Ислом дини коинотни ўрганишни рағбатлантиради
- Written by Administrator

Коинотга биринчи инсон учганига ҳам 54 йил тўлди. Шу вақт мобайнида 500 дан ортиқ инсон Коинотда бўлишга улгурди.
Советнинг динга қарши ташқивот қуроли эса – космонавтика ривожини тараққиётнинг дин устидан ғалабаси сифатида кўрсатишга харакат қиларди. Ваҳоланки, Коинотни эгаллашда ва Ягона Аллоҳга иймон келтириш ўртасида қарама-қаршилик бўлмаган.
Коинотни забт қилиш инсониятга Парвардигор томонидан яратилган оламнинг қай тарзда экани, ва бу чексиз оламда инсоннинг ўрни нимадан иборат эканини яхшироқ тушунишига имкон яратади.
Инсониятнинг космонавтика соҳасидаги бу буюк ютуғи ягона ривожланаётган илмий тушунчалар тизими, гипотеза ва қонунлар, фикр ва қарашлар, шунингдек янги технологияларсиз амалга ошмас эди. Янги илм ва билимларни эгаллашга бўлган ундов - Аллоҳнинг Каломи Шарифида алоҳида таъкидланган бўлса, Расули Акрам (САВ)нинг кўплаб ҳадиси муборакларида қайд этилган.
Коинотга назар солганимизда ёки уни телескоп туйнугидан томоша қилганимизда, планеталар, юлдузлар ва галактикаларнинг бир-бирига жуда мос ва уйғун харакатидан лол қоламиз, бу борлиқ ўз-ўзидан пайдо бўлмаганига беихтиёр иймон келтирамиз. Аллоҳ Улуғ...
Агар инсон бу фоний дунё ташвишларидан чалғиб, тунги осмонга назар солган ҳолда, Коинотдаги мураккаб жараёнлар, биздан миллионлаб ёруғлик йили масофасида узоқ турган юлдузлар тўғрисида фикр юритишни бошласа, батаҳқиқ тавфиқ ва ҳидоятга яқинлашади.
Мусулмон одам қаерда бўлишидан қатьий назар намоз ўқишни канда қилмайди, очиқ Коинот ҳам бундан мустасно эмас.
Тарихда биринчи марта 2007 йилда “Ҳалқаро космик станцияда (ҲКС) исломий ибодатларни риоя қилиш” тўғрисида эслатма ишлаб чиқилди. Мазкур брошюра Малайзиялик 35 ёшли ортопед-шифокор Шайх Музаффар Шукорнинг Ер шарини айланиб учиши олдидан чоп этилган. У Коинотга чиққан биринчи мусулмонлардан бўлиб, бу космик учиш эса Рамазон ойига тўғри келган.
Эслатмада Ер шари орбитасида бўлганда: диний ибодатларни амалга ошириш, чунончи, таҳорат қилиш, Макка шаҳрини топиш, намоз вақтларини аниқлаш ва Рамазон ойи рўзасини тутиш батафсил ёритилган.
Юқоридаги масалалар кўриб чиқсак кўплаб саволлар туғилади: “Ер шари орбитасида туриб, Макка шаҳрини тўғри топиш, намоз вақтини тўғри аниқлаш мумкин- ми – чунки ҲКС 90 минутда Ер шарини айланиб чиқади ва барча вақт камарларини (часовые пояса) босиб ўтади?”
Ундан ташқари, мусулмон одам намоздан олдин таҳорат олади, сув эса Коинотда “олтинга тенг” ва қатъий меъёр асосида сарфланади. Шунингдек, Коинотдаги вазнсизлик ҳолатида сув Ер шаридаги каби инсон танасига юқмайди ва таҳорат олиш имконсиз бўлиб қолади. Ҳамда ғусл қилиш ҳам жуда қийин. Мусулмон одам учун овқат тегишли Исломий қоидалар асосида “Ҳалол” меъёрлар асосида тайёрланиши лозим.
Мусулмоннинг Ер шари орбитасида ўзини тутиши тўғрисидаги бу тартиблар Малайзия миллий космий агентлиги ва Исломий ривожланиш департаментининг биргаликда ўтказган икки кунлик конференцияси натижасида ишлаб чиқилди. Йиғилишда 150 дан ошиқ олим, диншунос ва астронавтлар иштирок этди.
Ҳамма нарса эса осон ҳал бўлди, чунки Ислом – бу инсонлар ҳаётини осонлаштирадиган диндир ва қийин ҳолатларда диний ибодатларни амалга ошириш тартиблари аввалдан кўрсатиб ўтилган. Масалан, саёҳат мобайнида бу ибодатларни қисқартириш ва бирлаштириб адо этиш, тўлиқ адо эта олмаганларга намозни ўтириб ёки ётиб ўқиш қоидалари мавжуд. Қисқаси, Ислом дини барча ҳаётий ҳолатларга тўлиқ мослаштирилган.
Коинотда ҳам мусулмон одам Ислом қоидаларига амал қилган ҳолда бемалол ҳаёт кечириши мумкин. Ислом уламолари қарорига мувофиқ, малайзиялик дастурчилар космонавтни намоз вақтларидан огоҳ этувчи дастур ишлаб чиқдилар. Шунингдек, Маккани кўрсатиб турувчи махсус навигацион қурилма ҳам яратилди.
Коинотда эса “кеча ва кундуз” тушунчалари бўлмагани учун, намоз вақтларини Қуёш чиқиши ёки ботишига боғламасдан, 24 соатли ҳа ёт ритмига мослаш лозим. Вақт камари ҳисоб-китоби учун эса, космик кема учирилган минтақадаги вақт камари асос қилиб олинди (бу ҳолатда эса – Бойқўнғир станцияси).
Ундан ташқари, мусулмон-космонавт узоқ сафарга чиққанда мусофир каби, намозларини қисқартириши ва бирлаштириб ўқиши мумкин.
Вазнсизлик ҳолатида намоз вақтида мажбурий рукуъ ва сажда ҳолатларини бажара олмаса, инсон касал ёки ноилож шароитдаги каби ўтирган, ётган ёки ёнбошлаган ҳолида ибодатларини адо этиши мумкин.
Коинотда таҳорат олиш учун эса, кундалик гигиеник амалиётлар учун ажратиладиган 4 литр сув доирасида, уни амалга ошириш жараёнлари ва муқобил вариантлари ҳам кўзда тутилди (масалан, таяммум қилиш ва ҳ.к.).
Ўлимтик ва чўчқа гўштини ейиш мусулмон учун ҳаромлиги сабабли, мусулмон-космонавт овқат рациони Ерда “Ҳалол” стандартлар асосида ишлаб чиқилади.
Худди шундай Коинотда Рамазон ойидаги рўзани тутиш ҳам жуда осон ва қулай. Рўзани тутишда саҳарлик ва ифторлик вақтлари аниқлашда эса, космик кема учган нуқтага боғлаб қўйилди.
Шу қоидалар асосида малайзиялик астронавт Музаффар коинотда муқаддас Рамазон ойи рўзасини тутди.
Агар мусулмон-астронавт тўсатдан вафот этса, унинг танасини Ер юзига қайтариш ва кўмиш лозим бўлади. Лекин бунинг иложи бўлмаса, уни имкон қадар ғусл қилдирилади. Агар бунинг ҳам имкони булмаса, таяммум қилдирилади ва очиқ космосга чиқариб юборилади. Ер юзида эса унинг учун жаноза намози ўқилади.
Юнус пайғамбар кит қорнида Аллоҳни эслагани каби, мусулмон-космонавтлар Коинотда Аллоҳга ибодат қиладилар.
500 дан ошиқ инсон космонавт ва турист сифатида Коинотда бўлдилар, улардан 60 таси аёллар.
Космонавтлар ичида мусулмонлар ҳам бор.
Саудия шаҳзодаси Султон бин Салмон – биринчи мусулмон астронавт бўлиб, Discovery шаттлида космосга 1985 йил учган.
Форис Мухаммад Ахмад – “Мир” илмий-тадқиқот орбитал комплекси ва “Союз ТМ-3” космик кемаси космонавт-тадқиқотчиси, Сириянинг биринчи космонавти, подполковник.
Совет Иттифоқи Қаҳрамони, Ленин ордени кавалери ва “Олтин Юлдуз” медали соҳиби (1987 йил 30 июлдаги ССЖИ Олий Совети Президиуми фармони билан).
“Космосни забт этишдаги хизматлари учун” медали (2011 йил 12 апрелда) соҳиби – космонавтика соҳасидаги ҳалқаро ҳамкорликни ривожлантиришга катта ҳиссаси учун берилган. Учиш санаси 22.07.1987й.
Манаров, Муса Хираманович – доғистонлик, миллати – лакец. 1987 йил 21 декабрдан 1988 йил 21 декабргача Мир” илмий-тадқиқот орбитал комплекси ва “Союз ТМ-4” космик кемасида 365 сутка-ю 23 соат мобайнида борт-инженер бўлган. У томондан космик учишлар давомийлиги бўйича жаҳон рекорди ўрнатилган. 1990 йил 2 декабрдан 1991 йил 26 майга қадар иккинчи космик учиши 175 сутка-ю 2 соат давом этган.
Моманд Абдул Ахад – Афғонистан Республикаси. Учиш санаси 29.08.1988й. “Мир” илмий-тадқиқот орбитал комплекси ва “Союз ТМ-6” космик кемасида космонавт-тадқиқотчи. Афғонистон Республикасининг биринчи ва ягона космонавти, афғон ҲХК капитани.
Ҳалқаро космик учишни муваффақиятли амалга оширгани ҳамда жасорат ва қаҳрамонлик кўрсатгани учун Афғонистон Республикаси фуқароси Моманд Абдул Ахадга Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвони берилган.
Аубакиров, Токтар Онгарбаевич – Совет Иттифоқи, 10.02.1991й. Қозоқ миллатига мансуб биринчи космонавт. Совет Иттифоқи Қаҳрамони (1988й).
Мусабаев, Талгат Амангельдиевич – Россия, 01.07.1994й. Совет Иттифоқи/Россиянинг 79-космонавти, дунёнинг 309-космонавти. Техника фанлари доктори. Россия Федерацияси Қаҳрамони.
Шарипов, Солижан Шокирович – россиялик космонавт, Россия Федерацияси Қаҳрамони. Ўш вилоятининг Ўзген шаҳрида (Қирғизистон) ўзбек оиласида туғилган. Учиш санаси 22.01.1998й.
Ансари Ануше – асли эронлик АҚШ фуқароси, учиш санаси 18.09.2006й.
Шукор, Шейх Музафар - малайзиялик, 10.10.2007й.
Роббул Оламийн инсон учун бу чексиз Оламни яратди. Яна Аллоҳим бу чексиз ва чегарасиз Коинотни Инсон ўзига юклатилган вазифасини англаши, маънавий ва жисмоний салоҳиятини тараққий эттириши учун бунёд қилди. Барчамиздан талаб қилинадигани эса – бу дунёни тушуниш, ҳамда унда Парвардигоримиз кўрсатганидек ҳаёт кечиришимиздир.
Ҳожи Мурод Ражабов
Абу Асадуллоҳ таржимаси