Нега Уйғур мусулмонлари Ҳажга боролмадилар?
- Written by Администратор
Бутун дунёдаги миллионлаб мусулмонлар Ҳаж мавсуми бошланганини нишонлаётган бир вақтда уйғур мусулмонлари давлат томонидан ўрнатилган тақиқларга дуч келишмоқда.
Ҳажнинг, яъни ҳаётнинг турли жабҳаларидан миллионлаб мусулмонларни бирлаштирувчи ва Аллоҳ таолога ибодат қилиш учун Макка шаҳрига уюштириладиган йиллик Исломий зиёратнинг бошланишини нишонлар ҳамда Исломнинг беш рукнларидан бирини бажарар эканмиз, бу муқаддас тавофдан маҳрум бир миллат вакиллари борлигини унутмаслигимиз керак. Уйғур турклари Шарқий Туркистонда истиқомат қиладилар, бу ҳудуд 1949 йилда Хитой томонидан босиб олиниб, мухтор туман сифатида давлат таркибига киритилган.
Уйғурларнинг дунё бўйича сони бир неча ўн миллион бўлиб, бу рақам Хитой ҳукумати томонидан турли мунозараларнинг объекти ҳисобланади. Уйғурлар азоб чекаётганликлари халқаро миқёсда тан олинган бутунжаҳон Фаластин аҳолисидан уч марта кўплиги айтилади.
Минтақа майдони Калифорниядан уч марта каттароқ ва унга Хитойнинг иккинчи Тибети дея нисбат ҳам берилади ҳамда расмий равишда Шинжон (Xinjiang) – “Янги ҳудуд” деб аталади.
Хитой томонидан босиб олинганидан сўнг миллионлаб уйғурлар қатл этилди, қамоққа ташланди, азобланди ва ўз юртларида коммунистлар томонидан тазйиқ остига олинди.
Расман Хитой ҳукумати 60 ёшдан ошган мусулмонларга Ҳаж ибодатини амалга ошириш учун рухсат беради. Бахтга қарши, ўшанда ҳам ҳожилар қаттиқ текширув ва паспорт назорати остига олинадилар, оқибатда мусулмонларнинг жуда оз қисми зиёратни амалга ошириш имконига эга бўлади.
Ўтган йили янгиликлар манбалари хитойлик дея хабар берган бир уйғур шахс Шарқий Туркистондан Маккагача бўлган 8150 километрлик масофани Хитой ҳукумати зиёратни амалга оширишда тақиқ қўймаслиги учун велосипедда босиб ўтган.
Шунга қарамай, Хитойдан чиқиб кетиш тобора қийинлашиб бормоқда.
Ўтган йилдан бошлаб Хитой ҳукумати уйғурларнинг мамлакатдан чиқиб кетишлари олдини олиш учун паспортларини олиб қўймоқда. Ҳукумат, шунингдек, чет элларда таълим олаётган талабаларни уларнинг оилаларига қамоқ таҳдиди билан ҳамда бошқа давлатларларга босим ўтказиш асносида талабаларни тутиб Хитойга мажбуран юбориш орқали қайтишга мажбур қилмоқда.
Уйғурларни Ҳаж ибодатидан тўсиш бу миллатнинг диний ибодатларини чеклашнинг Хитой ҳукумати қўллаётган ягона усули эмас. Хитой, шунингдек, уйғурларга ҳижоб кийишни, соқол ўстиришни, Рамазон ойида рўза тутишни ва чақалоқларига Исломий исмлар қўйишни ҳам тақиқлаган.
Уйғур уламолари ва имомлари қатл қилинганлар ёки умрбод қамоқ жазосига маҳкум этилганлар; имомлар майдонларда рақс тушишга ва Хитой ҳукуматини алқовчи шиорларни баралла айтишга, уйғур ресторан эгалари эса, Исломда ман этилган бўлишига қарамай, спиртли ичимликлар, сигаретлар ва чўчқа гўшти сотишга мажбур қилинмоқда.
Мазкур Рамазон ойида Хитой ҳукумати давлат вакилларидан уйғурларнинг уйларида яшашни ва уларнинг ибодат қилмасликлари ёки рўза тутмасликларига ишонч ҳосил қилишни талаб қилган. Масжидлар тарғибот-ташвиқот масканларига айлантирилган, меҳробларда Хитой байроғи ўрнатилган ва Азондаги Аллоҳ таолога мақтовлар Хитойни мақташга алмаштирилган.
Буларнинг барчаси “Ислом экстремизмини йўқ қилиш” шиори остида амалга оширилмоқда. Хитой ҳукумати дин уйғурларнинг ажралмас қисми эканлигидан хабардор, чиндан ҳам дин уларга мартаба ҳамда куч-қувват бермоқда. Эътиқодни йўқ қилиш орқали Хитой уйғурларни заифлаштиришга ва уларнинг поёнсиз ҳамда Хитой минерал захирасининг учдан бирини таъминлаб берувчи минералларга бой Шарқий Туркистонни қайта қўлга киритиш даъволарини сустлаштиришга умид қилмоқда.
Шунга қарамай, уйғурларга нисбатан диний таъқиб кенг жамоатчиликка маълум бўлганидан кўра анчагина жиддий. “Хитой қамоқхоналарида кўзга кўринмас диний таъқиблар мавжуд”, – дея хабар беради мен ўтган йили интервью олган собиқ уйғур сиёсий маҳбуси Адил А.
Адил душ пайтида таҳорат қилганлиги учун ҳушини йўқотгунга қадар калтакланган. У ухлаётган пайтида азондагига ўхшаш сўзларни бехосдан айтиб қўйгани учун бир ой давомида бўйнига 25 килоли цемент ғишт осиб юришга ва ҳар йили диний эътиқоди бўйича терговдан ўтишга мажбур қилинган. Унинг жавобларига қараб қанча азоб тортгани аниқланган.
Адил қамоқхона бошлиқлари уйғур махбусларига ОИТС юқишига сабаб бўлишганини эслайди. “Вирус юққан махбуснинг оиласи уларнинг фарзанди ҳам касаллангани ҳақидаги хатга имзо чекиши сўраларди”, – дейди Адил. Бу ҳаракатлар очиқ-ойдин ўша оилани уялтириш ва жамиятдан ажратиш учун қилинарди.
Юқоридагиларнинг барчаси хамир учидан патирдир. Хитой чегаралари ортида жуда кўп нарса яширин ва биз уйғурларга кўмак бера олмаяпмиз.
Биз кўпинча сепаратистлар тамғаси босиладиган уйғурлар босиб олинганини, уларнинг қатл этилганликларини, азобга дучор бўлганини ва Хитой давлатига сингиб кетишга мажбурланганини тушунишни истамай келмоқдамиз.
Уларнинг тарихи бир неча минг йилларга бориб тақалади ва Хитой истилосидан олдин минглаб йиллар давомида мустақилликда яшаганлар. Улар туркдирлар, хитойлик эмас. Ўз ҳудудлари бўйича муносабат билдириладиган бўлса, улар этник камчилик ҳам эмас. Энг муҳими, уларнинг “овозлари ўчирилган” – Хитой журналистларнинг Шарқий Туркистонга киришларига йўл қўймайди, журналистлар кира олганларида ҳам уйғурлар ўз ҳолатлари ҳақида ёлғон гапиришга мажбур қилинадилар. Четда юрган миллат вакиллари ҳам тортган азобларини айтиб беришни истамайдилар ва Хитой ҳукумати таъқибидан қўрқиб шахслари очиқланмасликларини маъқул кўрадилар.
Уйғурлар ўзларини дунё тушунишини хоҳлайдилар ва шунчаки диний таъқиб субъектларигина бўлиб қолмасликни исташади. Улар босиб олинган ва азобланган миллат сифатида эшитилишни орзу қиладилар. Лекин биз буларнинг барчасини англаган ҳолда сайёрамиздаги энг таъқибга учраган миллатлардан бирига ёрдам қўлини чўзишга қодирмизми?
Манба: www.trtworld.com
Таржимон: Абдулатиф Иргашов



