Коррупцияга ботган мамлакатлар ўнталиги

Коррупцияга ботган мамлакатлар ўнталиги

Рискларни таҳлил қилувчи “Verisk Maplecroft” номли халқаро компания дунёнинг 198 мамлакат бўйича ўтказилган тадқиқотлар асосида, улардаги коррупция ҳолати бўйича рейтингни тақдим қилди. ФИФА атрофида бўлиб ўтган воқеалар туфайли дунёдаги коррупция ҳолати ҳалқаро жамиятнинг яна диққат марказига айланди. Рискларни таҳлил қилувчи ва башоратлар билан шуғулланувчи Verisk Maplecroft компаниясининг баёноти дунёда коррупция кенг қулоч ёйган жойларни кўрсатиб берди.

Мавжуд коррупция “пул олди-бердисида ёки маълум турдаги хизматлар омилида юзага келади”. Verisk Maplecroft 2012 йил августидан 2014 йил августига қадар Transparency International, Freedom House ва АҚШ давлат департаменти берган маълумотларга таяниб, 198 давлатда таҳлилий кузатувлар олиб борган. Унга кўра, ушбу жиноят Африка минтақаси Саҳройи Кабиридан жанубда жойлашган ҳамда Яқин Шарқнинг ривожланаётган давлатларида кенг тарқалган.

Икки йил мобайнида компания бешта омилни кузатиб борган:

Коррупциянинг доимийлиги;
Коррупциянинг давомийлиги;
Коррупциянинг тарқалганлиги;
Коррупциянинг оғирлиги;
Коррупциячиларнинг жазосиз қолиши.

Verisk Maplecroft аналитиклари бу маълумотларни 0 дан 10 гача бўлган рақамлар асосида баҳолашган, унга кўра, 0 коррупция жуда юқори, 10 эса жуда паст.

Хусусан, Verisk Maplecroftнинг коррупция бўйича “эктремал” баҳо олган 45 фоиз мамлакатлар Сахрои Кабирнинг жанубида жойлашганини аниқлашган. Бундан ташқари, мазкур мамлакат мансабдор шахслари аксар нефт, газ ва бошқа қазилмалар бўйича ишлайдиган компаниялардан пора сўрашган. Бу эса, Яқин Шарқ мамлакатлари ҳамда Россиянинг мазкур рейтингда қуйи жойларни эгаллашига сабаб бўлган.

Maplecroft Verisk нинг норматив таҳлилчиси Тревор Слак ўз ҳисоботида шундай ёзади: “Коррупцияга оид жиноятлар кўрсаткичи ривожланаётган мамлакатларда анча юқори. Тизимдаги ушбу қонунга зид жиноятда мамлакатлардаги мавжуд корхоналар, порахўр шахслар ва ходимларга боғлиқ бўлиб қолмоқда, ушбу жиноятга қарши курашишга қаратилган саъй-ҳаракатлар зое кетмоқда”. Таҳлилчилар 198 мамлакатда олиб борган тадқиқотлари натижасида шундай хулосага келишдики, улардан 73 тасида коррупцияга оид ҳолат “экстремаль”, 64 тасида “юқори”, 38 тасида “ўрта” ва 23 тасида “қуйи”. Бу борада Дания пешқадам, АҚШ эса 23 ўринда. Мамлакатлар рўйхатдан турли кўрсаткичлари жиҳатидан жой эгаллашган бўлса-да,  келгусида ўрин алмашиш ҳолатлари кузатилиши мумкин. Шу боис, биринчи ўринни бир хил балл олган учта мамлакат бўлиб олишган бўлса-да, улардан паст балл олган мамлакат тўртинчи ўринда, деб ҳисобланди.

10. Жанубий Судан
“Ал-жазира” телекомпаниясининг “Жанубий Судан: орзулар мамлакати” (South Sudan: Country of Dreams), деб номланган сўнгги фильмида дунёнинг энг ёш мамлакати фуқаролар уруши гирдобига ғарқ бўлгани ҳақида сўз очади.
Телекомпания: “Жуда катта нефт заҳираларига эга бўлишига қарамай, мамлакат коррупциядан азият чекмоқда. Мустақил бўлганига ҳали уч йил тўлмасдан мамлакатда фуқаролар уруши бошланиб кетди. Оқибатда ўн минглаб одамлар ўлдирилди, икки миллионга яқин одам эса мамлакатни ташлаб қочишга мажбур бўлди”, бўлди дея маълумот беради.

10. Россия
Ҳукуматга мухолиф бўлган сиёсатчиларнинг қамалишлари - эркинлик йўқлигидан далолатдир. 2018 йилда Жаҳон чемпионатининг Россияда бўлиб ўтиши учун ФИФА делегатларининг овозларини сотиб олиниши. 2014 йили Сочида бўлиб ўтган олимпиада ўйинларига тайёргарлик чоғидаги ҳукумат ва қурилиш компанияларининг яқиндан алоқалари бўлганлиги ҳам бунга далолат қилади.

10. Мьянма
ВВСнинг  2015 йил май ойидаги ҳисоботида хабар берилишича, Бирма иқтисодиёти “ўн йиллаб давом этган стагнация, изоляция ва самарасиз бошқариш оқибатида дунёдаги энг кам ривожланган давлатлардан бири ҳисобланади. Саноатнинг асосий соҳалари ҳарбийлар томонидан назоратга олинган бўлиб, мамлакатда коррупция авж олган”.

6. Либия
“Financial Times” нашрининг апрел ойидаги ҳисоботига кўра, йирик миқдордаги нефт заҳираларини (мамлакат даромадининг 90 фоизи уларнинг хиссасига тўғри келади) назоратига олган шахслар, самарасиз иқтисодий бошқарувда айбланган. Ундан ташқари, улар хукуматнинг муҳим лавозимларига “қўғирчоқ” шахсларни тайинлашда гумон қилинмоқда.  

6. Ироқ
Араб дунёсига оид янгиликларни ёритиб борадиган Al Monitor интернет-нашри исми номаълум қолган, ўзи Ироқда қурувчи бўлиб ишлайдиган кишидан интервью олибди. Ушбу киши АҚШ билан ўтган урушдан сўнг, Ироқда ҳукм сураётган коррупциянинг ишлаш тамойилини қуйидагича тавсифлаб берибди:
«Коррупция нафақат молия соҳаси, балки маъмурий органлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ҳам чуқур сингиб кирди. Чунончи, амалдор шахс янги таъсис этилган қурилиш компаниясини расмиятчилик юзасидан, гарчи қўл остида тегишли мутахассислар ёки механизмлар бўлмаса-да, ўз қариндоши ёки дўстининг номига қайд этади. Бундай компания ўша мансабдор шахс воситачилигида муайян шартнома тузилишига, масалан мактаб биносини қайта қуриш ишларига оид буюртма олишга эришади. Тегишли ишларни, ё компаниянинг ўзи бажаради, ё ишчи кучи ва техникани вақтинча ижарага олиб, бошқа пудратчига топширади. Оқибатда, тегишли лойиҳа ўз вақтида амалга ошмай қолади».

6. Экваториал Гвинея
Human Rights Watch  тарафидан 2014 йил Экваториал Гвинеядаги ҳолат ўрганиб чиқилган ва унга кўра, 1979 йилдан бери мамлакатни бошқариб келаётган Теодоро Обианг Нгема Мбасого давлатида коррупция, қашшоқлик ва репрессиялар Африканинг катта бўлмаган бир давлатида вабо каби тарқалгандир. “Нефтдан тушаётган катта даромадлар аҳолининг аксар қисми қашшоқ яшаётган бўлса ҳам, президент атрофидаги кўп бўлмаган бир тўда элитанинг ҳашаматли яшаши учунгина сарф қилинмоқда. Давлат маблағларининг талон-тарож қилиниши ва юқори даражадаги мансабдорлар орасидаги коррупция ҳолатлари ҳамда интизомдаги бошқа жиддий бузилишлар, хусусан ўзбошимча ҳибсга олинишлар, махбусларни махфий сақлаш ва адолатсиз маҳкама жараёнлари шулар жумласидандир”.

6. Афғонистон
Fiscal Timesнинг хабар беришича, ички даромаднинг кескин равишда тушиб кетиши туфайли 2016 йил Афғонистон бюджет мажбуриятларини бажара олмайди. Сабаби эса, мамлакатнинг учдан бир даромади ҳосил бўладиган божхона тушумлари ўғирлаб кетилгандир. Fiscal Timesнинг қўшимча қилишича, Афғонистон дунё бўйича энг кам солиқ йиғиладиган мамлакатдир.

4. Судан
Суданда коррупция ривожлангани бўйича мисол топиш учун узоққа бориш шарт эмас – яқинда Жанубий Африка мамлакатига ташриф буюрган Судан президенти Баширнинг тезда мамлакатни тарк қилишини эслаш кифоя. Ўшанда унг инсониятга қарши ва геноцид бўйича айблов қўйилиб, қамалиши мумкин эди. Суданлик фаолнинг январ ойида Guardianrа: “Биз ўзимизнинг коррупциялашган ҳукуматимиз қурбонимиз”, деган эди.

4. Марказий Африка Республикаси
МАР феврал ҳолати бўйича BBCнинг берган маълумотларига кўра, мамлакатда коррупция “гуллаб-яшнамоқда”, бу эса ўз навбатида даромади юқори ҳисобланган қурилиш дарахтлари ва бриллиант қазиб олиш соҳаларини йўқ қилмоқда. Бунинг устига, МАР дунёда ривожланмаган давлатлардан биридир.

1. Сомали
2013 йилда БМТнинг Сомалида авж олаётган коррупция ҳақидаги ҳаммаёқни алғов-далғов қилувчи ҳисоботи эълон қилинди. The Wall Street Journal иқтибос сифатида келтирган бир ибора айниқса эътиборни ўзига жалб этади:
“Сомали Марказий банки амалда коррупциялашган тузилмаларнинг - пора олувчи шахсий фондга айланди; банк томонидан берилаётган маблағларнинг 80 фоизи давлат дастурларига эмас, балки шахсий эҳтиёжларни қондириш учун сарф қилинмоқда, банк орқали ўтаётган аксар маблағлар назоратдан четда қолмоқда”.

1. Шимолий Корея
Агар сизга Шимолий Корея коррупциялашган тоталитар давлат эканлиги ҳақида яна исбот керак булса, эътиборингизга “Economic Index of Freedom”нинг 2015 йилги ҳисоботидан бир парча келтирамиз: “Порахўрлик - давлат ва иқтисоднинг барча даражаларида кенг тарқалган ҳолатдир. Ишчилар партияси, Корея Халқ Армияси ва Вазирлар Маҳкамасининг юқори мансабдор шахслари бир-бирига рақиб компанияларга эгалар, ушбу компанияларнинг асосий мақсади - ўз эгалари учун хорижий валюта топишдан иборат. Деярли барча мулк давлатга тегишлидир. Ҳукумат экспорт ва импорт ҳамда ички ишлаб чиқаришни назорат қилади”.

1. Конго Демократик Республикаси
2014 йилги Transparency Internationalнинг ҳисоботига кўра, Конгода коррупция чуқур илдиз отган бўлиб, ҳолатни ижобий тарафга ўзгартириш учун ҳеч қандай умид қолмаган.
Transparency Internationalнинг ёзишича: “Президент Кабила жуда кўп марта коррупцияга қарши курашиш тарафдори эканини баён қилган, бироқ бир марта бўлса ҳам ўз сиёсий иродасини изҳор қилмаган. Бу масалада жуда кўп қонунлар қабул қилинса-да, буларнинг аксари умуман амалиётда қўлланмайди”.


Қўшимча маълумот учун


Коррупцияга қарши 15 та ҳадис

Коррупция – бутун дунё бўйлаб тарқалган, бу дунёнинг энг катта балоларидан биридир. Мансабдор шахслар ва давлат ишида хизмат қилаётган ҳодимларнинг ўз мансабларини суистеъмол қилиши - мамлакат тараққиётига ғов бўлиб, оддий фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини поймол қилади.
Ислом таълимотларидан узоқлашиш оқибатида, коррупция деб аталган оғир касаллик билан жуда кўп мусулмон мамлакатлари ҳам хасталаниб қолган.
Қуйида келтирилган 15 та ҳадис Ислом коррупцияга қарши эканини ҳамда ҳар бир мусулмон ва бутун уммат бу иллатни фош қилиши ва жамиятни ундан тозалашни ўйлаб кўриши керак.

Жамиятга хизмат қилиш - буюк маъсулият

1. Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):
“Барчангиз раҳбарсиз ва барчангиз ўз раъиятингизга (қўл остидагиларга) масъулсиз. Имом ўз қавмига масъул. Эркак киши ўз оиласига масъул. Аёл киши эрининг уйига ва фарзандларига масъул. Хизматкор хўжайинининг молига ва унга топширилган нарсаларга масъул” (Имом Бухорий).

2. Убайдуллоҳ ибн Зиёд розияллоҳу анҳу Маъқал ибн Ясорнинг (беморлигида) кўргани кирди. Шунда у:
-Мен сенга Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламдан эшитган ҳадисни сўзлаб бераман, У зот: “Қайси бир шахс мусулмонлардан бир жамоага волий бўлиб, уларнинг ҳаққига хиёнат қилган ҳолда ўлиб кетса, албатта, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилур», дедилар” (Бухорий, Муслим).

3. Абу Зарр розияллоҳу анҳу: “Эй Аллоҳнинг Расули, мени омил қилмайсизми?”, деди. Бас, У зот елкамга уриб туриб:
-Эй Абу Зарр, сен заифсан, албатта у қиёмат куни хорлик ва надомат бўлгай. Магар ким уни ҳаққи ила олса ва ундаги ўз бурчини адо этса, бундан мустасно дедилар” (Муслим ва Абу Довуд).

Коррупцияга қарши курашиш бурчи бутун жамият зиммасидадир

4. Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сиздан ким бир мункар ишни кўрса, қўли билан қайтарсин, агар қодир бўлмаса, тили билан қайтарсин, агар қодир бўлмаса, дили билан қайтарсин, ана ўша энг заиф иймондир», дедилар» (Муслим, Абу Довуд, Термизий, Нисоий).

5. Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Аллоҳ қўйган чегараларга риоя қилиб турган киши билан, уларга риоя қилмаётган кимсанинг мисоли, худди бир кемага минган, ўрталарида қуръа ташлаб бир қисми кеманинг юқори қисмига, бошқа бир қисми эса қуйи қисмига жойлашган одамлар кабидир. Кеманинг қуйи қисмига жойлашганлар - сувга муҳтож бўлсалар, кеманинг юқори қисмида жойлашганларнинг олдиларидан ўтишарди. Шунда пастдагилар: биз оладиган сувимизни шу ердан тешиб олаверсак ва тепадагиларга озор бермасак? -деб маслаҳат қилишди. Агар юқоридагилар буларни ўз хоҳишларига ташлаб қўйсалар барчалари (ғарқ бўлиб) ҳалок бўлишади, аммо уларнинг қўлларидан тутсалар ҳаммалари (ғарқ бўлишдан) нажот топишади” (Бухорий ривояти).

6. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
 Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Биродарингга золим бўлса-да, мазлум бўлса-да ёрдам бер”, дедилар. Шунда бир киши: “Ё Расулуллоҳ, мазлум бўлса-ку, ёрдам бераман. Лекин, золим бўлса қандай унга ёрдам бераман?”, деб сўради. “Уни зулмдан тиясан. Шу унга берган ёрдаминг бўлади”, дедилар (Муттафақун алайҳ).

Мансабни суистеъмол қилишга оқлов йўқ

7. Абу Ҳумайд ас-Соъдий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Пайғамбар алайҳиссалом Аъддан ибн Лутайба деган одамни садақага ишга қўйдилар. У қайтиб келганида:
“Бу нарса сизларга. Бу нарса менга ҳадя қилинди”, деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўринларидан туриб, Аллоҳга ҳамду сано айтдилар ва сўнгра:
“Аммо баъд. Мен сизлардан бир кишини Аллоҳ менга топширган ишда бир ишга қўяман. У эса келиб: «Бу нарса сизларга. Бу нарса менга ҳадя қилинди», дейди. Ота-онасининг уйида ўтириб кўрсин-чи, унга ҳадя келармикин?! Кўрамиз, гапи тўғримикан! Аллоҳга қасамки, Сиздан кимки, бирор нарсани ноҳақдан олса, албатта, қиёмат куни уни кўтарган ҳолида келади. Зинҳор бирортангизни Аллоҳга мулоқот бўлганингизда пишқириб турган туями, бўкириб турган сигирми ёки маъраб турган қўйни-ми елкасида кўтариб юрганини билмайман”, дедилар-да, қўлларини қўлтиқларини оқи кўрингунча баланд кўтариб: “Эй бор Худоё! Етказдим-ми?!” дедилар» (Бухорий, Муслим ва Абу Довуд).

8. Адий ибн Умайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
“Кимни бир ишга қўйсагу у биздан битта игнани ёки ундан кўпроқ нарсани беркитса ҳам хиёнат қилган бўлади”, деганларини эшитдим. Шунда ансорийлардан бир қора киши туриб олдиларига борди-да:
“Эй Аллоҳнинг Расули, мендан ишингизни қабул қилиб олинг. Мен сизнинг бундоқ-бундоқ деганингизни эшитдим”, деди.
“Мен ҳозир яна айтаман. Сиздан кимни бир ишга қўйсак озини ҳам, кўпини ҳам олиб келсин. Унга нима берилса, олади. Нима берилмаса, олмайди”, дедилар» (Муслим, Абу Довуд).

9. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Амирларнинг ҳадялари хиёнатдир”, деганлар (Табароний ривояти).

10. Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Кимни бир ишга омил қилиб қўйсак ва уни ризқ ила ризқлантириб қўйган бўлсак, ўшандан кейин олгани хиёнатдир”, дедилар” (Абу Довуд, Ҳоким).

11. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
“Айрим кишилар Аллоҳнинг молига ноҳақ шўнғийдилар. Қиёмат кунида уларга дўзах бўлур” (Бухорий).

Пора бўйича жиддий огоҳлантириш

12. Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу айтадилар:
 “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирон ҳукм борасида пора берувчини ҳам, пора олувчини ҳам лаънатлаганлар” (Термизий, Ибн Ҳиббон, Ҳоким).
Мазкур ҳадиси шарифнинг яна бир ривоятида: “Улар орасини келиштирувчи – даллолни ҳам лаънатлаганлар”, дейилган.

Коррупция билан курашишга мисол

13. Бурайда розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам:
“Қозилар (ҳукм қилувчилар) уч тоифадир. Бир тоифаси жаннатда, икки тоифаси дўзахдадир. Ҳақиқатни билиб, адолат билан ҳукм чиқарган қози жаннатда. Ҳақиқатни била туриб, пора олгани сабабидан бировга зулм қилган иккинчиси ва ҳақиқатни билмай туриб, ҳукм чиқарган қозилар дўзахдадир”, деганлар (Абу Довуд, Термизий ва Ҳоким).

14. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
"Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам гуноҳи кабираларни зикр қилдилар: "Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш ва одам ўлдириш", дедилар. Сўнгра "Сизларга катта гуноҳларнинг каттасини айтайми? Ёлғон гувоҳлик беришдир", дедилар (Бухорий).

15. Имом Бухорий, Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳу, Термизий, Аҳмад ва Насаийлар шундай ривоят қиладилар:
“Ўғрилик қилган маҳзумиялик бир аёлнинг ҳоли қурайшликларни ташвишга солди. Улар:
“У ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ким гапиради?”, дейишди.
Кейин: “У зотга Усома – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг маҳбубидан бошқа ким ҳам журъат қила олар эди?!”, дейишди.
Бас, Усома у Зотга бу ҳақда гапирди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:
“Аллоҳнинг ҳаддларидан бирида шафоатчилик қиласанми?!” дедилар.
Сўнгра туриб, хутба қилиб:
“Эй одамлар! Албатта, сиздан олдин ўтганларнинг ҳалок бўлишлари ичларида шарифлари ўғрилик қилса, қўйиб юбориб, заифлари ўғрилик қилса, унга ҳаддни қоим қилишлари сабабидандир. Аллоҳ номи билан қасамки, агар Фотима бинти Муҳаммад ўғрилик қилса ҳам, албатта, унинг қўлини кесурман!”, дедилар”.
Бошқа ривоятда:
”Сўнгра ҳалиги аёл ҳақида амр қилдилар. Унинг қўли кесилди”, дейилган”.

Манбалар асосида
Абу Муслим тайёрлади

back to top