Хитойда Ислом

Хитойда Ислом

Ислом дини Хитойда ўн учинчи асрдан бери даосизм, конфуцийчилик, буддизм каби эътиқодлар билан бир сафда яшаб келмоқда. Шу давр ичида Исломнинг таъсири аста-секин, лекин тўхтовсиз ўсиб борди. Шунга қарамай, у бошқа динларни сиқиб чиқармади, балки улар билан бирга яшади. Ҳозирда Хитойда 18 миллион киши Ислом динига эътиқод қилади. Жами 30 минг масжидда 40 минг имом фаолият олиб боради[1].

Ислом Хитойга асосан икки йўналиш орқали, яъни Ўрта Осиё ва Шарқий Туркистон (ҳозирги Шинжонг-Уйғур автоном округи) орқали қуруқликдан ҳамда Хитойнинг жанубидаги Индонезия, Малайзия, Бангладеш, Филиппин мамлакатлари орқали денгиз йўли билан тарқалган. Шу боис, Хитойда бу диннинг ҳамма оқимлари ва йўналишлари мавжуддир.

Ислом дини қуруқлик йўли билан ўнинчи асрда Қорахонийлар давлати таркибига кирувчи Шарқий Туркистон орқали тарқалган[2]. Турли сабаблар билан келган савдогарлар, даъватчилар ва ҳарбийлар орқали кириб келгани ҳақида араб, форс-тожик ҳамда туркий тиллардаги қўлёзма асарларда кўпгина маълумотлар учрайди. Жумладан, “Ажойибул-махлуқот ва ғаройибул-мавжудот” асарида қуйидаги маълумотлар учрайди: “Мадинада Имом Насриддин бошлиқ амиру умаролар маслаҳат қилиб, Қашқар вилоятини фатҳ этмакка қарор қилиб, Юсуф Қодирхон ғозийни қирқ минг аскари билан Қашқар заминига юборган. Юсуф Қодирхон ғозий Қашқарга бориб Қашқар ҳокимига шу мазмундаги бир номани киргизган: “Эй Қашқар халқи, мандурманки ҳазрати Юсуф Қодирхон ғозий, тўрт имомнинг рухсатлари билан Мовароуннаҳрдин қирқ минг аскар билан Қашқар заминини фатҳ қилмоққа келиб турибман. Иймон келтурсангиз қутулурсиз”. Бунингға Абдулла Қашқарий (исломни қабул қилганидан сўнг қўйилган исми бўлса керак): “Орангизда пайғамбар авлодидан бўлса, иймон келтирурмиз”, дею жавоб қайтарган. Бу воқеадин сўнг Юсуф Қодирхон ғозий, Имом Насриддин, Муҳиддин, Зоҳиддин, Қавмиддин бошлиқ юзларча беклар юз минг миқдори аскар Қашқарга йўл олган. Булар Қашқарга боргандан кейин Қашқар ҳалқи Абдулла ва Убайдулла Қашқарий бошлиқ ҳаммаси иймон келтириб, мусулмон бўлган. Ислом аскари дағ-дуғлиқ билан шаҳарга кирган.

Имом Насриддин Қашқарга Юсуф Қодирхон ғозийни хон қилиб қўйиб, ўзи Ёркент тарафга юрган. Ёркент халқи буни англаб, ҳаммаси мусулмон бўлган. Бундан яна илгарилаб, Хитой тарафга юриш қилган. Йўлда тўққиз кент мусулмон бўлган”[3]. Бу воқеа ҳижрийнинг 390 йили, милодийнинг 1000 йили юз берган эди. Аммо хитой олимлари: “Хитойга Ислом дини Тан сулоласи ҳукмронлиги даврида, қуруқликдан ҳам, аниқроғи саккизинчи аср ўрталарида кириб келган”, деб ҳисоблашади[4].

 Ислом динининг денгиз йўли орқали Хитойга тарқалиши дастлабки даврларга тааллуқли. Бу 651 йили Арабистонда Ислом дини ўрнатилгач, Хитойнинг пойтахти Чанъанга (ҳозирги Сиан) халифа Усмон (р.а.) номидан расмий элчилар келиб, араб-хитой иқтисодий ва маданий алоқаларига асос солиниши билан боғлиқ эди. Шундан сўнг қирқ саккиз йил давомида Хитойга ўттиз етти марта араб элчилари келди[5], уларнинг таркибида савдогарларининг вакиллари кўп эди. Хитой манбаларининг маълумот беришича, биринчи араб савдогари Хитойга 652 йилда денгиз йўли билан келган.

Хитойга келган араб савдогарлари Жанубий Хитой ва порт шаҳарларидан Ганчжоу, Цюнчжоу, Янчжоу, Ханчжоу ва бошқаларда тўхташиб, савдо ишлари билан бирга, Ислом динини тарғиб қилдилар, оила қурдилар. Агар улар ватанларига қайтиб кетишса ҳам, мерос қолдирар эдилар. Аста-секин бу шаҳарларда мусулмонлар манзилгоҳлари пайдо бўлди. Кейинчалик бу манзилгоҳлар Хитой ҳукумати томонидан алоҳида маҳаллий маъмурий бирликлар сифатида расман тан олинди. Мусулмон мамлакатларидан келганлар бу манзилгоҳларда узоқ яшамас эдилар.Уларнинг кўпчилиги савдо-сотиқ ишларини тугатгач, ватанларига қайтиб кетар, баъзи бирлари Хитой аёллари билан никоҳланиб, Хитойда қолар эди. 

Хитойда Ислом дини тарқалишининг натижаси сифатида янги этник гуруҳ (дунганлар) келиб чиқиши ҳақидаги масала муҳим ҳисобланади. Уларнинг келиб чиқиши тарихи юзасидан баҳслар мавжуддир. Хитой олимлари уларни қачонлардир Хитойга келиб муқим туриб қолган ва ҳозир мусулмонларнинг кўпчилигини ташкил этган араблар, форслар ва туркийлар авлодлари деб таъкидлашади. Бу этник гуруҳнинг шаклланиши Юан сулоласи ҳукмронлиги ( 1280-1367) даврига тўғри келади. Бу халқнинг ҳар хил номи – хуэйхуэй ҳамда дунган номли этник атамалар билан қўлланилади. Хуэйхуэй, яъни “қайтиб кетиш” маъносидаги этник атама ҳисобланиб, Хитойга келган ва ўз ватанларига қайтиб кетган араблар, форслар ва туркий аҳолини хитойликлар дастлаб шундай аташган. Иккинчи “дунган” сўзи туркийча “турган” сўзидан келиб чиққан. Бу атамалар битта халқнинг турли тиллардаги турлича номланиши бўлса керак.

Дунганлар Хитойнинг барча ерларида яшашади. Улар хитойча гапирадилар, лекин тиллари ўз хусусиятларига эга. Улар ташқи кўринишдан хитой-ханлар билан ўхшаш бўлгани боис, улар келиб чиқишига кўраИслом динини қабул қилган хитойликлар, деган фикрга борилади. Сўнгги даврларда генетик олимлар қисиқ кўзлилар қони бошқа халқлар билан қўшилганда қисиқ кўзлиларнинг ташқи белгилари кўпроқ сақланишини исботладилар. Демак, дунганлар юзининг ташқи кўриниши уларнинг аждодлари кимлар экани ҳақида юқорида айтилган гумонларни тасдиқлашга асос бўла олмайди. Хитойда дунганлар иккита исмга эга, биттаси – хитойча, иккинчиси – мусулмонча.

Хитойда бутун мусулмон аҳолисининг кўпчилигини суннийлар ташкил этади. Суннийлар бошларига оқ салла кийишса, шиалар қора бош кийимини киядилар. Хитойда, айниқса, Шинжонг–Уйғур туманида яшайдиган уйғурлар, ўзбеклар, қозоқлар, қирғизлар, татарлар, тожиклар – суннийлардир. Бу ўлкада дунганлар орасида иккала мазҳаб вакиллари бор.

Хитой ҳукмдорлари Исломни сиёсий маънода ҳам, иқтисодий муносабатларда ҳам ҳукмрон динга айлантиришдан манфаатдор эмас эдилар. Шу билан бирга, айрим четлатиш даврларига қарамай, Ислом мафкураси улар мафкурасига зид эмаслиги туфайли Исломнинг тарқалишига қаршилик қилишмади. Хитой ҳукмдорлари қулай ҳолларда Исломдан ҳатто ўз манфаатлари йўлида фойдаландилар.

Бу анъана ҳозирги даврда ҳам давом этмоқда. 1953 йили Хитой Ислом уюшмаси тузилиб, унинг рахбарлигида бир қатор илмий ишлар эълон қилинди[6], сўнгра Пекинда Олий ислом диний мактаби ташкил этилди. 1954 йили ХХР Конституцияси виждон эркинлигини жорий этиб, Исломни буддавийлик, даосизм ва насронийлик билан тенглаштирди[7]. Мусулмонлар вакиллари ҳатто давлатни бошқариш аппаратига ҳам жалб этилди. 1979 йили ХХРда яшаётган халқлар динларини ўрганиш юзасидан мувофиқлаштирувчи   мажлис ўтказилди.

Бир йилдан сўнг эса, Хитой Ислом уюшмаси анжумани ўтказилди. Унга 86 ёшли Бурхон Шоҳидий фахрий раисликка сайланди. Конференцияда Хитой тарихида биринчи марта Пекинда Ислом диний маркази ҳамда Ислом  институти тузиш, бу институтда фақат диний муаммоларни ўрганишгина эмас, балки мусулмон руҳонийлар ҳам тайёрлашга қарор қилинди. 1981 йил октябрида Гансу вилоятининг маркази Ланьчжоу шаҳрида ХХРдаги мусулмон аҳолининг асосий оммаси тўпланган бешта вилоятнинг юқоридагидек конференцияси бўлиб ўтган. Унда 151 киши қатнашиб, тадқиқотнинг ҳар турли йўналишлари бўйича кўплаб маърузалар қилинди.

Ушбу мажлислар ва конференциялар ўтказилгандан сўнг ХХРда ислом дини бўйича илмий ишлар чоп этиш кескин кўпайди. Бир қатор тадқиқот кўринишидаги ишлар босиб чиқарилди. Масалан, 1982 йили уйғур тилида “Муҳаммад алайҳиссалом тарихи” китоби, Қуръони карим маъноларининг  хитой тилидаги нашри, 1986-1987 йиллари Қуръони карим маъноларининг уйғурча таржимаси уч марта чоп этилган.  Хитой мусулмонларига 1979 йили йигирма йиллик танаффусдан сўнг биринчи марта ҳаж сафарига боришга рухсат берилди. Саксонинчи йилларда қирқ минг хитойлик мусулмон ҳаж зиёратига борган[8].

  Хитой раҳбарларининг Ислом динига нисбатан тутган йўллари уларнинг жамиятни динсизлаштиришни (секуляризация) зўравонлик усули билан амалга ошириш мумкин эмаслигини тушуниб етганлари билан изоҳланади. Ислом дини Хитойда кенг тарқалмоқда.

Ш. ҚЎЛДОШЕВ,

тарих фанлари номзоди (ЎзР ФА ШИ)

[1] Китай: факты и шифры – 2000. – Пекин., изд. «Синьсин», 2000. – С. 116.

[2] Бай Шоуи. Чжунго исилань ши цунгао... – Б. 325.

[3] Қаранг: Абдусаматов Назархўжа. Қашқар уйғурларининг исломни қабул қилиши ва кўҳна китоблар // “Шўро” журнали. 11-сон, 1913 йил.

[4] Хўжаев А. Хитойда ислом дини, мусулмонларнинг ҳозирги аҳволи ва уларни ўрганиш масалалари // Ислом ва Хорижий Шарқ. – Т.: Ўзбекистон. 1992, – Б. 169.

[5] Ма Цичэн. Люэшу исиланьцзяо цзай Чжунго ди цзаоци чуаньфань (Хитойда ислом дини тарқалишининг илк даври ҳақида қисқача баён) // Исиланьцзяо цзай Чжунго, – Б. 176-177.

[6] Чжунго мусилин (Хитой мусулмонлари). – Пекин, Б.г: Чжунго мусилинди шэнхо (Хитой мусулмонлари ҳаёти). – Пекин, 1953: Чжунго мусилин ди цзунцзяо шэнхо (Хитой мусулмонларининг ҳаёти ва диний эътиқодлари). – Пекин, 1956 ва бошқалар.

[7] Конституция КНР. – М., 1954, – С. 27.

[8]Китай: факты и шифры – 2000. – Пекин., изд. «Синьсин», 2000. – С. 119.

back to top