Шахсга сиғиниш
- Written by Administrator

Ўзимиз яшаб турган жамият тарихининг яқин 60-70 йиллик даврига назар солсак, йўл қўйилган катта иллатлардан бири, шахсга сиғинишнинг хилма-хил кўринишларининг гувоҳи бўламиз.
Сталин, Хрушчев, Брежнев каби «улкан даҳо»лар ва бошқа «кичик даҳо»лар шахсига мутелик одати бутун-бутун халқларни ўз исканжасидан бўшаштирмади ва охир-оқибатда бу иллат жамиятни, умумтараққиётни орқага сурувчи тўғаноққа айланди. Ваҳоланки, ислом шахсга сиғинишни мутлақо инкор этади. Шахсга сиғиниш Аллоҳга ширк келтириш турларидан бири саналади. Кўпгина одамлар ўзларига ўхшаш бир кишига сиғинадилар. Бунинг сабаби, ўша инсонни «бошқа инсонлардан устун туради, ўзига хос ортиқчалик хислатлари бор», деб эътиқод қилишдир. Ўзларини худо даражасига кўтариш учун ўша такаббур шахслар турли услубларни ишга солганлар. Масалан, кишиларнинг соддалигидан фойдаланганлар, куч ишлатиш ва даҳшатга солиш йўлларини қўллаганлар ва ҳоказо...
Бундай ярамас кишилар инсоният учун жуда кўп ёмонликлар келтиришган. Табиийки, уларга қарши қўзғолонлар ҳам бўлиб турган. Охирида шундай кишиларнинг барчаси ҳалокатга учраган. Қуръони карим эълон қилган улуғ қоидалардан бири – ягона Аллоҳнинг ўзига ибодат қилиш ва ҳар қандай инсонга сиғинишдан бош тортишдир. Қадимда баъзи бир пайғамбарлар ва яхши кишилар ўлганларидан сўнг қавмлари уларни худо деб эътиқод қилганлар. Қуръони карим «Оли Имрон» сурасида бу эътиқод нотўғри эканини баён қилган. Пайғамбар ва аҳли солиҳ кишиларга сиғиниш одати кўп миллатларда машҳурдир. Будда ҳам ўзи ҳаёт вақтида худолик даъвосини қилмаган. Лекин у ўлгандан сўнг, ихлосмандлари уни худо деб эълон қилиб, ҳайкалларини ўрнатишган. Ана шу бузуқ эътиқодни Ислом жуда эҳтиётлик билан муолажа қилди, чунки кишилар Ислом дини пайғамбарини ҳам худолик даражасига кўтариб юборишлари хавфи бор эди. Соф Ислом эътиқоди бўйича Муҳаммад алайҳиссалом бошқа кишилар каби оддий инсондир. Аллоҳнинг бандаси ва пайғамбаридир.
Ислом пайғамбарига Аллоҳ таоло ўз умматингга айтгин, деб қуйидаги оятни туширган, маъноси:
«Сен: "Ўзим учун на фойда ва на зарарга молик эмасман. Магар Аллоҳнинг хоҳлагани бўлур. Агар ғайбни билганимда, яхшиликни кўпайтириб олган бўлар эдим ва менга ёмонлик етмасди. Мен фақат иймон келтирадиган қавмлар учун огоҳлантирувчи ва башорат берувчиман, холос», деб айт» (Аъроф сураси, 188-оят).
Бошқа бир оятда:
«Сен: «Мен ҳам сизларга ўхшаган башарман. Менга, шубҳасиз, илоҳингиз битта илоҳ экани ваҳий қилинди. Бас, ким Роббига рўбарў келишни умид қилса, яхши амал қилсин ва Робби ибодатига биронтани шерик қилмасин», дегин», деб ваҳий қилинди (Каҳф сураси, 110-оят).
Исломнинг шахс ва халқ муносабати хусусидаги таълимлари бевосита бизнинг шароитларда, айни даврда жуда-жуда зарурдирки, бу ўринда мухтасар сўз юритдик, холос.