Бағрикенглик – тараққиёт гаровидир

Бағрикенглик – тараққиёт гаровидир

Бағрикенглик – тараққиёт гаровидир

Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, 31-модда.

Ўзининг таркиби ва мазмуни жиҳатидан хилма-хил миллат, маданиятлар бирлигидан ташкил топган жамиятимизда мустақиллик йилларида миллатлараро тотувликни сақлаш, фуқароларнинг ҳамжиҳатлиги ва бағрикенглигини таъминлаш соҳасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Зотан, хайрли ишларда ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб яшаш Яратганнинг талабидир.
Халқларнинг динга бўлган муносабатига қараб, ўша ҳудуднинг маданий-маънавий, моддий ёдгорликлари, қадриятлари ва ўзига хос анъаналарига нисбатан баҳо бериш мумкин. Дин-эътиқод, виждон эркинлиги, тафаккур эркинлигининг яққол намоёндасидир. Зеро, Ислом динининг муқаддас ҳадисларида ўзбек халқига хос меҳр-ҳурмат ва эҳтиром туйғуларининг бардавомлигини кўришимиз мумкин.
Мамлакатимизда эътиқод эркинлиги Асосий қонунимизда кафолатлаб қўйилди. Барча исломий қадриятлар – масжид ва мадрасалар, нодир тарихий манбалар, осори атиқалар мусулмонларга қайтарилди. Эмин-эркин ибодат қилиш, диний билимларга эга бўлиш учун барча шарт-шароит муҳайё этилди.
Ислом дини аввал-бошданоқ инсониятга асл мурувватни, диндошларига, ҳатто бошқа дин вакилларига эҳтиром ҳамда бағрикенглик билан муносабатда бўлишни ўргатиб келган.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳузурига бир гуруҳ ансорийлар келиб, «Эй Аллоҳнинг Расули! Сақиф қабиласи ҳидоятга кирмаяпти, уларни дуоибад қилинг», дейишганида у зот «Аллоҳим, Сақифни ҳидоят қил», дедилар. Ансорийлар яна «Эй Аллоҳнинг   Расули! Уларни дуоибад қилинг», дейишди. Бироқ Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) яна «Аллоҳим! Сақифни ҳидоят қилгин», дедилар. Учинчи маротаба сўрашганда ҳам шу дуони қилдилар.
Бунда Ислом динига, унинг бир вакилига хос бағрикенглик яққол кўринади. Қарангки, Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бу муборак дуоси ижобат бўлиб,  кейинчалик ана шу Сақиф қавмидан буюк зотлар, улуғ уламолар етишиб чиқди.
Ривоят қилинадики, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) вафот қилишларидан олдин бир яҳудийга ўз совутларини гаровга бериб, ундан 30 соъ арпа сотиб олган экан. Оиша (розияллоҳу анҳо) мана шу воқеани у зотнинг бағрикенглик борасида ўз умматларига кўрсатган энг катта таълими, деган эди.
Энди бир савол туғилади: Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га қарз берадиган саҳобалар йўқмиди? Саҳобаи киромлар Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) учун қарз, мол-дунё тугул жонларини беришга ҳам тайёр эдилар. Ниҳоятда бой-бадавлат саҳобалар бор эди, бутун бошли қўшинни қурол-яроғ, улов билан жиҳозлаган, кийим-бош, озиқ-овқат билан таъминлаган, Ҳазрати Усмон (розияллоҳу анҳу) каби катта-катта боғларни, қудуқларни сотиб олиб, мусулмонларга вақф қилиб берган саҳобалар жуда кўп эди. Лекин нима учун Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ғайридиндан, яҳудийдан озгина арпани гаров эвазига қарзга олдилар?
Бу Ислом умматига ўзига хос таълимдир, яъни бошқа дин, бошқа мамлакат, бошқа миллат вакиллари билан ҳам ана шундай муомала қилиш дурустлигини ўргатишдир. Демак, мусулмон одам ўзи яшаётган жамиятда ҳар қандай инсон билан қўни-қўшни бўлиб яшаши, савдо-сотиқ, олди-берди, улар билан борди-келди қилиши мумкин экан. Дўстона қўшничилик муносабатларини йўлга қўйиши жоиз экан.
Бундан англашиладики, кўнглида адоват бўлмаган ҳамда жамиятга зарари тегмайдиган кишилар билан яхши муомалада бўлиб, улар билан дунёвий ишларда ҳамкорлик қилиш, шу билан бирга, тинчлик ишига рахна соладиган, Ислом дини равнақига зиён етказиш ғаразида бўлган кишиларга нисбатан муросасозлик қилиб ўтирмаслик динимиз талабидир.
Барчамизга маълумки, юртимизга ҳижрий тўққизинчи асрдан бошлаб ҳанафий мазҳаби кириб келган. Ҳозирги кунда Бухорода масжид ва зиёратгоҳи жойлашган Абу Ҳафс Кабир хизматлари туфайли диёримизда ҳанафий мазҳаби кенг ёйилган. Имом Аъзам мазҳаби бошқа мазҳабларга қараганда ўзга динлар ва маҳаллий урф-одатларга нисбатан анча эркинлик бериши билан ажралиб туради. Бу мазҳаб ана шундай халқпарвар мазҳабдир. Ҳанафия таълимотини камолга етказган ватандошларимиз, Абу Мансур  Мотуридий, Абул Муин Насафий, Бурҳониддин Марғиноний каби юзлаб алломалар мусулмонлар орасидаги ғоявий тарафкашликка барҳам бериш, Ислом динининг, аҳли сунна вал жамоа йўлининг барқарор бўлиб қолишига улкан ҳисса қўшишган.
Хусусан, бу зотлар исломий бағрикенглик руҳини тарқатиш борасида ҳам катта хизматлар қилишган. Диёримиздан етишиб чиққан алломалар асарларида диний бағрикенглик билан боғлиқ қадриятлар тарғиб қилинган ғояларни кўп учратамиз.
Масалан, буюк аллома, мотуридия йўналишининг асосчиси Абу Мансур Мотуридийнинг «Таъвилоту аҳлис-сунна» деган бутун оламга машҳур тафсир китоби бор. У зот Ҳаж сурасининг 40-ояти тафсирида: «Черков ва синагогаларни (черков – насронийлар, синагога – яҳудийлар ибодатхонаси) вайрон қилиш ман этилади. Бу масалада илм аҳли орасида ихтилоф йўқдир», деб ёзганлар. Шунинг учун ҳам мусулмонлар қўл остида бўлган юртларда 14 асрдирки, черков ва синагогалар бугунги кунгача бузилмай сақланиб қолган.
Мовароуннаҳрлик яна бир машҳур фақиҳ, муфассир Абул Баракот Насафийнинг «Мадорикут-танзил» деб номланган тафсирлари ҳозир ҳам ислом оламида машҳур. Абул Баракот Насафий ушбу тафсирда мазкур оятга: «Ўзга дин вакилларига эҳтиром кўрсатинглар, уларга сўзда ҳам амалда ҳам яхшилик қилинглар», деб шарҳ берган.
Мотуридий насронийларнинг қалби мусулмонларга мойилроқ, дўстона муносабатга яқин эканини айтади. Абул Баракот Насафий ҳам насронийларнинг мусулмонларга кўнгли яқинлигини айтиб, улар орасида мутавозеъ, камтар зотлар, олим ва обидлар бор деб таърифлаб, илм кимда бўлишидан қатъи назар, албатта яхшиликка етаклашини алоҳида таъкидлаган. Аҳмад Яссавий ҳам ўз «Ҳикмат»ларида: «Суннат эрмиш, кофир бўлса, берма озор. Кўнгли қаттиқ дилозордан Худо безор», деб ёзади.
Бурҳониддин Марғинонийнинг «Ҳидоя» асарида мусулмонлар диёрида черков ва ибодатхоналар бузилиб кетган бўлса, уларни яна қайта тиклаш жоизлиги алоҳида таъкидланади. Булардан шундай хулосага келиш мумкинки, динимизда ғайридинларга, хусусан,  насроний, яҳудийларга кескин  муомала қилиш, душманчилик қилиш мумкин эмас экан.
Динимизда бағрикенгликни шундай тушуниш лозимки, унда инсон тугул ҳайвонга ҳам озор бериш йўқ, ҳайвон тугул набототга бесабаб зарар етказиш йўқ. Ҳатто урушда, инсон ҳаётига хавф туғилиб турган вазиятда ҳам боғ-роғларни бекорга йўқ қилишдан, дарахтларни беҳуда кесишдан қайтарилган.
Ҳақли саволлар туғилади: ундай бўлса, нима учун бугун мусулмонлар яшайдиган айрим юртларда хунрезлик авж олган? Нима учун мусулмон мусулмоннинг қонини тўкаяпти? Нима учун бугун дунёнинг қаерида уруш бўлса, орасида мусулмонлар бўляпти?
Бу каби саволларнинг жавоби битта: буларнинг барчаси Исломнинг аслидан узоқлашиш оқибатидир. Мисрда, шайх Шаъровий билан бир даврда яшаган Муҳаммад Ғаззолий шундай деган эди: «Бугунги кунда диндорларнинг айби туфайли дунёнинг ярми мусулмон эмас. Худди шунингдек, тариқатда ҳам сохта, жоҳил пирлар одамларнинг тариқатдан қўрқишига, тасаввуфдан ихлоси йўқолишига сабабчи бўлиб қолишди».
Яъни айрим мусулмонлар ўзларининг ёмон ахлоқлари, ёмон феъллари билан одамларда исломга нисбатан ёмон тушунча ҳосил қилиб қўйдилар. Натижада одамлар исломдан қўрқадиган бўлишди, исломофобия юзага келди.
Шунинг учун ҳам бугунги мураккаб даврда ўз ахлоқимиз билан динимизнинг беқиёс фазилатларини намоён қилиш биз мусулмонларнинг зиммамизда фарз бўлиб турибди. Бугун дунёда Ислом ҳақида, мусулмонлар ҳақида нотўғри тушунча шаклланиб қолган. Динимизга, Пайғамбаримиз (саллоллоҳу алайҳи васаллам)нинг шаънларига туҳмат, таъна-маломат тошлари отилмоқда. Бу даъволарнинг пуч, асоссиз эканини исботлаш, дунё афкор оммасининг кўзига асл ҳақиқатни кўрсатиб қўйиш, динимизнинг шаънини оқлаш учун ҳар биримиз ахлоқимизни мукаммал этишимиз зарур. Ҳар бир инсон, бутун жамият ўзаро муносабатларни халқларнинг турли-туман урф одатлари, маданияти ва қадриятларини тан олган ҳолда бағрикенглик асосига қуриши зарур. Зеро, тинч-тотувлик, бағрикенглик тараққиёт гаровидир.
Ўзбекистон мустақилликка эришгач, динга ва диний ташкилотларга муносабат тубдан ўзгарди. Бу ўзгаришларнинг моҳиятини ва аҳамиятини теран англаб етмоқ учун собиқ Шўро даврида динга ва диний қадриятларга нисбатан бўлган салбий муносабатни билиш бизни ўйлаш ва фикр юритишга, мустақилликнинг қадрини англашга йўллайди. Ўша вақтларда маданиятимиз, миллий ғуруримиз топталди. Диний маъмурий обидалар, улуғ алломалар мангу уйқуга кетган мақбаралар қаровсиз, ташландиқ холга келиб қолди, бобокалонларимиз яратган маънавий мерос реакцион маданият деб қораланди.
Мустақиллик туфайли эса юртимиз учун том маънодаги виждон эркинлиги таъминланди. Рамазон ва Қурбон хайитлари 1990 йилдан бошлаб ҳар йили оммавий равишда байрам сифатида нишонланиб келинмоқда. Мустақиллик туфайли Республикамиз фуқаролари Ҳаж сафарига бориш, муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиш бахтига муяссар бўлишди.
Ўтган йиллар давомида халқимизнинг маънавий бойлиги бўлган ноёб манбаларни тизимли ўрганиш йўлга қўйилди. Уларнинг натижаси ўлароқ, Имом Бухорийнинг хадислар тўплами 4 жилдда, Бурҳониддин Марғилонийнинг «Ал-Ҳидоя»си, Имом ат-Термизийнинг «Сунан ат-Термизий» асарлари ўзбек тилида илк бор нашр этилди. Муқаддас Қуръони карим маъноларининг таржимаси 2 маротаба нашр этилди.
Амир Темур саройида бўлган Кастилия элчиси гувоҳлик беришича, Соҳибқирон Самарқандда турли дин вакилларини йиғади, уларга илтифот кўрсатади ҳамда насронийликка эътиқод қилувчи меҳмонларнинг турли эҳтиёжларини бажариш учун алоҳида масъул шахс белгилайди. Улар билан дўстона алоқаларни мустаҳкамлашни тайинлайди.
Бугунги кунда республикамиз бўйича фаолият кўрсатаётган 2224 та диний ташкилотдан 175 таси бошқа динлар ва конфессиялар вакилларига хизмат қилади. Шунинг¬дек, республикада конфессиялараро Библия жамияти ҳам фаолият юритмоқда. Насронийликнинг уч йирик йўналиши – православ, католик ва протестантликка тегишли ташкилотлар, шунингдек, арман Апостоллик черкови ҳам ишлаб турибди.
Мустақиллик шарофати билан 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари яшайдиган Ўзбекистонда турли миллат ва элат вакиллари фаровон яшаши учун қулай шароитлар яратилган бўлиб, Ислом, насронийлик, яҳудийлик динлари ва бош¬қа конфессиялар вакиллари тинч, осойишта ҳаёт кечиришмоқда.
Мустақиллик шароитида этник муносабатлар ва дин соҳасида олиб борилаётган изчил ва оқилона сиёсат туфайли мамлакатимизда миллатлараро тотувлик, динлар ва конфессиялараро ҳамкорлик қарор топди. Конституциямизда «Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар», деган тамойилнинг мустаҳкамлаб қўйилиши эса, бу борадаги ишларнинг қонуний асоси бўлиб хизмат қилмоқда.
Миллий қадриятлар диний бағрикенгликни ривожлантиришда муҳим ўрин тутади. Толерантлик – ўзлигини англаган миллат вакилларини бош¬қа миллат вакилларининг камситишига йўл қўймаслик, улар билан тинч-тотув ҳаёт кечиришидир. Толерантлик туйғуси инсоннинг хулқ атвори, одоб-ахлоқи, сиёсий-маънавий поклиги, ўз халқига ва миллий-тарихий қадриятларига муносабатини белгилаб беради. Бу хусусиятлар эса ҳар бир инсонда бағрикенглик, байналмилаллик туйғуларини уйғотади.
Ўзбекистонда том маънода диний бағрикенгликнинг юксак анъаналарига амал қилинаётгани жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилмоқда. Ватанимизнинг биринчи Президенти Ислом Каримов таъбири билан айтсак, «Бугун мана шундай хавфли – таҳликали, ўта нотинч бир даврда жаҳон молиявий инқирози ҳали-бери давом этаётган бир пайт¬да эл-юртимиз нимаики натижаларни қўлга киритмасин, буларнинг барчаси юртимизда тобора мустаҳкам бўлиб бораётган тинчлик ва осудалик, миллатлар, динлар ва фуқаролар¬аро тотувлик ва аҳиллик, бир-биримиз¬га ҳурмат ва эҳтиром ҳисобидан десак, ўйлайманки, ҳеч қандай хато бўлмайди».
Дарҳақиқат, ҳар бир инсон, бутун жамият ўзаро муносабатларни халқларнинг турли-туман урф одатлари, маданияти ва қадриятларини тан олган ҳолда бағрикенглик асосига қуриши зарур. Зеро, тинч-тотувлик, бағрикенглик тараққиёт гаровидир.
Азиз ва мустақил юртимизда яшаётган кишиларнинг тинч-тотув, ўзаро ҳурмат ва эътиборда истиқомат қилишларида Аллоҳ таоло мададкор бўлиб, она Ватанимизни турли бало ва офатлардан ҳифзу ҳимоясида сақласин!


Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ,
Юнусобод тумани бош имом-хатиби,
Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,
«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби

back to top