҳур Мел Гибсоннинг “Апокалипсис” (Охир замон) филми юқоридаги иқтибос билан бошланади. Кинода рўй бераётган воқеалар Христофор Колумбдан аввалги давр, яъни 15–асрда Марказий Америкада бўлиб ўтиши тасвирланган. Филм бошдан охиригача Майя ҳиндуларининг икки қабиласи ўртасида бўлиб ўтган шиддатли кураш кўрсатади. Бир қабила бошқа бир қабилага ҳужум қилади ва одамларини қириб ташлайди, қолганларини эса асир олади. Уларнинг ўзаро адовати шу даражада кучли ва чексиз эди. Душманлик, ҳокимият учун кураш, қаршилик кўрсатиш, қувишлар, қотилликлару ҳодисаларнинг ақлбовар қилмас тарзда ўзгариши томошабинни филмнинг охиригача ўзига жалб қилиб туради. Худди бутун Ер юзида бу икки қабиладан бошқа ҳеч ким йўқдек таассурот қолади.

Кино сўнгида зўравонлар қурбонларига уммон қирғоғида етиб оладилар. Бироқ шу пайт улар уммонга тикилиб, қозиқ каби қотиб қоладилар. Улар кўрган нарсадан ларзага тушиб, қуваётганларни ҳам унутадилар. Уларнинг кўз олдида конкистадорларнинг (Марказий ва Жанубий Америка ерларини босиб олган испан ва португалия босқинчилари, истилочилари) катта елканли қайиқлари миссионер ва қуролли аскарлар ҳамда қирғоққа қараб сузиб келаётган қайиқчалар гавдаланган эди. Кўрганларидан даҳшатга тушган қувғинчилар қувганлари билан ҳам ишлари бўлмай қолди. Кейин нима бўлганини эса тарих китобларидан билиб олсак бўлади. Конкистадорлар маҳаллий аҳолига ҳеч қандай яхшилик олиб келмаганини айтишимиз кифоя...

Кинодаги воқеалар ҳозирги кундаги мусулмонлар ҳолатига жуда ўхшаб кетади. Қачонлардир буюк ва қудратли бўлган Ислом тамаддунини барпо эта олган мусулмон уммати бугун бири бошқасига тиш қайраган майда гуруҳларга бўлиниб кетди. 

Бизнинг ҳолатимиз ҳам мақтанадиган даражада эмас. Бир Ватанда яшаб туриб, бир-биримизга қарши аёвсиз уруш очдик. Худди дунёда биздан бошқа ҳеч ким йўқдек бир-биримиз билан шу даражада адоватда машғул бўлиб қолдик. Гўёки рақиб мавҳ қилингач, узоқ кутилган тинчликка эришадигандекмиз.  

Бу бетайин кураш чангида ташқаридан келаётган ва барчамизни йўқ қилиб ташлашга қодир бўлган хавфни кўрмай қолаяпмиз, деб қўрқаман. Чунки улар учун конкистадорга ҳиндулар қандай бўлса, биз мусулмонлар улар учун худди шундай бир нишонмиз.

“Буюк цивилизациялар ўзларини ичкаридан вайрон қилмагунча, уларни ташқаридан забт қилиш мумкин эмас”, деган Уилл Дюрантнинг сўзлари ўзаро адоват ва ўзини-ўзи йўқ қилиш йўлини танлаган ҳар қандай цивилизация ва халқ учун ўқилган ўлим ҳукмидир.


Интернет маълумотлари асосида 
Абу Муслим тайёрлади

back to top