Мусулмон олимлар: адолатсиз равишда унутилган
- Written by Administrator

Замонавий технологиялар ва илмий-техник тараққиёт ҳақида гап очилса, истаймизми, йўқми биринчи бўлиб кўз ўнгимизга Ғарб ва Европа цивилизацияси келади. ОАВ ва тарих бўйича ёзилган китобларда ғарб дунёсининг тараққиётга қўшган ҳиссалари оғиз кўпиртириб, чиройли баён қилинади. Европанинг ривожланиб кетишига замин ҳозирлаган мусулмон олимларининг меҳнатлари ҳақида лом-мим дейилмайди. Майли, мақтанчоқ европаликларни қўя турайлик, ўзимиз бугунги кун дунёси фойдаланиб келаётган неъматларга Ислом олимларининг қўшган ҳиссаси ҳақида нималарни биламиз? Деярли барча шоу-бизнес ва спорт юлдузларини таниймиз, бироқ инсоният тараққиёти учун улкан ҳисса қўшган олимларимизни таниймизми, улар ҳақида фарзандларимизга нималарни айтиб беришимиз мумкин?
Бу ҳақида тарихдан бир икки фактларни зикр қилиб ўтсак фойдадан холи бўлмайди. Кошки тараққиёт тарихига бошқача назар билан қарайдиган бўлсак:
- Таниқли олим Заҳравий (936-1013) ўзининг тенги йўқ «Ат-Тасфир Лиман Ажиза Анит-Талиф» деб номланган асарини ёзишга 50 йил умрини сарф қилган. Мазкур китоб тиббиёт қомуси бўлиб ўрта аср Европаси учун асосий тиббиёт қўлланмаси бўлиб хизмат қилган.
- Ибн Синонинг (980-1037) «Ал-Маъадин» китоби минерология бўйича ўқув қўлланмаси бўлган.
- Бархит ва уни ишлаб чиқариш технологиясини Европа мусулмонлардан ўрганган.
- Тригонометрик жадвал муаллифи Баттоний (858-929) бўлиб, у ҳали ҳам инсониятга хизмат қилиб келмоқда.
- География олими ва харитачи (картограф) Ибн Хавқал (10 аср) умрининг 30 йилини саёҳатларда ўтказиб, турли мамлакатларни ўрганган. Уларни ўзининг машҳур «Ал-Масалик вал-Мамалик» деб номланган китобида ёзиб кетган.
- Фарғонийнинг (850-895) «Самовий жисмларнинг ҳаракати» деб номланган китоби европаликлар учун 700 йил ўқув қўлланмаси бўлиб хизмат қилди.
- Хоразмийнинг (780-850) фундаментал асари ҳисобланган «Ал-Жабр вал-Муқабалa»дан алгебра фани ўз номини олган.
- Ибн Синонинг «Ал-Қонун фит-Тиб» китобидан имтиҳон топшира олмаган Сорбонна университети талабаларига 19 асргача диплом берилмас эди.
- Бутун дунё Ер текис деб юрган бир вақтларда, 9 асрда Хоразмий ўзининг «Китаб ал-Суратул Ард» деб номланган асарида сайёрамиз юмалоқ эканини ёзган эди.
- 9 асрда беъмани ҳаёт кечираётган Европа дорилар ҳақида тушунчага эга ҳам эмас эди. Айни шу вақтда эса битта Бағдоднинг ўзида 60 га яқин дорихоналар ишлаб турган. Энг катта фармацевтик лабарaторияга Воҳидий тарафидан асос солинган. Айтмоқчи, тез ёрдам аравалари ҳам 11 асрда мусулмон ўлкаларида пайдо бўлган.
Шунга ўхшаш фактлар жуда кўп. Ўзларини тараққийпарвар ва мўмин деб билувчи, яъни биз мусулмонлар шуларни жуда яхши билишимиз керак. Динимизга амал қилган вақтларимизда дунёвий илмларимиз ҳам юқори чўққиларни забт эта олган. Динимиздан узоқлашганимиз сари дунёвий илмларимиз ҳам инқирозга юз бурди. (Бухорий, Муслим, Термизийлар чиққанида Ибн Сино, Хоразмий, Берунийлар чиққан).
Интернет маълумотлари асосида
Абу Муслим тайёрлади