Қўрқув – иймон заволи

Қўрқув – иймон заволи

Одамизод фитратига кўра қўрқоқдир. Янги туғилган чақалоқдан тортиб қартайган қариягача –ҳаммани қўрқув умр бўйи таъқиб этади. Онаси бачадонидаги «макон»идан ажраган чақалоқ қўрқув йиғиси билан дунёга келади. Кейинроқ онасини йўқотиб қўйиш, оч қолиш, ваҳимали шовқин-суронлар, йиқилиб тушиш каби нарсалар уни даҳшатга солади. Эсини танигач, катталарнинг дўқ-калтаклари, чақмоқ-момақалдироқ каби табиат ҳодисалари, йиртқич ҳайвонлар, жин-алвасти ҳақидаги гаплар, алдов ва зўравонлик, қоронғулик-зулмат кабилар қўрқувга сола бошлайди.

Йигитликнинг ҳам ўз қўрқув ўчоқлари бор: ҳаётда ўрнини тополмаслик, имтиҳондан йиқилиш, севгисининг рад этилиши, муносиб иш йўқлиги ва ҳоказолар. Ҳатто катта ёшдагилар ҳам қўрқув таъқибидан омонда бўлишмайди. Уларни ҳам бир умрга турли касалликлар, омадсизлик, амалдан кетиш, душманлар хусумати, болаларининг ноқобил  чиқиши, дўстлар ҳиёнати, қонунни бузиб қўйиш, турли фалокат ва офатлар, бошлиқлар зуғуми, қашшоқлик, эл-юртда шарманда бўлиш, барвақт қариш ва ўлим каби ҳолатлар даҳшатга  солаверади.
Айниқса эл-юртда гап-сўзга қолишдан, одамлар маломатидан қўрқув инсонни машаққатларга, турли гуноҳ ишларга, виждонига хилоф иш тутишга рўбарў қилади. «Халқ нима деркин, одамлар маломат қилмасмикин, маҳаллада, қариндош-уруғлар орасида шарманда бўлиб қолмасмиканман» қабилидаги қўрқув туфайли ўзининг эътиқодига қарши боради. Аллоҳ буюрмаган ишларни қилишга мажбур бўлади. Эл орасида машҳур бўлган одамларнинг гапидан ва маломатидан қўрқиб тўй-маросимларни катта қилади. Йўқ ердаги бидъат ишларга, хурофотларга қўл уради. Нопок, фосиқ кишилар билан яқинлашади.
Ана шу қўрқув туфайли гоҳо инсон бор-будидан ажрайди. Ҳаёти издан чиқади. Эътиқоди, иймонидан чекинади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда ўзгалар маломатидан қўрқмаслик мўминларнинг сифатларидан бири экани хабарини беради: «Эй мўминлар, сизларнинг ичингизда кимда-ким ўз динидан қайтса, Аллоҳ бошқа бир қавмни келтирурки, Аллоҳ уларни яхши кўрур, улар Аллоҳни яхши кўрурлар. Улар мўминларга ҳокисор, кофирларга эса қаттиққўл, бирон маломатгўйнинг маломатидан қўрқмай ёлғиз Аллоҳ йўлида курашадиган кишилардир». (Моида, 54).
Убода ибн Сомитдан ривоят қилинади: «Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга  фаолликда ҳам, қилгиси келмай турганда ҳам эшитиб- итоат қилишга, бирор ишни тортишмай ўз аҳлига топширишга, қаерда бўлсак ҳам ҳақни айтиб, унда собит туришга ҳамда Аллоҳ йўлида маломатчининг маломатидан қўрқмасликка байъат қилдик». (Имом Бухорий ривояти).
Қўрқоқлик инсонни ҳар кўйга солади. Шахсиятини бузади. Хорлик, шармандалик қаърига улоқтиради. Айтайлик, пойтахтдан келган текширувчи ёки мухбир халқнинг турмушини ўрганиш учун унинг бир-икки вакилини суҳбатга тортади. Бу вакиллар бор ҳақиқатни айтса, хамқишлоқларининг дардига малҳам қўйган, етишмовчилик ва нуқсонларни ҳал этишга ёрдам берган бўлур эди. Аммо кўпинча бунинг акси бўлади. Ана шу халқ «вакиллари» кўпдан буён эгнига илмаган янги кўйлагини кийиб, қаварган ва қорайган қўлларини орқасига яшириб «шароитимиз яхши, ҳеч нарсадан камчилигимиз йўқ, маошларни вақтида олиб турибмиз», деб ёлғон ҳисобот беради. Ваҳоланки, қишлоқда электр, газ, тоза ичимлик суви таъминотида тез-тез узилиш бўлиб туради.  Болалар ўн чақирим узоқдаги мактабга қатнайди...
Вакилларни ёлғон гапиришга, текширувчиларни лақиллатишга нима мажбурлади? Улар қон-қонига сингиб кетган оддий қўрқув, бегоналар ҳузурида эсанкираш туфайли оғир йўқотишга учрашди.  Фақатгина ёлғон гапиришмади. Ҳамқишлоқларига хиёнат ҳам қилишди. Ўзлари виждон азобида қолишди. Узоқ йиллар мобайнида орттирилган обрў, машаққатли меҳнат ва фидокорлик бир лаҳзада ҳавога учди. Қўрқоқлик уларнинг ўзигагина эмас, бутун жамиятга ҳам катта зарар келтирди.
Ёки катта бир йиғинда ёши улуғ ходим арзимаган хатоси учун бошлиғи томонидан таъқибга, қийин-қистовга олинди. Раҳбарнинг дўқ-пўписасидан, «қаматиб юборишидан» қўрқиб кетган бояги ходим минбарда турган жойида юрагини чангаллаганича йиқилди... Бундай мисоллар ҳаётимизда гоҳида бўлса ҳам учраб туради.
Энг катта фожиа аслида булар ҳам эмас.  Қўрқувнинг бундан-да дахшатлироқ, ёмонроқ асоратлари, зарарлари ҳам бор.  Қўрққан одамнинг иродаси суст, шижоати бўш бўлади. У қўрқоқлик орқасидан ёлғон гапириши, сохта гувоҳликка ўтиши, оиласига, халқига, ватанига, динига, эътиқодига хиёнат қилиши, субутсиз ва иродасиз кимсага айланиши мумкин. Қўрқув туфайли у бундан  ҳам оғир  жиноятларга қўл уради. Ҳатто ўз жонига қасд қилишгача боради. Бежизга Сулаймон алайҳиссалом «Қўрқувни ҳис этмайин десанг, жудаям ҳақиқатгўй ва ўта донишманд бўлмагин», демаганлар.
Энди бир тасаввур қилиб кўринг: бола отасидан қўрқиб, қаерда, нима билан машғул бўлганини яширади, ёлғон гапиради. Демак, шу кундан унинг тарбиясига раҳна етди.  Аёл эрининг зуғумидан қўрқиб, уни алдашга, баҳона-сабаблар қидиришга ўтади. Демак, шу дамдан бошлаб оилани ишонч, тотувлик, ҳаё тарк этади. Кичик раҳбар катта раҳбардан қўрққани туфайли ўлда-жўлда қолган режани бажарилди, деб маълумот бериб юборади. Демак, ўша корхонанинг иқтисоди зарар кўчасига йўл олди.
Бир қарашда беозоргина бошланган ана шундай қўрқув «туққан» алдов-ёлғонлар тўпланиб-йиғилиб охири улкан бир ёлғон тоғига айланади. Бир-икки қўрқоқнинг ёлғон алдов ва ҳийлалари тўпланиб, бутун жамият  таназзулига сабабчи бўлиб қолади. Давлатларнинг ёлғонлари ўсиб-кўпайиб инсоният тарихини булғайдиган уруш-ихтилофлар, вайронгарчилик, инқирозларни келтириб чиқаради.
Қўрқув илдиз отган жамиятда адолат чекинади, зулм-бедодлик урчийди. Қўрқув инсонларда золим ва мустабид кимсаларга мутеъликни, итоаткорликни, зулм-ҳақсизликка  рози бўлиш ва кўнишни туғдиради.  Оқибатда бутун халқнинг миллий ғурури, эътиқоди, ифтихор туйғуси, маънавиятига катта офат  ва зарар етади.
Мустамлакачилар ва мустабид тузумлар бундан усталик билан фойдаланишган. Халқлар ва миллатларни неча йиллаб қуллик ва асоратда тутиб келишган. Бунга совет тузумининг қанчалаб миллат ва элатларни «учинчи   жаҳон уруши», «Американинг босиб олиши», «ядро уруши хавфи», «империализм найранглари» каби ваҳимали гаплар билан қўрқитиб, итоатда, мутеъликда ушлаб келганини мисол қилиш мумкин.
Қўрқоқлик пасткашлик ва турли ёмонликларни туғдиради. Кўпгина гуноҳ ва қабиҳликларнинг боши, асосий сабабчиси ҳам қўрқувдир. У беҳаёлик, ёлғончилик каби иймонни заифлаштирадиган оғир руҳий хасталикдир. Ўта қўрқоқлик эса кишини иймондан ажрашгача, Аллоҳга Унинг махлуқларини шерик қилиб, кофир бўлишгача олиб боради, Аллоҳ асрасин!
Аллоҳ таоло мўминларни кофир ва золим кимсалардан эмас,  фақат Ўзидангина қўрқишга чақиради: «Магар уларнинг ичида зулм қилгувчилар ҳам борки, сизлар улардан қўрқмангиз. Мендан қўрқингиз!» (Бақара, 150); «Энди қачонки уларга жанг фарз қилинганида эса баногоҳ улардан бир тўпи одамлардан Аллоҳдан қўрққандек, балки ундан-да қаттиқроқ қўрқмоқдалар» (Нисо, 77); «Улардан қўрқасизларми? Агар (ҳақиқий) мўмин бўлсангизлар, қўрқишингизга лойиқроқ зот Аллоҳ-ку, ахир?!» (Тавба, 13).
Аллоҳ азза ва жалла Ўзидан пайғамбарлар, олим-билимдонлар бошқаларга қараганда кўпроқ қўрқишларини Қуръони каримда марҳамат этади: «Улар (яъни ўтган пайғамбарлар) Аллоҳнинг амру-фармонларини (бандаларга) етказадиган, У зотдан  қўрқадиган ва Аллоҳдан ўзга бировдан қўрқмайдиган зотлардир» (Аҳзоб, 39); «Албатта Аллоҳдан бандалари орасидаги олим-билимдонларгина қўрқур» (Фотир, 28); «Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар ва (ҳар бир) жон эрта (Қиёмат куни) учун нимани (яъни қандай эзгу амални) тақдим этганига қарасин! Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир». (Ҳашр, 18).
Ислом тарихи саҳобийлар, салафлар тимсолида улкан ибрат  воқеаларини етказиб келган. Ғазот-фатҳларда қаттиқ ярадор бўлганига қарамай шерларча олишган,  устига душман бостириб келганида ҳам бир туки сесканмаган, ўлимга тик борган Набий алайҳиссаломнинг сафдошлари Аллоҳни эслашганида чумолидай ҳоксор, мусичадай беозор инсонларга айланишган.  Унинг иқоб-азобларини ўйлашганида қўрқувдан дағ-дағ титрашган. Дўзах зикри келган оятларни эшитиб юм-юм йиғлашган. Охират ҳисоб-китобини эслаб даҳшатга тушишган. Ёмон хотиманинг қўрқувидан ҳатто соч-соқоллари бир кечада оқариб кетган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: «Аллоҳ азза ва жалла айтади: «Иззатим ва буюклигимга қасамки, иккита қўрқув ва иккита хотиржамликни  бандамда жам қилмайман. Ким дунёда Мендан қўрқса, охиратда уни хотиржам қиламан. Ким дунёда хотиржам бўлса, қиёматда уни қўрқитаман». (Абу Наъим ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна: «Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган киши ҳатто сут кўкракка қайтмагунича  (яъни бу мумкин бўлмаган иш) дўзахга кирмайди», дедилар. (Абу Ҳурайрадан Имом Термизий ривояти). У зот (с.а.в.) яна шундай марҳамат этганлар: «Аллоҳ азза ва жалланинг азамати, ҳайбати ва кибриёсидан ҳамма вақт хавф ва қўрқувда бўлиш барча ҳикматларнинг бошидир». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ибн Масъудга (р.а.) шундай деганлар: «Мендан кейин мен билан кўришишни, бирга бўлишни истасанг, Аллоҳдан қўрқувни кучайтир. Аллоҳдан қўрқув инсонни яхши амалларга йўллайди... Аллоҳдан  қўрққанлар  кўп нарсадан қўрқадидар, эҳтиёт бўладилар... Аллоҳдан бошқасидан қўрққанларни эса Аллоҳ ҳамма нарсадан қўрқитади....  »
Қўрқувнинг ўлчов-мезони борми, деб сўрашса, «Ҳа, бор», деб айтиш мумкин. Қўрқувнинг ўз тарозуси бор: унинг бир палласига Аллоҳдан қўрқув, иккинчи палласига эса махлуқдан қўрқув қўйилади. Бу тарозининг шайинлари жуда сезгир: паллалардан бири хиёл босса ҳам бу шайин илғайди. Аллоҳ яратган махлуқлардан, жумладан инсонлардан қўрқиш қалбдан Аллоҳ қўрқувини кетказиб қўяди. Махлуқдан қўрқмаслик эса Аллоҳнинг Ўзидан қўрқишга олиб боради.
Шунда бир савол туғилади: «Ҳаётдаги, табиатдаги, борлиқдаги ҳар хил қўрқувлардан бирданига қандай халос бўлиш мумкин?» Бунинг энг тўғри ва энг мақбул йўл – Аллоҳнинг Ўзидан қўрқиш. Ундан кўра кўпроқ қўрқиладиган  ҳеч нарса, ҳеч бир мавжудот йўқ. Агар кимдандир Аллоҳга қараганда кўпроқ қўрқсак, Унга ўша кимсани шерик қилган бўламиз. Бу «ширк» дейилади. Ширк эса энг оғир гуноҳ, иймоннинг заволи,   эътиқоднинг кушандаси.
Бизни ҳар қандай жазодан қутқарувчи Аллоҳнинг Ўзи! Ҳеч ким, ҳар қандай қудратли шахс Унинг ҳузуридаги ҳисоб ва жазодан қутқариб қола олмайди! Аллоҳдан қўрқиш – банда учун илоҳий неъмат, улуғ қаҳрамонлик! Унга сиғиниш ва итоатда бўлиш дунёнинг барча қўрқув ва гуноҳларидан бирданига халос бўлишдир! Ҳузури Олийяда ўзни паст, ҳоксор тутиш – энг улуғ олийжаноблик!
Молик ибн Динор айтганлар: «Агар киши нафсида қўрқинч ва умид аломатини билса, у ишончли ишни ушлабди». Яҳё ибн Муоз эса «Инсон агар фақирликдан қўрққанидек жаҳаннам оташидан ҳам қўрқсайди, шубҳасиз жаннатга кирарди», деганлар.
Айтишларича, Аллоҳдан қўрқишнинг аломати етти нарсада: тилда, қалбда, кўзда, меъдада, қўлда, оёқда, итоатда намоён бўлади. Ва буни шундай шарҳлашади: Аллоҳдан қўрққан одам тилини ёлғон, ғийбат, бўҳтон, беҳуда сўзлардан тияди, Аллоҳнинг зикри билан машғул бўлади. Аллоҳдан қўрққан киши қалбини ҳасад, кўролмаслик, душманлик, хусумат каби иллатлардан фориғ этади. У кўзини ҳаромдан асрайди, дунёга ҳирс эмас, ибрат назари ила боқади. У меъдасини шубҳали ва ҳаром нарса  билан тўлдирмайди. Аллоҳдан қўрққан одам қўлини ҳаромга узатмайди. Исён йўлида эмас, Аллоҳга итоат йўлида одимлайди. Аллоҳдан қўрққан одам ёлғиз Аллоҳ ризоси учун Унга итоат этади, риё, иккиюзламачиликдан сақланади.
Аллоҳдан қўрқувчилар тақводорлардир. Тақводорлар Аллоҳдан қўрққанлари учун Унинг амрига итоатда туришади. Ўзларини барча ёмонликлардан тийишади. Охират йўлида ҳамиша ибодатда бўлишади. Жанннат неъматлари орзусида барча қийинчилик, азоб-уқубатларга сабр этишади. Тақводорликнинг белгиси қўрқув ва умид орасида туришдир. Яъни Аллоҳнинг ғазабидан, Унинг азобидан, дўзахидан, иқобга олишидан, ҳисоб-китобидан қўрқиш ва айни пайтда Унинг раҳмат-мағфиратидан, меҳрибонлигидан, жаннатга  киритишидан  умидворлик туйғуси  билан яшашдир!
Сулаймон Дороний шундай деганлар: «Қўрқувдан йироқ бўлган қалблар албатта хароб бўлғусидир». Маъсият-гуноҳлардан қўрқиш –солиҳларнинг иши. Аллоҳдан қўрқиш сиддиқлар ва муваҳҳидларнинг амали. Осийлар Қодири Зул-жалолни таниганларида эди, гуноҳларидан эмас, Ҳақ таолонинг ўзидан қўрқардилар. Чунки Аллоҳдан қўрқув жаноби Пайғамбаримизни коинот сарварига, инсоният фахрига айлантирди, Аллоҳдан қўрқмаслик Абу Жаҳлни икки дунёда хор айлаб, дўзах тубига-асфаласофилинга отди.   

back to top