Минг йил ювинмаган Европа
- Written by Administrator

ЮВУҚСИЗ ОВРУПА
ЁКИ МУСУЛМОНЛАРГА МАДАНИЯТ ЎРГАТИШ ДАЪВОСИДАГИ КЎҲНА ҚИТЪАНИНГ ЯҚИН ЎТМИШИГА БИР НАЗАР
Ўн тўққизинчи асргача Оврупада даҳшатли ёввойилик ҳукм сурарди. Қитъанинг ҳолати ҳозирда фильмларда кўрсатилаётган ва хаёлий романларда тасвирланаётган жозибадор манзаралардан тубдан фарқ қиларди. Бу ҳолат зулматда қолинган ўрта асрларгагина тегишли бўлмай, балки тинимсиз мадҳ қилинган Уйғониш ва Ренессанс замонларида ҳам аҳвол мутлақо ўзгармаган эди. Дарҳақиқат, қанчалик ачинарли бўлмасин, ўша Оврупа ҳаётининг барча салбий томонлари учун насронийлик черкови, биринчи навбатда католик черкови сабабчи бўлди. Насронийлик келмасидан олдинги антик дунёда шахсий тозалик роҳатлари асосий масалалардан эди, биргина машҳур Рим ҳаммомларини эслашнинг ўзи кифоя. Насронийлик ёйилгунича Римнинг ўзида мингдан ортиқ ҳаммом ишлаб турган эди. Насронийлар ҳокимият тепасига келгач, уларнинг биринчи қилган ишлари барча ҳаммомларни ёпиш бўлди.
Ўша пайтдаги одамлар ювинишга қандайдир шубҳа билан қарашарди: яланғочлик гуноҳ саналади, совуқ ҳам зарарли – шамоллаб қолиш мумкин. Устига-устак, иссиққина сув тўла ванна фақат хаёлот эди, чунки ўтин жуда қиммат эди, ҳатто асосий истеъмолчи бўлган Муқаддас Черковга уни аранг етказиб беришарди.
Испания қироличаси Изабелла Кастильскаянинг (ўн бешинчи аср охири) эътироф қилишича, у бутун умри давомида фақат икки марта ювинтирилган экан: биринчиси янги туғилганида, иккинчиси эса турмушга чиқаётганида.
Француз қиролларидан бирининг қизи битлаб кетишдан ҳалок бўлган. Папа Климент Бешинчи ичбуруғдан вафот этади, Папа Климент еттинчи қирол Филипп Иккинчи каби қичимадан қийналиб жон беради. Герцог Норфолк диний эътиқоди туфайли ювинишдан бош тортади. Шунда унинг хизматкорлари жаноби олийларининг ғирт маст бўлиб думалаб қолишидан фойдаланиб, уни аранг ювинтириб олишади. Француз қироли Людовик Ўнтўртинчи саройидаги рус элчилари жаноби олийлари “ҳайвонлар каби сасиб-бижиб кетгани” ҳақида ёзишган эди. Бутун Оврупада русларнинг ўзини улар ойига бир ёки ундан ҳам кўпроқ марта ҳаммом қилишгани учун бузилиб кетганликда айблашарди.
Агар ўн бешинчи – ўн олтинчи асрларда бадавлат шаҳрликлар ярим йилда ақалли бир марта ювиниб туришган бўлса, орадан икки аср ўтгач ҳаммом қилишни бутунлай эсдан чиқариб юборишди. Тўғри, баъзан ванна қабул қилишарди, аммо буни ҳам муолажа учунгина амалга оширишар эди. Француз қироли Людовик Ўнтўртинчи ҳаётида фақат икки марта ювинган, шунда ҳам шифокорларнинг тавсияси билан сувга тушган. Ювиниши ҳукмдорни шунчалик даҳшатга солдики, ҳеч қачон сув муолажасини олмасликка қасам ичди. Ўша насронийлик жаҳолати даврида танани парвариш қилиш гуноҳ саналарди. Насроний руҳонийлари йиртиқ киймларда юришни, ҳеч қачон ювинмасликни буюришарди, гўё шу йўл билан маънавий покликка эришиш мумкинлигини уқтирмоқчи бўлишарди. Шунинг учун ювиниши мумкин эмасдики, чўқинтириш пайтида сепилган ўзидаги “муқаддас сув” ювилиб кетиб қолиши мумкин эди.
Натижада одамлар йиллаб ювинмас ёки сув нималигини умуман билишмас эди. Кир-чирлик ва битлаб кетиш руҳонийликнинг алоҳида белгилари саналарди. Айрим черковларнинг монахлари Парвардигорга ана шундай йўл билан “хизмат қилиш”да бошқа насронийларга намуна бўлишарди. Эркак ва аёл руҳонийлар одатда дарё-сойларни кечиб ўтишни ҳисобга олмаганда оёқлари мутлақо сувга тегмагани билан мақтанишарди. Одамлар сувга қўл теккизишни шунчалик унутиб юборишдики, ўн тўққизинчи аср охирида (бу рақамга эътибор қилинг) доктор Ф. Е. Бильц машҳур тиббиёт дарслигида халқни ювинишга чақиришга мажбур бўлди. “Шундай одамлар борки, очиғини айтганда, болаликдан буён сувга тушмагани учун дарё ёки ваннада чўмилишга журъат қила олишмайди, деб ёзган эди доктор ўзининг “Янгича табиий даволаниш” китобида. Беш-олти марта ваннага тушгандан кейин бунга кўникса бўлади...” Лекин докторга кўпчилик ишонмади.
Оврупаликларнинг муҳим кашфиётларидан саналган атирлар айнан ҳаммомларнинг йўқлиги туфайли пайдо бўлди. Машҳур француз атирларининг асосий вазифаси биттагина эди: йиллар мобайнида ювилмаган танадан бижғиб турадиган даҳшатли сассиқ ҳидларни ниқоблаб туриш учун ўткир ҳидли атирлар зарур эди. Қуёш лақабли француз қироли бир куни тонгда ёмон кайфиятда уйқудан турди. Бу унинг эрталабдаги одатий ҳолати эди, чунки Людовик Ўнтўртинчи каналар туфайли уйқусизлик дардига гирифтор бўлган эди. Қирол барча сарой аъёнларига атир сепиб, хушбўйланишни буюрди. Гап Людовик Ўнтўртинчи жорий қилган анъана ҳақида борарди: саройга келувчи киши танаси ва кийимидаги сассиқликни босиб туриши учун ўткир атирларни аямасин.
Аввалига бу “ҳид чиқарувчи аралашмалар” мутлақо табиий эди. Ўрта асрлар Овурупасининг аёллари тананинг табиий ҳиди ҳис-туйғуни қўзғотишини билишгани учун ўзлари ёқтириб қолган эркакларни жалб қилиш мақсадида ўз мазийларини атир сургандек қулоқ ортига ва бўйинларига суртиб олишарди.
“Тараққий этган” Оврупа қасрларининг ҳожатхонаси бор нажосатни қувур орқали шундоққина кўчага чиқариб юборишдан иборат эди. Насронийлик келиши билан овупаликларнинг бўлғуси авлоди ювиладиган ҳожатхоналарни бир ярим минг йил мобайнида унутиб, тунги тувакларни ишлатишга ўтишди. Унутилган оқава йўли (канализация) вазифасини эса кўча ўртасига кавланган ариқчалар бажарарди. Улардан тинмай оқиб турувчи ахлат ва ювиндиларнинг ҳиди бижғиб ётарди. Илгариги маданий одатларини унутган одамлар энди дуч келган жойда, масалан, сарой ёки қаср зинапоялари остига бавл қилишарди. Франция қироллари саройи вақти-вақти билан қасрини алмаштириб турарди: чунки олдингисида пешоблар ҳидидан нафас олишга имкон қолмасди. Каравотлар остидаги тунги туваклар кечасию кундузи тозаланмай тураверарди. Француз қироли Людовик Тўққизини бошига бир деразадан нажосат ағдариб юборишганидан сўнг Париж аҳолисига олдиндан уч марта “Эҳтиёт бўлинглар!” деб қичқиргандан кейингина маиший ахлатларни деразадан улоқтиришга рухсат берилди. Тахминан ўн еттинчи асрлардагина бошларни нажосатдан ҳимоя қилиш учун сербар шляпалар ўйлаб топилди.
Француз қиролларининг саройи Луврда бирорта ҳам ҳожатхона йўқ эди. Сарой ҳовлисида, зинапояларда, айвонларда бемалол бавл қилишарди. Меҳмонлар, сарой аъёнлари ва қироллар ҳожат ушатгани очиқ дераза олдидаги кенг подоконникларга ўтиришар ёки уларга “тунги туваклар” келтиришарди. Ундаги нажосат кейин саройнинг орқа эшиклари олдига тўкиб юбориларди.
Масалан, Людовик Ўн тўртинчи замонида Версал саройида ҳам аҳвол шунинг ўзгинаси эди. Бу қиролнинг маиший ҳаёти герцог де Сан Симоннинг хотиралари орқали жуда машҳур бўлиб кетган. Версал саройининг аслзода аёллари суҳбатнинг шундайгина ўртасида, баъзан эса капелла ва черковдаги ибодатлар чоғида ҳам ҳеч нарса бўлмагандай ўрниларидан туриб четроққа ўтишар ва саройнинг ўзида пешобдан бўшаниб олишарди. Қуёш лақабли француз қироли бошқа ҳукмдорлар каби Версал ва бошқа қасрларнинг исталган жойидан ҳожатхона сифатида фойдаланишга ижозат бериб қўйган эди. Қасрларнинг деворларига қалин дарпардалар осилган, йўлакларга хилват овлоқлар қилинган эди. Аммо ҳовлида бирорта ҳожатхона қуришга ёки ҳожат учун сарой боғига чопишга ҳеч кимнинг ҳафсаласи келмас эди. Йўқ, бу ҳеч кимнинг калласига келмасди, чунки Анъана ҳимоясида...ҳеч кимни аямайдиган, гапга кирмайдиган, ҳар қандай одамни қачон бўлсаям, қаерда бўлсаям ғафлатда қолдирадиган ичкетишлик дарди туради. Худди шулар сабабли ҳам ўша даврда фаранг эркаклари орасида бир неча қават тик тасмалардан тикилган иштонлар (панталонлар) урфга кирди. Аёллар ўртасида эса этаги кенг кўйлакларнинг урф бўлиши ҳам айнан шу туфайлидир.
Ўрта асрлардаги Оврупа шаҳарларида оқава йўли (канализация) бўлмаса ҳам уларда қалъа деворлари ва мудофаа хандақлари етарли эди. Нажосатлар деворлардан хандақларга бемалол улоқтирилаверарди. Францияда шаҳар деворлари ортидаги нажас уюмлари шунчалик баланд бўлиб кетар эканки, деворларни янада баландроқ қилиб қуришга тўғри келаркан. Париж кўчаларида нажосат шунчалик кўпайиб кетибдики, душман ахлат устига чиқиб девордан ошиб тушмасмикин, деган хатар ҳам пайдо бўлибди.
Кўчалар нажосат ва ифлосликлар шу қадар тўлиб кетган эдики, ёғингарчилик кунларида улардан мутлақо ўтиб бўлмас эди. Бизгача етиб келган солномаларда ёзилишича, айнан ўша пайтларда немис шаҳарларида “ёғочоёқлар”, яъни балчиқ кўчаларда юришга мосланган “баҳорги пойабзаллар” пайдо бўлган эди. Уларнинг ёрдамисиз бу ифлос кўчалардан ўтишнинг асло имкони йўқ эди.
Оврупа археологларининг маълумотларига кўра, ўн тўртинчи-ўн бешинчи асрлар бўсағасида ҳақиқий француз рицари (аслзода ҳарбий) шундай қиёфага эга эди: ўрта асрларда аёлларнинг эътиборини қозонган рицарларнинг бўйи бир ярим метрдан сал ошиқроқ эди. Бу “жазман”нинг соқоли олинмаган ва ювилмаган юзини чечак излари “безаб” ташлаган эди. Аслзоданинг рицарлик қалпоғи остида яширинган сочларида, кийимлари бурмасида бит ва бурга бижиб ётарди. Бу рицарнинг оғзидан таралаётган ҳид шунақанги бадбўй эдики, замона аёллари у билан ўпишиш уёқда турсин, ҳатто яқинида туришга ҳам безиллашарди. Чунки ўша пайтларда ҳеч ким тишини тозаламас эди.
Ўрта асрларнинг рицарлари ҳамма нарсани ейишаверар, ортидан ачиган пиво сипқоришар, касаллик илашмаслиги учун саримсоқ пиёзни газак қилишар эди. Бундан ташқари, навбатдаги ҳарбий юришлар чоғида рицарлар кечаю кундуз совут кийган ҳолда юришга мажбур бўлар, чунки уларни бировнинг ёрдамисиз ечишнинг имкони ҳам йўқ эди. Ўз-ўзидан маълумки, рицар барча ҳожатларини совутнинг... ичига ушатишга мажбур эди. Айрим тарихчилар салиб юришлари пайтида мусулмонлар саркардаси Салоҳиддин Айюбийнинг аскарлари насронийларнинг лагерларини нега осонгина топиб олишганидан ажабланиб юришган эди. Маълум бўлишича, ислом қўшинлари рицарларни бадбўй ҳидларидан топиб олишган экан...
Дмитрий ПАНКРАТОВ.
(http://ruslife.org.ua сайти материалидан қисқартириб олинди)