Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф: Манманлик ижтимоий разолатдир
- Written by Administrator

Манманлик ижтимоий разолатлардан бири бўлиб, инсонлар орасига айрилиқ ва адоват солади. Уларнинг орасидан ҳамкорлик ва муҳаббатни кетказибгина қолмай, балки ахлоқий ислоҳимизни ҳам қийинлаштиради. Чунки манман киши ўз камбағаллик ва айбларини тан олмай, ўзини юқори санаб, қулоғи ўзининг мақтовидан бўлак нарсани эшитмай қолади.
Ким манман бўлса, бировнинг насиҳатини эшитишдан бош тортади. Бу эса, олимларни илмидан, аҳли фазл кишиларни фазлидан фойдаланишдан маҳрум қилади. Натижада ундай одам жаҳолат ботқоғига ботиб кетади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло манман кишиларни ўз пайғамбарларига юборган ҳидоятларини тинглашдан маҳрум қилган. Чунки манманлар манманлиги учун Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлғайлар. Қуръони Каримда шундай дейилади: «Энди ер юзида ноҳақдан мутакаббирлик қилаётганларни, барча оятларни кўрсалар ҳам, уларга иймон келтирмаётганларни, тўғрилик йўлини кўрсалар ҳам, уни ўзларига йўл тутмаётганларни, агар адашув йўлини кўрсалар, уни ўзларига йўл тутаётганларни Ўз оятларимдан бураман» («Аъроф» сураси, 146-оят).
Қуръон хабар берадики, манманлар пайғамбарлар чақириғига жавоб беришдан бош тортганларнинг энг осийларидурлар. Солиҳ пайғамбар алайҳиссалом қавми ҳақида ҳикоя қилиб, Аллоҳ шундай дейди: «Унинг қавмидан мутакаббир бўлган зодагонлар, заифҳол бўлганлардан иймон келтирганларига: «Солиҳни Роббидан Пайғамбар қилиб юборилган, деб билмоқдамисиз?!» дедилар. Улар: «Албатта, биз у ила юборилган нарса-га иймон келтирувчилармиз» дедилар. Мутакаббир бўлганлар: «Албатта, биз сиз иймон келтирганга кофирмиз», дедилар» («Аъроф» сураси, 75-76-оятлар).
Од пайғамбарнинг қавмлари манманлик қилиб, Аллоҳнинг ҳидоятини эшитишдан бош тортганлари учун, бу дунёю у дунёда аламли азобларга дучор бўлдилар: «Од (қавми) бўлса, ер юзида ноҳақдан муткаббирлик қилдилар. Улар: «Биздан қувватлироқ ким бор?!» дедилар. Уларни яратган Аллоҳ ўзларидан қувватли эканини билмасмидилар?! Улар Бизнинг оятларимизни инкор этар эдилар. Бас, Биз устларига шумлик кунларида сарсор шамолини юбордик. Буни уларга ҳаёти дунёнинг хорлик азобини тотдириш учун қилдик. Албатта, охират азоби хор қилгувчироқдир ва уларга нусрат берилмас» («Фуссилат» сураси, 15-16-оятлар).
Аллоҳ манманларнинг охиратда аламли азобларга дучор бўлиши хабарини бериб айтади: «Ёки мутакаббирларнинг жойи жаҳаннамда эмасми?!» («Зумар» сураси, 60-оят).
Ўйлаб кўрайлик, манман киши нимаси билан фахрланади? Гўзаллиги биланми ёки қуввати биланми? Гўзаллигининг йўқолиши турган гап. Салгина касал бўлса, қувватидан ҳам асар қолмайди. Кун ўтиши билан ёшлик ҳам ўтиб, қарилик, кучсизлик тарафга хоҳласа ҳам, хоҳламаса ҳам яқинлашиб бораверади. Агар у мол-дунёси билан фахрланмоқчи бўлса, билиб қўйсинки, ўлим бой билан камбағални ажратмайди. Ҳар бир инсон ўз мулкини бошқа бировга қолдириб кетади. Шунинг учун ҳам Қуръони Ка-рим манманликдан қайтаради. «Исро» сурасида шундай дейилган: «Ер юзида кибру ҳаво ила юрма! Албатта, сен зинҳор ерни тешиб юбора олмайсан ва зинҳор бўйда тоғларга ета олмассан!» («Исро» сураси, 37-оят).
Бошқа бир оятда шундай дейилган: «Одамлардан такаббурла юз ўгирма ва ер юзида кибр-ҳаво ила юрма. Албатта, Аллоҳ ҳеч бир мутакаббир ва мақтанчоқни севмас» («Луқмон» сураси, 18-оят).
Манманлик ҳақидаги қисқача сўз мана шулардан иборат. Манманликни Аллоҳ ёмон кўради. Чунки бу нарса жамиятга зарар етказувчи ёмон сифатлардан бўлиб, одамлар орасида нафрат ва бир-бирини ёмон кўришга олиб боради. Тарбиячилар ва ислоҳчилар бу ёмон сифатга қарши кураша бориб, аъзоларига унинг зарарларини тушунтириб борсалар қандай яхши бўлар эди.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ