Туркиялик меҳмонлар «Ҳилол-нашр»да
- Written by Info.islom.uz
Туркиялик меҳмонлар «Ҳилол-нашр»да
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг muslim.uz сайтида маълум қилганидек, юртимизга Туркиянинг бир қатор университетларидан дин олимлари гуруҳи ташриф буюриб, Мир Араб олий мадрасаси ҳамда Туркиянинг 4 та университети ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган эди. Меҳмонлардан бир гуруҳи бугун «Ҳилол» нашриёт-матбаа мажмуасида меҳмон бўлиб, нашриёт ҳамда «Гранд-таълим» ўқув маркази ходимлари билан учрашдилар.
Меҳмонларимиз Ўзбекистонда диний таълимнинг бугунги ҳолати ҳақида, хусусан, нашриётда ва ўқув марказида олиб борилаётган ишлар, араб тили ва исломий илмларни ўқитиш тажрибаси ҳақида суҳбат қилиб, саволларига батафсил жавоблар олдилар. Учрашувда меҳмонларга нашриётимизда ва бошқа босмахоналарда чоп қилинган ўқув-услубий қўлланмалар намойиш қилинди. Arabic.uz ҳамда madrasa.uz сайтларининг фаолияти, шунингдек, уларнинг бой кутубхонаси меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.
Туркиялик меҳмонларимиз ушбу илм даргоҳининг асосчиси, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг динга ва Ватанга қилган улкан хизматларини, мустабид тузум даврида кўрсатган жасоратларини эътироф қилдилар, у кишининг динимиз ривожига қўшган ҳиссаларини бугунги кун эмас, ўша оғир давр нуқтаи назаридан баҳолаш лозимлигини таъкидладилар, учрашув сўнгида Қуръон тиловат қилиб, савобини шайх ҳазратларининг руҳларига бағишладилар.
Исмоилжон Муҳаммад Юсуф меҳмонларга ташаккурлар айтиб, эсдалик совғалар бериб кузатиб қўйдилар.