Биз Тошкентдан бўламиз...

Биз Тошкентдан бўламиз...

Яқинда бўлиб ўтган бир воқеа мени ушбу мақолани ёзишга мажбур қилди. Тошкентлик бир дўстим: «Сиз фақат тошкентликлар ўтирган даврада бошқа ерликлар ҳақида нималар гапирилишини билмайсиз-да...

Эҳ, бу инсонлар!» деб қолди. Мана, шундан кейин вужудга келган мақоланинг мухтасар кўриниши. Мен қишлоқда ўсганман. Онам шаҳар оиласидан бўлиб, қишлоққа турмушга чиққанлар. Кичиклигимда онам билан қўшни вилоят маркази бўлган шаҳарга — бувимларникига доимо бирга борардим, шаҳар-қишлоқ тафовутини умуман сезмасдим.
Ёшимиз бироз улғайиб, ўсмирлик даври келгач, қишлоқдан тез-тез ташқарига чиқа бошладик. Аниқ эсимда, 10-синфлигимда мактаблар ўртасидаги брейн-ринг мусобақасида бизнинг мактаб ҳам юқори ўринлардан бирини қўлга киритгач, икки вакилимизни туман терма жамоасига номзод сифатида туман марказига чақиришганди. Биз бошқа мактаблардан ташриф буюрган даъвогарлар билан ҳар куни туман марказига қатнардик. Туман маркази шаҳар бўлмаса ҳам, у ерлик болаларнинг қишлоқдан келганларни камситиши яққол сезилиб турарди. Минг эътибор бермасликка ҳаракат қилсамда, баъзида кўнгилга оғир ботарди, уларнинг хатти-ҳаракатлари, ғалати гапиришлари...
Орадан яна бир неча йил ўтди. Туман маркази ҳам оддий бир жой бўлиб қолди, сабаби, вилоят маркази саналган ва биз шаҳар деб атайдиган масканга ишимиз тез-тез тушарди. Ана ўшанда илк бор тушуниб етганман, шаҳар-қишлоқ тафовутини. Шаҳарликлар умуман бошқа-бошқа дунё. Айниқса, кибру ҳаво борасида ҳар қандай шаҳарликдан заррача бўлса-да, садо чиқади. Албатта, бу менинг шахсий фикрим эди. Аслида мен ўйлаганчалик бўлмаса-да, барибир кўпчилик шаҳарликларнинг ҳар турли камситишларига деярли ҳар куни дуч келардик. Мактаб тамом бўлди. Биринчи йили ўша «ўз» шаҳримиздаги институтлардан бирига кира олмагач, кейинги йили Тошкентдаги олий даргоҳлардан бирига ҳужжат топширдим. Аллоҳнинг иродаси билан бу гал йўлим очилиб, тестлардан муваффақиятли ўтдим. Демак, энди бу ерда камида тўрт йил яшайман. Институт мендаги ғам-ташвишларнинг тугашига сабаб бўлганди ўшан-да. Чунки олий ўқув юртида ўқишни мақсад қилган ҳар қандай ўспирин учун бу — бир тоғни елкадан тушириш дегандек гап.
Шу-шу пойтахт ҳаётида яшай бошладим. Қаранг, эътибор қилаяпсизми, ҳаммаси поғона-поғона бўлиб келаяпти: аввал қишлоқ, кейин ту-ман маркази (посёлка), сўнгра биз шаҳар деб атайдиган вилоят маркази ва ниҳоят пойтахт.
Талабалик йилларимда тошкентлик болалар билан биргаликда ўқишдан ташқари ҳам жуда кўплаб тадбирларда иштирок этганмиз. Болалар ҳар не бўлсин, доимо иккига ажрар эди: тошкентликлар ва вилоятликлар.
Албатта, Тошкент вакиллари юқори табақа сифатида келар, уларнинг олдига тушадиган тоифа умуман йўқ. Бу «анъана» ҳозир ҳам давом этаётганига шубҳа қилмайман. Тўғри тошкентликларнинг ичида ҳам жуда самимий ва кибрдан йироқ болалар бор эди, Аллоҳ улардан рози бўлсин, мен уларни ҳеч қачон унутмайман.
Қизиғи, олдинлари қишлоқликларни кўриб бурун жийирадиган туман маркази «намояндалари» ва айнан ўша туманликларни умуман менсимайдиган вилоят вакиллари энди Тошкент олдида унсиз эди. Умуман овоз чиқара олишмасди улар...
Орадан яна бир неча йил ўтди. Институтни тамомлаб, ўз вилоятимга қайтдим ва бир муддат ўша ерда ишладим. Ҳар куни шаҳарга қатнардим, маҳаллий аҳоли билан яна биргаман. Тошкент катта шаҳар бўлгани учун бу ер кўзимга анча кичкина кўринади. Бу ерликлар ҳар томондан -моддий жиҳатдан, «замонавийчаси»га айтганда кийиниш, «модерн маданият» ва яна кўплаб жиҳатлардан пойтахт аҳолисига яққол «ютқазишади». Бу — узоқ муддат катта шаҳарда яшаган одамнинг хулосаси. Айтмоқчиман-ки, ҳаёт доимо шундай бўлиб келган, шаҳар олдинда, қишлоқ эса, ундан анча-анча ортда.
Ҳозирда Тошкентда кўп бўламан ва нафақат ёшлар ва болалар, балки, ёши бир жойга бориб қолган, ўзини мусулмон санаган (!) инсонлар ҳам бошқа жой вакиллари билан рисоладагидек мулоқот қилмаслик ҳолатларига кўп гувоҳ бўламиз. Аҳвол шу даражага етадики, кеча қандай эдинг-у, бугун қанақа бўлиб қолибсан, деганинг билан фойдаси йўқ.
Мақоланинг давомини ёзаман: яқин бир қариндошимиз икки ярим йилдан бери Россияда, аниқроғи, Санкт-Петербург шаҳрида ишлайди. У ерда киракашлик қилади, машина таъмирлашга келганда ҳам устаси фаранг. Автосервислардан бирида ҳам ишлайди. Январь ойида у Ўзбекистонга қайтиб, бир муддат бу ерда бўлди. Россияда айни пайтдаги ҳолат ҳақида кўп суҳбатлашдик.
- Россиянинг қаерига борма, ҳар ерда ўзбек ва тожик бор, - дея гап бошлади у. - Лекин руслар «қоралар»ни ёқтирмайди. Питердаги барча қора ишларда Марказий Осиёдан келган ишчи ва хизматчилар ишлайди.
Қоралар деганда, қариндошим жанубий ўлкалар, хусусан, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон томондан ташриф буюрган ишчиларни назарда тутганди. Маълум бўладики, бу ерда «мана-ман» деб ўзини ҳаммадан устун қўйиб юрганлар ҳам Россияга борганда оддий пиёдага айланиб қолишади (халқ сўзи билан айтганда «пешка»).
Худди шунга ўхшаш воқеа. Яқинда икки тошкентлик уста билан суҳбатлашдим. Уйларни таъмир қилишади. Россияда ўзбек ишчиларига берилаётган иш ҳақи ҳақида гапиришди, у ерларни роса мақташди. Тошкентнинг оддий ҳаётида жуда эркин юрган бу инсонлар Россияда кўп пул топганларига қарамай, руслар аксарият ҳолларда барибир уларни тенгсамаган. Шу ерда «Узга юртда шоҳ бўлгандан кўра, ўз юртингда гадой бўл» деган нақл кўпинча тўғри чиқишига амин бўласиз.
Энг қизиғи, русларнинг ўзлари ҳам бошқа мамлакатларда паст табақа вакиллари бўлишга мажбурлар. Шунга рози бўлган россияликлар Америка, Канада ёҳуд Австралия каби мамлакатларга кетиб, Россиядагидан кўра яхшироқ маошга ишлаб келишмоқда. Юқоридан кетма-кет, поғонама-поғона шаклда ёзиб келаётган мавзуимни яна бир ҳикояча билан давом эттираман ва бу сўнггиси.
...Яқинда интернет-кафелардан бирида мен эшитган ушбу мавзуга тааллуқли гап мақоладан жой олишга ҳақ қозонди. Акам билан эдик. Интернет-кафега кирсак, қора танли икки киши компьютер рўпарасида ўтирган экан. Улар америкаликлар экани маълум бўлди. Биз ўтирмоқчи бўлган компьютер олдида стул йўқ эди. Улардан бири биз ўтиришимиз керак бўлган стулни олганини билиб, ундан стулни сўрадим. Соф ўзбек тилида «Манави стулни беринг», дедим. У гапни хатти-ҳаракатимдан тушунган бўлса-да, тик тургиси келмади шекилли, ҳадеганда эътибор беравермасди. Шунда акам: «Биласанми, улар сени одам деб ҳисоблашмай-ди» - деди. Қаранг, ўзлари кўпчилик томонидан «қора танли» дея ирқчиликка ажратилсаларда, Америка фуқароси бўлганлари учун бошларини бошқалардан бир поғона устун қўйишади.
Ногаҳон Жюль Верннинг «Ўн беш ёшли капитан» асаридан бир парча эсимга тушиб кетди. Романда кема ҳалокатига учраб, тақдир тақозоси билан Африка томон олиб кетилган қора танли тўрт паҳлавон ҳақида ҳикоя қилинган сюжет бор. Улар Америка фуқаролари бўлишади, лекин бу даврда Африкада ҳали қулдорлик тузуми мавжуд эди. Уларни қул қилиб сотишади. Шунда қора танли америкаликлардан бири: «Йўқ-йўқ, биз қуллар эмасмиз, биз мустақил Америка давлати гражданларимиз! Биз фалон штатданмиз, кемамиз денгизда ҳалокатга учрагани учун бу ерларга келиб қолдик», дея норозилик билдиришади.
Лекин қул сотувчилари учун бунинг фарқи йўқ-ку! Натижада, америкаликлар бу фалокатдан қутулиб қола олишмайди ва яхши нархга пуллаб юборилади. Хуллас, ана шунақа гаплар. Инсон шундай мураккаб зотки, имконият туғилди дегунча бир-би-рини таҳқирлайди, бир-бирини эзади, бир-бирини қул қилади!
Бунинг сабаби эса битта!!! Унинг сабабини тушунтирадиган бўлсак, яна бир нечта саҳифа олишимга тўғри келади. Ундан кўра, биргина ривоят ҳаммасига жавоб бўлади.
Ҳазрати Билол қоп-қора ҳабаш бўлган. Етти авлоди ҳақиқий қул бўлиб келаётган инсоннинг устидан кулиш у пайтлар оддий ҳол эди. Бир куни ундан пичинг қилиб сўрашибди: «Сенинг боболаринг кимлар?». Шунда Билол жавоб беради: «Менинг энг катта бобомга фаришталар сажда қилган!». У киши Ҳазрати Одам (АЛАЙҲИССАлом)ни назарда тутган эди.

back to top