Ҳожилик муборак бўлсин!

Ҳожилик муборак бўлсин!

Юртдошларимиз ҳаж ибодатларини бу йил ўзгача файз ва чин ихлос билан адо этишди. Қуръони каримдаги «Ҳаж ва умрани Аллоҳ учун мукаммал адо этинг!...» (Бақара, 196) ояти каримага биноан мўмин- мусулмонларимиз вақтларини фақат тоату ибодат билан ўтказишга интилдилар. Беш мингдан зиёд фуқароларимиз Мино, Арафот, Муздалифа водийларида бўлиб, динимизнинг бешинчи арконини адо этиб, “ҳожи” деган улуғ номга эришдилар.

Ҳаж ибодати тўла маънода оламшумул анжуман, у миллатлараро дўстликнинг энг олий кўринишидир. Турли миллат ва элатларга мансуб кишилар бир хил либосда елкама-елка туриб ибодат қилдилар. Бунда уларнинг ирқи, наслу насаби, тани ва тилининг хилма-хиллиги ҳам сира халақит бермади. Чунки уларнинг қалблари ёлғиз Аллоҳга илтижо қилиш билан машғул бўлди.

Ўзбекистонлик ҳожилар 2013 йилнинг 12 октябрь куни кечқурун, яъни жорий ҳижрий йил бўйича Зулҳижжа ойининг саккизинчи тунида ҳажни ният қилиб, меҳмонхонада эҳромга киришди. Эҳромда кўпгина ҳикматлар бор. Масалан, кишининг ҳавойи нафс истакларидан ҳоли бўлиши, ёлғиз Аллоҳ таолога ибодат қилиши ва Унинг ҳузурида ҳамма баробар эканини намоён қилишдир. Ҳамманинг кийими бир хил икки парча оқ матодан иборат, ҳамма бошяланг, оёқяланг бўлиб, Аллоҳ таоло олдида ўзининг хокисорлигини изҳор этди. Шундан сўнг, юртдошларимиз Мино водийига йўл олдилар. У ерда ўзларига ажратилган чодирларга жойлашиб, дуо ва ибодат билан машғул бўлишди. Муфассирлар Қуръони каримдаги “Саноқли (маълум) кунларда Аллоҳни (кўпроқ) зикр қилингиз!” ояти карима Зулҳижжа ойининг Мино водийсида туриладиган кунларига ишора борлигини тафсир қилишган. Шунинг учун бу ерда қилинган ибодатларнинг савоби улуғ ва дуолари мустажобдир. Бундан ташқари, ҳожилар уламоларимиз томонидан қилинган мавъизаларни завқ билан тинглаб, қалблари тақво билан зийнатланди.

Арафа куни бомдод намози ўқилгач, Арафот водийи томон йўлга чиқишди. Арафотда туриш ҳажнинг асосий рукнларидандир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Ҳаж арафадир” деганлар. Бу ерда туриш вақти Арафа куни заволдан кейин кириб, то кун ботгунга қадар давом этади. Арафот улуғ манзил бўлиб, у ерда қилинган дуолар қабул, иншааллоҳ. Чунки ҳадиси шарифларда арафа куни Арафот водийига фаришталар тушиб, ҳожиларнинг дуоларига “омин”, “омин” деб туришлари баён қилинган.

Арафотда пешин ва аср намозлари қўшиб, бир азон икки такбир билан қаср қилиб ўқилди. Намозлардан кейин машҳур қориларнинг Қуръони карим тиловатлари тингланди ва диёримиздаги диний таълим масканлари толиби илмлари томонидан адо этилган 500 дан зиёд Қуръони карим хатмлари шу жойнинг ўзида бахшида қилинди. Шунингдек, уламоларимизнинг маърузалари эшитилди. Ҳожиларимиз ушбу водийда туриб, кун ботгунга қадар она Ватанимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги ва фарзанду жигарбандларимизнинг бахт-саодатини тилаб Яратганга дуо-илтижолар қилишди.

Ўзбекистонлик ҳожилар номидан бундай саодатли дамларда Юртбошимиз ва у киши орқали барча юртдошларимизни улуғ айём – Қурбон ҳайити билан самимий муборакбод этилди. Мазкур мурожаатда, Юртбошимизнинг саъй-ҳаракатлари билан дунё илм-фани, маданияти, хусусан, муқаддас ислом таълимоти ривожига бемисл ҳисса қўшган азиз аллома-авлиёларимизнинг муборак номлари қайта тикланиб, илмий мерослари ўрганилаётгани, қадамжолари табаррук манзилларга айлантирилгани қайд этилди. Шунингдек, юксак марраларга эришишимизда ҳамда халқимиз қўлга киритаётган муваффақиятларнинг асоси сифатида энг аввало, юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик, тотувлик, бағрикенглик муҳитининг яратилганини, барча фахр билан ҳис этиши алоҳида таъкидланди.

Арафот водийидан ҳожиларимиз қуёш ботгач, шом намозини ўқимасдан, Муздалифага қараб юришди. У ерга етиб боргач ҳуфтон намози вақтида бир азон ва бир такбир билан шом ва ҳуфтон намозлари ўқилди. Муздалифада ҳам такбир, тасбеҳ ва дуо қилиш билан машғул бўлишди.

Зулҳижжа ойининг ўнинчи куни ҳожиларимиз шайтон рамзига тош отиб, қурбонликни сўйиб, сочни олдириб ёки қисқартириб, сўнг Байтуллоҳни тавоф қилишди. Бу тавофи ифозадир. У ҳажнинг фарзи ҳисобланади. Шу билан ҳажнинг уч фарзи ҳам адо этилган бўлди.

Аллоҳ таолога беадад шукроналар бўлсинки, мўмин-мусулмонларимиз руҳан пок, жисман бардам бўлиб, қалблари илоҳий футуҳотлар ила лиммо-лим тўлган ҳолда юртимизга олам-олам таассурот олиб қайтишмоқда. Эндиликда улар умрларини разолатдан йироқда, аҳли аёл, ёру дўстларни яхшиликка чорлаган ҳолда ўтказмоқликка аҳду паймон қилишди.

Тавофи вадодан сўнг она-Ватан сари йўл олар эканмиз қалбимиз ажиб бир туйғу ила лиммо-лим эди. Аллоҳ таоло юртдошларимиз қилган ҳажларини мақбул айласин!

Усмонхон АЛИМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
раиси, муфтий

Дин ишлари бўйича қўмита маълумотлари асосида тайёрланди

back to top