Грузияда Сталиннинг ҳимоячилари кўп

Грузияда Сталиннинг ҳимоячилари кўп

Бу йил қаттол диктатор сифатида тарихга кирган Иосиф Сталиннинг вафот этганига 60 йил тўлади. Она ватани Грузияда унга муносабат турлича. Жумладан, Сталиннинг олиб ташланган бронза ҳайкалини қайта тиклаш ҳақида талаблар кучайган.

Иосиф Сталин 30 йил давомида Совет Иттифоқини темир мушт билан бошқарди. Унинг ҳукмронлиги даврида 20 миллион одам қатл, сургун ва турли инсон қўли билан яратилган табиий офатлар қурбони бўлди.
 
Сталин туғилиб ўсган Гори шаҳрида эса уни ардоқлайдиганлар кўп. Сталин кўчасида бўлажак раҳбар тўрт ёшигача яшаган кулба ҳануз музей қарамоғида асраб-авайланади.
 
Бу ерга ҳар йили ташриф буюрадиган сайёҳларнинг кети узилмайди. Аммо уч йил муқаддам Горининг бу шуҳратига дарз кетгандек бўлди. Грузиянинг ғарбпараст президенти Михаил Саакашвили буйруғи билан Сталин ҳайкали олиб ташланди. “Америка Овози” бугун бу ҳайкалнинг қаерда сақланаётганини аниқлади. Олти метрли бронза Сталин ташландиқ ва томсиз бир саноат биносида юзтубан ерга қараб ётибди.
 
Гиги Хидашли Сталин мухлисларидан бири. “Сталиннинг шахси биз учун, Горидаги ҳар бир одам учун жуда қадрли. Ҳар кимнинг фикри ҳар хил, аммо Сталин шу ерда туғилган. Бу ер унинг шаҳри ва она ватани. Горида, шак-шубҳасиз, унинг ҳайкали бўлиши керак”, - дейди у.
 
Сталин ҳимоячиларининг норозилик намойишларидан сўнг Гори шаҳар кенгаши унинг ҳайкалини қайта тиклашга қарор қилди.
 
Даҳонинг ҳайкали унинг туғилган куни – 21-декабргача Сталин музейи боғида яна қад ростлаши кутиляпти.
 
Кетино Ахобадзе 1978-йилдан бери Сталин музейида ишлайди.
 
“Бу ерга бутун дунёдан одамлар келади – Полша, Америка, Югославия, Колумбия, Бразилия, Япония ва Хитойдан. Деярли ҳар бир мамлакатдан ташриф буюришади”, - дейди музей ходими.
 
Аммо Сталин меросининг асраб-авайланишига қаршилар ҳам талайгина. Тарихчиларнинг айтишича, Сталин ҳукмронлиги даврида 700 минг грузин ҳалок бўлган. Улар отилган, сургун қилинган ёки Иккинчи Жаҳон уруши қурбони бўлган.
 
Стратегик ва халқаро тадқиқотлар бўйича Грузия жамғармаси вакили Александр Ронделининг айтишича, онаси оиласининг аксарият аъзолари Сталин даврида ўлдирилган.
 
“Мендан сўрасангиз, бу ердаги ҳамма нарсани йўқотган бўлардим. Аммо кўпчилик Сталинни тарихий даҳо сифатида кўради”, - дейди Рондели.

Шу йил ўтказилган оммавий бир сўровда грузияликларнинг учдан икки қисми Сталинни “доно раҳбар” дея атаган.
 
Октабр ойида Грузия янги президент сайлайди. Мухолифат тарафдорларининг айтишича, мамлакатда Сталин ҳайкаллари яна кўпайиб бормоқда.
Катта ҳайкал бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъи назар, Сталин музейидаги совет даврига оид кўргазмалар бир жойда қотиб қолгандек.
 
Сайёҳлардан бири Жорж Мартин музейдаги “бутпарастлик”дан ҳайратга тушганини айтади.
 
“У Европада фашизм устидан ғалаба қозонди, айни пайтда миллионлаб одамларни қирди. Шунинг учун тақдим этилаётган материалларда мувозанат бўлиши керак. Уни фақат қаҳрамон қилиб кўрсатиш ярамайди”, - дейди  сайёҳ.
 
Сталин музейини замонавийлаштириш, унда кўргазмаларни тарихий ҳақиқат асосида қайта тиклаш масаласини сайловдан кейинги янги Грузия ҳукумати ҳал этади.

back to top