Тарозини тўғри қилиш, ўлчовда одил бўлиш

Тарозини тўғри қилиш, ўлчовда одил бўлиш

Тарозини тўғри қилиш, ўлчовда одил бўлиш

Ислом дини инсонлар ўртасидаги муносабатларда ҳамиша адолат, инсоф, ҳалоллик ҳукмрон бўлишини талаб этади ва мусулмонларни шунга чорлайди. Бу муносабатлар орасида савдо-сотиқ ҳам алоҳида аҳамиятга эгадир. Аллоҳ таоло бандаларини ўзаро савдо-сотиқ қилишда харидор ҳақига риоя қилиш, тарози ва ўлчовларда бошқаларга хиёнат қилмасликни буюрган.

Жумладан, Исро сурасининг 35-оятида бундай амр этилади:
وَأَوْفُوا الْكَيْلَ إِذَا كِلْتُمْ وَزِنُواْ بِالْقِسْطَاسِ الْمُسْتَقِيمِ ذَلِكَ خَيْرٌ وَأَحْسَنُ تَأْوِيلاً
«(Ўрталарингиздаги олди-берди, савдо-сотиқда бирон нарсани) ўлчаган вақтингизда ўлчовни тўла-тўкис қилинглар ва тўғри тарози билан тортинглар! Мана шу энг яхши ва чиройли ечим-ҳукмдир».
Қуръони каримнинг бир неча оятларида савдо-сотиқдаги ҳалоллик, тарози ва ўлчовлардан уриб қолмаслик мусулмонлар ахлоқининг ажралмас қисми эканига эътибор қаратилади ва харидор ҳақига хиёнат қилиш оғир гуноҳлардан экани таъкидланади, ўлчовдан уриб қолувчиларга эса жаҳаннам азоби билан таҳдид қилинади. Бу борадаги оятларнинг энг машҳурлари Қуръони каримнинг Мутаффифун сурасида келган:
وَيْلٌ لِّلْمُطَفِّفِينَ الَّذِينَ إِذَا اكْتَالُواْ عَلَى النَّاسِ يَسْتَوْفُونَ وَإِذَا كَالُوهُمْ أَو وَّزَنُوهُمْ يُخْسِرُونَ
 «(Савдо-сотиқда ўлчов ва тарозидан) уриб қолувчи кимсалар ҳолига вой! Улар одамлардан (бирор нарсани) ўлчаб олган вақтларида тўла қилиб оладиган,  уларга ўлчаб ёки тортиб берган вақтларида эса уриб қоладиган кимсалардир». (Мутаффифун сураси 1-3 оятлар)
Ояти каримадаги «вайл» сўзи ҳолига вой, ҳалокат маъноларини ва дўзах чуқурларидан бирининг номини англатади. Тарозидан, ўлчовдан уриб қолувчилар ҳолига вой бўлсин, дейиляпти. Яъни, улар бу қилмишлари билан ўзларини ҳалок қилишади.
Икрима Абдуллоҳ ибн Аббосдан (розияллоҳу анҳумо) ривоят қилишича, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Ясрибга (Мадинага) келган вақтларида шаҳарликлар ўлчовдан уриб қолишар эди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди. Шундан кейин улар тўғри ўлчай бошлашди».
Ояти каримада тарози ёки ўлчовдан уриб қолувчилар «مطففين» деган сўз билан ифодаланди. Бу сўз “арзимас, ўта ҳақир, паст нарса”ни англатувчи «طفيف» (тафиф) сўзидан олинган. Чунки уриб қолувчилар ҳар доим, ҳар битта мижоздан ўта арзимас миқдорни уриб қоладилар. Масалан, 10 метр газлама харид қилмоқчи бўлсангиз, у сизга 9 метру 95 сантиметр беради. Сиз буни ё биласиз, ё билмайсиз, билсангиз ҳам 5 сантиметр учун жанжаллашгингиз келмайди. Ҳаромдан ҳазар қилмайдиган сотувчи эса ўша арзимас, ҳақир миқдорлардан йиғилган умумий миқдорга кўз тикади. Тарозуда ҳам шундай арзимас-арзимас миқдорда кам бериб, килосидан уришади. Шу билан ўша уриб қолувчи савдогар аслида ўзини пастга ураётганини, ўз ғурури ва виждонини арзимас, ҳақир нарсага алмаштираётганини англамайди. Айнан шу нарса ояти каримада «мутаффифлар»га яъни арзимас нарсаларни уриб қолувчи савдогарларга вайл бўлсин дея ифодаланишида ҳам олам-олам маъно яширинган аслида. Шу бир сўзнинг ўзида улкан тарбиявий ибрат ва насиҳатлар мужассам бўлган. Уриб қолинадиган нарса арзимас, кичик миқдорда бўлса, уриб қолиш асло мумкин эмас. Кишилар ҳақига хиёнат қилишнинг катта-кичиги бўлмайди. Ояти каримада айнан арзимас нарсани уриб қолувчилар тилга олиниши воқелик ҳукмига биноан айтилган. Яъни, одатда тарози ва ўлчовдан уриб қолувчилар билдирмасдан арзимас-арзимас миқдорда уриб қолишади. Бу харидорга унча катта зарар бермасада, аммо жамиятдаги мазкур ҳолатнинг ўзи кишиларнинг маънавий жиҳатдан ўта носоғлом, тубан бир аҳволга тушиб қолганларидан далолат беради. Шу боис жамият аъзолари ўртасида ўзаро ишонч, ҳурмат туйғулари завол топади. Ҳолбуки, фаришталар таъзим қилган инсон зоти ўз нафсини қадрлаши, бундай пасткаш ишлардан ўзини юқори тутиши авлороқ эди. Тарозидан уриб қолувчи шахс ҳеч замонда бири-икки бўлиб, бадавлат бўлиб кетмаган. Бундайларнинг косаси оқарганини ҳеч қайсимиз кўрмаганмиз. Аввал қандай яшаган бўлсалар, ҳозир ҳам шундай учма-уч қилиб яшашяпти. Жазо жиноятнинг жинсидан берилади деганларидек, бойиб кетиш орзусида бундай қабоҳатни ўзига касб қилган кимсаларнинг рўзғорларидан Аллоҳ таоло баракани ҳам олиб қўяди. Ўзининг самовий барака хазиналари эшикларини бундай хоин одамлар юзига ёпиб қўяди. Агар ҳалоллик билан яшасалар эди, бола-чақаларига кам бўлса ҳам ҳалолидан едирсалар эди, шу вақтгача Аллоҳ таоло бошқа томондан Ўзининг баракот эшикларини очиб қўйган ва ишлари юришиб, ризқлари кенгайиб кетган бўларди. Аммо начора, қачонки банда ўзи учун, ризқи учун ҳалол эшиклар турганида, ҳаром эшикни очар экан, ҳам баракадан мосуво бўлади, ҳам гуноҳ орттиради. Бундай ҳолатлардан барчамизни Аллоҳнинг Ўзи асрасин! Барчамизни ҳалоллик сари бошласин! Шу ўринда улуғ саҳобий ҳазрат Али (розиялллоҳу анҳу) билан бўлиб ўтган ва сўзимизга бевосита дахлдор бўлган бир воқеани эсга олиш фойдадан холи бўлмайди. Ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу) бир куни масжидга кириб кетаётсалар масжид эшиги олдида бир бола турарди. Ҳазрат Али болага отларининг юганини бериб, намоз ўқиб чиққунларигача ушлаб туришини сўрадилар. Бола ҳўп бўлади, дедию, саҳобий масжидга кириб кетишлари билан, бозорга йўл олди ва ўша ерда бир дирҳамга ҳам етмайдиган арзимаган баҳога юганни сотиб юборди. Али (каррамаллоҳу важҳаҳу) намоз ўқиб чиқсалар, бола йўқ. Тушундиларки, бола омонатга хиёнат қилган. У киши дарҳол бозорга бордилар. Айланиб юрсалар, худди ўзларига тегишли ўша юган бир дирҳамга сотилаётган эди. Индамасдан уни сотиб олдилар. Кейин шу воқеани дўстларига айтиб бериб: «Мен намоздан чиққандан кейин ҳалиги болага омонатимни ушлаб тургани учун бир дирҳам бермоқчи эдим. Аммо у бу пулни ҳалолдан эмас, ҳаромдан топишни ихтиёр қилди», дедилар.
Бу сўзларда чуқур маъно ва ҳикмат яширинган. Инсон ҳалол бўлса, ўйламаган томонидан ризқига барака киради. Аммо ҳаром йўл билан пул топишга уринса, ҳам ризқига ҳаром аралашади, ҳам гуноҳ орттиради... Ундан ташқари, қаерда тарози ва ўлчовдан уриб қолиш кенг кўламда илдиз отган бўлса, ўша ерга турли балолар ёғиллади, ёғингарчиликлар ҳам камайиб, қурғоқчилик, озуқа танқислиги вужудга келади. Ибн Аббосдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: «Агар бир қавм аҳдни бузсалар, Аллоҳ уларнинг устидан душманлари­ни ғолиб қилиб қўяди. Агар улар ўлчовдан уриб қолсалар, ўсимликлардан ман қилинадилар ва қурғоқчиликка гирифтор бўладилар» (Ибн Мардавайҳ). Демак, савдода ўлчов ва тарозидан уриб қолиш нафақат маънавий, балки моддий зарарлар ҳам келтириб чиқарар экан. Бундай ярамас ишлар боис кишиларнинг ризқи кесилиб, ўртадан барака кўтарилиб кетади.


Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ
Юнусобод тумани бош имом-хатиби,
Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,
«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби

back to top