Асҳоби Каҳф изидан
- Written by Administrator
Қуръони каримнинг ўн саккизинчи сураси “Каҳф” — “ғор” деб аталади. Унда даҳрий ҳукмдор таъқибидан қочиб ғорга яширинган йигитлар, яъни, “ғор эгалари” ҳақидаги қисса баён этилган.
“Эсланг, ўшанда улар ғорга паноҳ истаб боришиб: “Парвардигоро, бизларга ўз ҳузурингдан раҳмат-марҳамат ато этгин ва бизларнинг ишимизни Ўзинг ўнглагин!” деганлар. Бас, Биз ўша ғорда бир неча йил уларнинг қулоқларига уриб (яъни, ухлатиб) қўйдик. Сўнгра (уларнинг ичидаги қанча ухлаганлари ҳақида тортишадиган) икки гуруҳдан қайси бири турган муддатларини (тўғри) ҳисоблаганини билишлари учун уларни уйғотдик. (Эй Муҳаммад,) Биз сизга уларнинг ҳол-хабарларини рўйи-рост сўйламоқдамиз. Дарҳақиқат, улар Парвардигорларига имон келтирган ва Биз имонларини зиёда қилган йигитлардир” (10—13, мазмуни).
Муфассирлар айтишича, Исо, алайҳиссалом, замонларидан кейин Рум давлатларидан бирида Дақёнус номли золим шоҳ одамларни бутларга сиғинишга мажбурлар, амрига бўйсунмаганларни ўлдирар экан.
Пайти келиб фуқаролардан бир неча йигит унинг фармонидан бош тортиб, бутларга сиғинишни рад этгани ҳақидаги хабар унга етказилди. Улар саройда сўроқ қилинганида: “Бизлар ёлғиз Аллоҳдан ўзгага сиғинмаймиз”, деб жавоб қилишади. Подшоҳ уларга эрталабгача ўйлаб кўришга муҳлат беради. Йигитлар ўзаро маслаҳатлашиб: “Аллоҳдан ўзгага бўйсунгандан кўра, бу диёрни ташлаб кетганимиз маъқул”, деб тун қоронғусида шаҳарни тарк этишади. Тонгга яқин тоғдаги бир ғорга яширинишади. Эрталаб бундан хабардор бўлган шоҳ аскарлари билан ғор оғзига етиб келади, аммо аскарлар ичкари киришга қўрқишади. Шунда Дақёнус қочоқлар очлик ва ташналикдан қирилиб кетсин деб ғор оғзини беркитиб ташлашни буюради. Аммо Аллоҳ таоло бу солиҳ ва содиқ бандаларини ҳалокатдан сақлаб, узоқ уйқуга чўмдиради. Улар уйғонганларида орадан уч юз йил вақт ўтган эди. Йигитлардан бири егулик излаб яширинча шаҳарга тушади. Бозорда хариди учун танга узатганида уларни билиб қоладилар. Одамлар Дақёнус анча олдин ўлиб кетганини, ҳозир мўмин, солиҳ бир одам подшолик қилаётганини айтишади.
Бу қисса Аллоҳ таолонинг бандаларни қиёмат куни ҳисоб-китоб учун қайта тирилтириши ҳақ эканига бир далилдир.
Тарих китобларидан маълум бўлишича, ана шу “асҳоби каҳф” — ғор эгалари Исога, алайҳиссалом, эргашган, унинг ҳали одамлар бузиб юборишмаган шариатига амал қилувчи илк насронийлар бўлишган. Шимоли-ғарбий Онадўлидаги Рум ҳукмдори Плиний (69—113 йиллар) император Троянга ёзган мактубида “Императорнинг ҳайкалига сиғинишни рад қилган пайғамбар Исонинг, алайҳиссалом, издошлари қандай жазолангани” ҳақида сўз боради. Худди шундай ҳолатда Аллоҳдан юз ўгириб, “қудратли император”га сиғиниш талаб этилганида имонли йигитлар буйруқни бажаришдан бош тортишади ва шундай дейишади:
“Бизнинг Парвардигоримиз осмонлар ва ернинг Парвардигоридир. Биз Ундан ўзга бирон “илоҳ”га ҳаргиз илтижо қилмаймиз. Акс ҳолда, ноҳақ сўзни айтган бўлурмиз. Ана у қавмимиз эса Ундан ўзгаларни “илоҳ” қилиб олдилар. Улар ўзлари учун (ўша бутларнинг илоҳ экани ҳақида) бирон ҳужжат келтирсалар эди. Бас, Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиган кимсадан ҳам золимроқ ким бор?” (14—15, мазмуни).
Интернет маълумотлари асосида



