Islom.uz порталида байрам тантанаси

Islom.uz порталида байрам тантанаси

20 октябрь куни Islom.uz порталининг 10 йиллигига бағишланган анжуман бўлиб ўтди. Унда ушбу сайт асосчиси Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ва бир қатор уламолар, илм аҳллари, порталнинг мухлислари иштирок этдилар. Анжуманни Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф кириш сўзи билан очиб, хайрли дуолар қилдилар. Айни пайтда 20 дан ортиқ сайтни бирлаштирган порталнинг масъуллари ўзлари бошқараётган лойиҳа-сайтлар ҳақида маълумот бердилар. Тадбир сўнггида порталнинг 10 йиллигига бағишлаб ўтказилган танлов ғолиблари тақдирланди.

"Сиз азизларнинг хайрли дуоларингиз ижобати ўлароқ, Аллоҳ таоло Ислом.уз порталининг хизматларини юксак тақдирлади. Порталимиз ўнга яқин сайтлари республикамизда бир неча йиллардан буён ўтказиб келинаётган интернет фестивалида бир неча маротаба ғолиб бўлиб, энг юқори ўринларни эгаллади. Бу юксак эътироф севимли порталингизнинг савиясини, эл-юрт ичида қозонган обрўсини кўрсатувчи муҳим омилдир. Албатта, эришилган муваффақиятлар бизга янада катта масъулият юклайди. Сайтларимизнинг техник ва бадиий савиясини ошириш, унинг мазмун-моҳиятини бойитиш, камчиликларни бартараф этиш борасида, эл-юртга, халққа, ватанга янада кўпроқ хизмат қилиш, зиё таратиш борасида анча ишлар қилиниши керак. Бу борада сиз азизларнинг кўмак ва холис дуоларингиздан доимо умидвормиз, муқаддас динимизга хизматда бардавом қилишини сўраб Аллоҳ таолога тазарруълар қиламиз.

Яна бир бор барчангизни порталимизнинг 10 йиллик тўйи муносабати билан чин қалбдан муборакбод этамиз. Барчангизни порталимизда бевосита иштирок этишга ва ундаги маълумотлардан бемалол фойдаланишга таклиф этамиз" дейилади Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг 10 йиллик муносабати билан ёзган мақоласида.

Тадбирни фазилатли Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари порталнинг, унинг ходимларининг ва мухлисларининг ҳақларига хайрли дуолар қилиб якунладилар.

back to top