Логфайл

Логфайл

Информацион технологиялар соҳасида логфайл (logfile) деб номланувчи атама мавжуд. Логфайл компьютернинг бошқарув тизими ва ундаги дастурларда орқали содир этилган ҳар қандай ҳаракатлар ва дастурлараро алмашилган маълумотларни қайд этиб боради. Логгинг деб бундай жараёнларни қайд этиб боришга айтилади. Оддий қилиб айтадиган бўлсак, логфайл бу компьютер тизимининг ўзига хос амаллар китобидир.

 Логфайл, шунингдек, интернет сайтлари жойлашган серверларда ҳам мавжуд. Бу логфайлда мазкур серверда жойлашган ҳар бир вебсайтга оид керакли маълумотлар, унга  ташриф буюрган кишилар ва вебсайт тизимида кузатилган хатолар вақти билан қайд этиб борилади. Бу маълумотлар вебмейкерлар – вебсайтларини тузувчи кишилар учун фойдали манбаъ бўлиб, ўзлари масъул бўлган вебсайтларда қачон ва қандай ҳаракат амалга оширилганини кузатиб, керакли чораларни қўллашга ёрдам беради. Мазкур сайт қанчалик фаол бўлса, унинг логфайлига шунча кўп маълумот ёзилиб борилаверади. Бу маълумотлар йиғилиб-йиғилиб, агар тозаланиб турилмаса, сервер хотира тизимида ўнлаб, юзлаб гегабайтларни ҳам эгаллаб олиши мумкин.
Биргина сайтнинг логфайли шунча кўп ҳажмга эга бўлса, дунё миқёсида танилган йирик-йирик вебсайтларнинг, юз миллионлаб фойдаланувчиларга эга бўлган ижтимоий тармоқлар ёки хабарлашув тизимларининг логфайллари қанча ҳажмга эга экан деб ўйлаб кўрганмисиз?
Келинг, биргина Facebook тармоғини олайлик, оммага охирги марта ошкор қилинган маълумотларга қараганда, бу сайтнинг логфайлига ҳар куни 600 терабайт янги маълумотни ёзилиб, бундай маълумотларнинг умумий ҳажми қарийб 300 петабайт(!)га етган. Маълумот учун:
1 петабайт ~ 1 000 терабайт ~ 1 000 000 гегабайт  ~ 1 000 000 000 мегабайт.
Facebook’да бажарилган амалларнинг логфайли шунча ката бўлса, бутун дунёда интернет тармоғи орқали содир этилган барча ҳаракатларни бита логфайлда тўплаш имкони бўлганида, у қанча ҳажмга эга бўлар экан? Неча миллион пета, екза ва ҳоказо байтларни ташкил қилар экан?
Компьютер тизимига оид логфайлни бежизга эсламадик. Логфайл нафақат инсон тарафидан кашф қилинган технологияларда, балки инсоннинг ўзида ҳам мавжуд. Инсоннинг ҳаёти давомида бажарган барча амаллари унинг «логфайли»да, яъни номаи амалида батафсил ёзилиб борилади. Аллоҳ таоло бу ҳақда Қуръони каримда: “Албатта, инсонни Биз яратганмиз ва унинг нафси нимани васваса қилишини ҳам билурмиз. Ва Биз унга жон томиридан ҳам яқинмиз. Вақтики икки кутиб олувчи ўнгда ва чапда ўтирган ҳолларида кутиб олурлар. Бирор сўз айтмас, магар ҳузурида  ҳозиру нозир борлар”, дейди. (Қоф сураси, 16-18)
Ушбу ояти каримадаги «икки кутиб олувчи»дан мурод, мусулмон инсон иймон келтириши керак бўлган, инсоннинг яхшилик ва ёмонликларини ёзиб турувчи икки фаришта эканлигини муфассирлар айтиб ўтишган. Ушбу оятнинг маъносини яна шундай ҳам тушунса бўлади: «Биз инсоннинг ҳар бир амалини, ҳатто ичида нимани ўйлаганини ҳам биламиз, шунингдек, унга икки фариштани котиб қилиб қўйганмиз-ки, улар инсоннинг ҳар бир амалини ва айтган сўзини ёзиб борадилар».
Қиёмат куни инсон Аллоҳга рўбарў бўлганида, гарчи Аллоҳ инсоннинг барча амалларидан, хатто фикр ва ниятларидан ҳам бохабар бўлишига қарамай, унга икки гувоҳ ёзиб борган амаллар китобини кўрсатади. Бу ҳақда Қуръони каримда яна шундай дейилади: «Биз ҳар бир инсоннинг амалини бўйнига боғлаб қўйганмиз ва қиёмат куни унга китоб чиқарамизки, у унга очилган ҳолда рўбарў бўлур. Китобингни ўқи, бугунги кунда сен ўзингга ўзинг ҳисобчиликка кифоя қилурсан (дейилур)». (Исро сураси 13-14)
Биз бу китобнинг қандай кўринишда эканлиги ҳақида ўйлаб ўтирмаймиз, сабаби бу ғайб илми бўлиб, унинг қанақалиги Аллоҳнинг ўзига аён.  Аммо бу китобда банда ўзини ўзи ҳисоб қила олиши учун унинг ҳаёти давомида қилган барча амаллари, сўзлаган барча сўзлари ўта аниқлик билан, инкор қилиб бўлмас даражада, ҳар жабҳани эътиборга олиб ёзилган бўлиши аниқ. Бу шундай мукаммал кўринишда ёзиладики, уни кўрган одам ўша вазиятни яна такрор яшайди, хатто ўша вазиятда ўйлаган нарсаси ҳам унинг эсига тушади.
Бугунги кунда инсон кашф қилган технологиялар ёрдамида бир кишининг ҳаётидаги ҳар бир онини мана шунай ўта аниқлик билан, жуда юқори сифатда қайд қилиб бориш учун қанчадан-қанча тера-пета-екзабайтли хотира ускуналари керак бўлади. Аллоҳнинг котиб фаришталарнинг эса, бундай ускуналарга ҳам ундаги маълумотлар ҳажмига ҳам эҳтиёжи йўқ. Улар шундай тарзда бу ёзувларни амалга оширадиларки, инсон ҳаётининг ҳар бир онида содир бўлган воқеа, айтилган сўз борлигича, тасвири-ю овози билан, энг нозик жойларигача, уч-тўрт-ва ҳоказо ўлчамли шаклда аниқ қилиб ёзиб олинади. Қиёматда бу далилни кўргач, инсон ҳеч қандай баҳона билан уни инкор эта олмайди. Хаттоки, бу ҳаракат зим-зимистонда қилинган ўғрилик ёҳуд номаҳрамга қаратилган бир сониялик шаҳват назари бўлса ҳам, барчаси аниқ қилиниб ёзилиб борилаверилади.
Энди ўйлаб кўринг, Одам алайҳиссаломдан то сур чалинганида энг охирги вафот қилган инсонгача бўлган барча бандаларнинг амаллари мана шундай кўринишда ёзилиб борилади. Агар биз буни ўзимиз яратган технологиялар асосида ёзиб борганимизда эди, бунча маълумотни ёзиш учун математика ҳали кашф қилмаган сонлар билан саналадиган байтларга, уларни доимо ёзиб бориш учун қанча энергия манбаига, ва яна бу ускуналарни сақлаш учун қанча кенг маконга эҳтиёж сезар эдик. Аллоҳ таолонинг эса, бу нарсаларни ҳеч қандай қийинчиликсиз тартибга солиб қўйганини ўйласак, Унинг қудратига лол қолмасдан иложимиз қолмайди.
Инсоннинг номаи амали фақат бу инсоннинг ҳатти-ҳаракатлари битилган китоб бўлса, мусулмонлар иймон келтириши лозим бўлган яна бир китоб борки, унда бутун борлиқнинг яратилишнинг бошидан то охиригача содир бўладиган барча нарсалар битилиб қўйилгандир. Бу «Лавҳул Маҳфуз», яъни барча китобларнинг «онаси»дир. Энди ўйлаб кўринг-а, яратилишдан бери қанча давр ўтганини ёлғиз Аллоҳнинг ўзи билади, манашу даврнинг, миллионми, миллардми йил бўлсин, борлиқнинг ҳар бир жойида, ҳар бир мавжудот тарафидан бўлсин, содир этилган барча ҳодисалар сония-сониясигача алоҳида-алоҳида битиб қўйилгандир. Бу қанчалар улкан маълумот, бу қанчалар ҳам олий китоб?! 
Шунча маълумотларни эса мазкур китобга ёзилишидан олдинданоқ ҳар бир ҳарфигача аввалдан билиш, уни ёздириш ва ҳузурида сақлаб туриш учун қандай қудратга эга бўлиш керак?! «Аллоҳ, албатта, осмону ердаги нарсани билишини, ана ўша, албатта, китобда эканини ва, албатта, у нарса Аллоҳга осон эканини билмайсанми?!» (Ҳаж сураси, 70-оят).
Ё Аллоҳ, биз Ўзинг бизга берган оз илм билан сен яратган нарсаларнинг баъзилари ҳақида ўйлаб кўрдик. Уларнинг қанчалик мукаммал ва олий эканлигини тасаввур қилишга ҳаракат қилдик. Бизнинг ақлимизни лол қилган нарсаларни халқ қилиш эса, Сен учун осон эканлигини билдик. Сен бизга билдирмаган яна қанча нарсаларни яратгансанки, уларни ҳам яратиш сен учун ҳеч мушкул эмас. Роббимиз, сен буларни бекорга яратганинг йўқ, Ўзинг поксан. Биз сенинг қуратинг олдида ўта ожизмиз, ва Ўзингагина сажда қиламиз, бизни ўт азобидан сақлагин.  

P.S. Юқорида биз Аллоҳнинг котиб фаришталари инсон ҳаёти давомида қилган барча амалларни ёзиб туриши ҳақида сўзладик. Буни қарангки, инсоннинг бундай ўзига хос «логфайл»и га ёзилаётган битиклар, унинг вафотидан кейин ҳам тўхтатиб қўйилмас экан. Роббимиз Аллоҳ таоло Қуръони каримда бу ҳақда шундай дейди: «Албатта, Биз, Ўзимиз ўликларни тирилтирурмиз ва улар тақдим қилган нарсаларни ва қолдирган асарларни ёзурмиз. Ҳар бир нарсанинг ҳисобини очиқ-ойдин имомда олиб қўйганмиз». (Ясийн сураси, 12-оят).
Ушбу оятда инсон тақдим қилган нарсалар, яъни унинг амаллари билан бирга, унинг қолдирган асарлари, яъни ҳаётдаги излари ҳам, унинг фойдасига ёки зарарига ёзиб борилар экан. Сизнинг ҳар бир ҳаракатингиз кейинчалик бошқа инсонларга учун қандайдир туртки бўлган бўлса, сизнинг сабабингиздан улар яхши ёки ёмон амаллар қилган бўлсалар, бу туртки оқибатида содир бўлаётган барча амаллар охирига етгунича ёзиб борилаверар экан. Сизнинг фарзандингизга яхши ёки ёмон тарбия беришингиз, жамият учун фойдали ёки зарарли иш қилишингиз, ҳуллас, барча қилган амалларингиз, ва қолирган асоратларингиз сизнинг логфайлингизга ёзилиб борилади. Бу ҳақда ўйлаб кўринг!

SYEED

back to top