ТАБРИК!

ТАБРИК!

ТАБРИК!

Аллоҳ таолога ҳамду саноларимиз бўлсинки, юртимиз мустақилликка эришгандан буён тараққиёт сари юксалиб бормоқда. Ўзбекистоннинг биринчи Президенти, марҳум Юртбошимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов бошчилигида жуда катта хайрли ишлар амалга оширилди. Бугун ана ўша жараённинг давоми ўлароқ, халқимиз янги бир поғанага кўтарилди, юртимизда янги бир давр бошланди, Мустақил Ўзбекистонга иккинчи президент тайинланди.

Бу сайловидаги ютуқлар ва кўтаринкилик, унинг бутун жаҳон ҳамжамияти тарафидан юқори баҳоланиб, эътироф этилиши, кузатувчиларнинг илиқ фикрлари диққатга сазовордир. Айниқса, халқимизнинг сайловда фаол, эркин, келажакка ишонч билан, кўтаринки кайфиятда иштирок этиб, ўз овозлари билан ўз раҳбарларини сайлашлари жуда ҳам қувонарли ҳолдир. Умид қиламизки, жонажон халқимизнинг бу ишончи ўзини оқлайди, иншооллоҳ.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар ишда яхшилик умид қилишга одатлангандилар, ҳатто одамларнинг исмидан, жойларнинг номидан ҳам яхшилик кутардилар. Юртимиз тарихида муҳим аҳамият касб этиб турган ушбу сайловнинг ул сарвари оламнинг таваллуд ойида бўлиб ўтгани биз учун ана шундай умидбахш бир ҳодиса бўлди. Милодий 2017 йилни янги сайланган Президентимиз тарафидан «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатларини ҳимоя қилиш йили» деб эълон қилиниши умидларимиз ижобатининг дебочаси бўлса, ажаб эмас.
Шу фурсатдан фойдаланиб, биз ‒ Ислом.уз портали ходимлари Шавкат Миромонович Мирзиёев жанобларини сайловдаги ғалабалари, Ўзбекистондек бетакрор бир юртга Президент бўлганлари муносабати билан чин қалбдан табриклаймиз. Қадамлари қутлуғ бўлсин! У кишига соғлик-омонлик, эзгу ишларида муваффақиятлар ва зафарлар тилаймиз, барча хайрли ишларида Парвардигори олам ёру мададкор бўлсин. Эл-юрт тараққиёти, динимиз ривожи, халқимиз фарвонлиги йўлида улкан хизматлар насиб этсин, орзуларидан афзалини берсин ва илму адолат туғини мамлакат узра баланд кўтаришларини муяссар этсин, бу йўлда ҳамиша Ўзи қўлласин!
Бир юртга, хусусан, асрлар оша уммати Муҳаммаднинг бир қисми бўлган, тарихан буюк бир халққа раҳбар бўлиш жуда катта шарафли ва айни пайтда, ўта масъулиятли ишдир. Ушбу ҳақиқатни тўла ҳис этиб, вазифани муваффақиятли адо этишларини Шавкат Миромонович Мирзиёев жаноблари бошлиқ барча раҳбарларга Аллоҳ Ўзи насиб этсин!
Сиз азиз халқимизни ҳам янги Президент сайланиши муносабати билан чин дилдан муборакбод этамиз ҳамда бу янги босқич динимиз, дунёмиз ва охиратимиз учун янада манфаатли бўлишини, келгуси ҳаётимиз янада осуда ва фаровон бўлишини Аллоҳдан сўраб қоламиз.
Аллоҳим! Ўзинг юртимизни тинчлик, омонлик диёри қилгин! Турли бало-офатлардан, макру фитналардан ҳамиша Ўзинг асра! Бу юрт ва унинг аҳлига, мўмин бандаларингга яхшилик истаганларни Ўзинг қўлла, уларни музаффар эт! Уларга ёмонлик истаганларни ўз ҳийлалари билан даф қил! Бизни буюк аждодларга муносиб ворис бўлиб, улардек жаҳонда етакчи халқлардан бўлишимизни муяссар айла! Бу йўлда чин ихлос билан ҳаракат қилаётган ҳар бир ватандошимизни Ўзинг ёрлақа! Халқим, ватаним, диним деган ҳар бир юрт ўғлонини Ўзинг асра! Омин!

back to top