Уч нарса борки… (1-қисм)

Уч нарса борки… (1-қисм)

УЧ НАРСА БОРКИ…
(Учлик ҳадис ва ҳикматлар)

Мусанниф: Аҳмад Муҳаммад

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Ушбу учлик ҳадис ва ҳикматлар тўпламини тузишдан мақсад шакл ўйинлари эмас, билъакс мўмин-мусулмон биродарларимизни Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннати набавийялари, улуғ алломаларимизнинг ҳикматлари уммонидан бир улуш ила сийлаб, дуоларини олмоқ, холос. Илоҳо, Ҳақ таоло барчамизни ҳидоят сари йўлласин.


УЧ НАРСА БОРКИ…

Ибн Нажжор Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси қудсийда шундай дейилади: «Аллоҳ таоло айтади: “Уч хислат борки, уларга амал қилган кимса ҳақиқатан Менинг дўстимдир, уларни иҳмол (рад) қилган эса душманимдир:
1. Намоз ўқимоқ;
2. Рўза тутмоқ;
3. Жунубатдан ғусл этмоқ».


* * *

Ҳадиси қудсийда келишича, Аллоҳ таоло шундай деган: «Мен қиёмат кунида шу уч хил инсоннинг душманиман:
1. Менинг номимга онт ичиб, сўнгра онтини бузиб, унинг устидан чиқмаганнинг;
2. Ҳур одамни қул деб сотиб, пулини еганнинг;
3. Бирор иш қилдириш учун ишчи ёллаб, ишини битиргач, ижарасини бермаганнинг».

* * *

Ҳадиси қудсийда айтилади: «Ақлли кимса вақтини уч қисмга бўлмоғи лозим:
1. Бир соатида Раббига мулоқотда бўлмоғи;
2. Бошқа соатида нафсини назорат ва сарҳисоб қилмоғи;
3. Қолган соатини емак-ичмагига бағишламоғи».

* * *
   
Пайғамбар алайҳиссаломдан ривоят қилинади: «Мунофиқлик белгиси учтадир:
1. Ёлғон сўзлаш;
2. Ваъдасининг устидан чиқмаслик;
3. Омонатга хиёнат қилиш».

back to top