Аракан мусулмонлари ҳақида нималарни биласиз?

Аракан мусулмонлари ҳақида нималарни биласиз?

Бугунги кунда Мянмадаги мусулмонларга қилинаётган босқинчилик, хунрезликлар ҳақида расмий ОАВларда айтарли ҳеч гап бўлмаса-да, интернет тармоқларида бу хусусда анча-мунча хабарлар тарқамоқда.

Аммо кўпчилик у ердаги мусулмонлар ҳақида айтарли маълумотга, тасаввурга эга эмас. Анча олдин шу ҳақда айрим хабарларни ўқигандим. Шу кунларда мазкур юртдаги диндошларимизга нисбатан бўлаётган қонхўрликларни кузатиб, улар ҳақида айрим маълумотларни кўпчиликка эълон қилишни лозим деб топдим. Кейин бу борада қандай амалий чоралар кўриш ҳақида ҳам тўхталамиз.

Мянма ҳукуматининг расмий дини буддавийлик бўлиб, у ердаги мусулмонлар асосан Роҳиня вилоятида истиқомат қилишади. Роҳинянинг қадимий номи Аракан бўлиб, ҳозирда Шарқий Осиёнинг жанубида жойлашган Бирма, расмий Мянма давлатининг ғарбий соҳилидаги вилояти ҳисобланади. Уни Бангладешдан Ноф дарёси, шимолий-шарқда Бирмадан Аракан тоғ тизмалари ажратиб туради. Яъни у Бирмадан бутунлай мустақил минтақада жойлашан. Ер майдони 14200 кб метр. Аҳолиси 4.000.000 атрофида бўлиб, аксари, яъни 85-90 фоизи мусулмонлар. Келиб чиқиши ва тили ҳиндлар билан боғлиқ. Охирги йилларда Бирма ҳукумати бу ерга буддистларни кўчириб келиб, жойлаштириш орқали аҳолининг кўпчлигини буддистлардан иборат қилиш пайида ҳаракат қилмоқда.
Тарихчиларнинг таъкидлашларича, бу ерга Ислом дини аббосийлар халифаси Ҳорун Рашид даврида, 172/788 йиллари мусулмон тожирлар орқали кириб келган. Қадимшуносларнинг фикрига кўра, ўшанда бир гуруҳ мусулмон тожирларнинг кемаси соҳилдаги бир катта тошга урилиб, ишдан чиқади. Натижада мусулмонлар қайтиб кетолмай, шу ерда яшаб қолишади ва улар орқали ўлкада Ислом дини тарқалади. Асли буддавийлик динида бўлган ерлик аҳоли мусулмонлардаги ахлоқ-одоб, ҳалол-покликни, олийжанобликни кўриб, Исломга киради. Яъни бу ерларда Ислом даъвати ҳарбий ёки сиёсий ҳарактларсиз таралган. Аста-секин масжидлар кўпайиб, аёллар ҳижобга кира бошлайди. Милодий 8-9 асрларда соҳилда жуда ҳам катта бир жомеъ масжид қад кўтаради. Уни «Бадр мақом» деб аташади.
Манбаларда Араканда 1084 йилдан олдин ҳам бир қатор мусулмон амирлар ҳукм юритгани айтилади. Уларнинг ичида энг машҳурлари Муҳаммад Ҳанифа, Ийсо Су, Амир Ҳамза исмли ҳокимлар бўлган.
Бангладеш волийси Қутбиддин Ойбек Ноф дарёсидан ўтиб, Араканга юриш қилади (606/1231 й) ва у ерда қатор қишлоқларга асос солади. Қўшиннинг кўпчилиги шу ерда истиқомат қилиб қолади. Шундан сўнг бу ерга Ҳиндистон ва бошқа қўшни ўлкалардан мусулмонлар қатнови ва кўчиши кўпаяди.
Араканда асл насаби турк бўлган Сулаймон Шоҳ ва унинг сулоласи икки аср давомида ҳумронлик қилган. У аслида будда динига эътиқод қилган бўлиб, исми Нирамихла бўлган. 1406 йили буддист Бирма подшоҳи Араканни босиб олганда, Нирамихла Бангладеш ҳокими ҳузурига қочиб боради ва у ерда 24 йил истиқомат қилади. Шу аснода у Исломни қабул қилиб, исмини Сулаймон Шоҳ деб ўзгартиради. Сўнг 1430 йили Бангладеш ҳокимининг қўллови билан, 50.000 аксар ёрдамида буддистларни мамлакатдан қувиб чиқариб, Араканнинг пойтахтини Линғиритдан Маруҳангга ўзгартиради. Шундан сўнг то 1784 йилгача Сулаймон Шоҳнинг авлоди мамлакат бошқарувини қўлда ушлаб туради.
1758 йили Бирма ҳукмдори Будда Бая Араканга ҳужум қилиб, халқни қирган, ҳаммаёққа ўт қўйган. Бу бирмаликларнинг мусулмонларга нисбатан қилган биринчи қирғини эди. Кейинроқ 1784 йили яна бир Бирма подшоҳи Будибеҳ Араканни босиб олади. У ҳукмронлик қилган 42 йил ўлка тарихидаги энг қора кунлар сифатида эсланади. Босқинчи буддист Будибеҳ Араканнинг пойтахти Маруҳангни қонга белаб, барча исломий осор-атиқаларни, масжиду мадрсалар, мактабу кутубхоналарни вайрон қилади. Минглаб тинч аҳолини, аёлу болаларни қатл қилади. Аҳолининг катта қисми жони ва динини асраш учун Бангладешга кўчиб кетишга мажбур бўлади.
Британия Ҳиндистонни босиб олгач, 1853 йили Бирмага қўшин тортиб, уни эгаллайди ва Ҳиндистонга тобе вилоятга айлантирилади. Бу даврда мусулмонларга олдингига нисбатан бироз эркинлик берилади. Чунки идора, таълим ва савдо-сотиқ ишларида мамлакатдаги яроқли инсонлар мусулмонлар эди. Аммо сиёсий манфаат юзасидан инглизлар ҳам мусулмонларни камситар, ҳуқуқларини оёқости қилишар эди.
1942 йили Япония Бирмани босиб олишга киришиб, инглизлар мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган кезлари буддистлар тарафидан мусулмонларга нисбатан яна қатли ом уюштирилди. Инглизларнинг қуролларини қўлга киритган буддистлар Араканнинг қишлоқларида кезиб, мусулмонларни уйларидан қувиб, қирғин қилишди. Гувоҳларнинг айтишича, қонхўр буддистлар аёлу болаларни яйловга олиб чиқиб, худди паррандаларни овлагандек оммавий қатл қилишган. Ҳомиладор аёлларнинг қорнидан боласини олиб, ўлдириб, сўнг онасини қатл қилишарди. Гўдакларни тепага отиб, қилич билан кутиб олар, чақалоқ онасининг кўз ўнгида икки бўлакка ажралар эди. Аёлларни зўрлаб, сўнг кўкраклари, қўл-оёқларини кесиб, қуёш тиғига ташлаб кетишар, улар шу ҳолатда азобланиб жон берар эди. Бу воқеаларни ўз кўзи билан кўрган кишилар таъкидлашича, ваҳшийликлар шу даражага етганки, ҳамма ўз жонини асраш билан овора, биров-бировга қарай олмас, ҳатто ота-бола бир-бирига ёрдам бера олмас, одамлар қаёққа кетаётганини ҳам англамаган ҳолда тўрт тарафга тум-тарақай қочишган экан. Қаёққа бош уришни билмай соҳилга қочиб келган мусулмонларнинг қонидан дарёнинг суви қизариб кетган. Маълумотларга кўра, ўшанда бир ҳафтада 100.000 дан ортиқ мусулмон ўлдирилган. Уларнинг бирдан бир «гуноҳ»и муслмон бўлганлари, «Роббим Аллоҳ!» деганлари эди.
1948 йили Бирма мустақил бўлиб, Бирма иттифоқи давлати тузилганда Араканни ҳам иттифоққа киритишгач, буддистларнинг мусулмонларга бўлган душманчилиги, босқинчилиги янада авжига минди. Дастлаб мусулмонларнинг шу ернинг асл аҳолиси дея эътироф этилган бўлса-да, ҳукуматга комунистлар аралашгач, мусулмонларга нисбатан буғзу адоват яна кучайди, мусулмонларни мамлакатга четдан келган ёт унсур сифатида кўриладиган бўлди. Мусулмонлар 1942 йил билан 1979 йил ўртасида 12 марта қатли омни бошдан кечирдилар. Бу хунрезликлар ортидан қанча қишлоқлар кимсасиз ҳаробаларга айланди, ўн минглаб бегуноҳ инсонлар ўлдирилди.
«Аракан мусулмонлари» номли китоб муаллифи Абу Муъоз Аҳмад Абдурраҳмон 1948 йилдан 1992 йилгача Аракан мусулмонларига буддист ҳарбийлар тарафидан оммавий равишда ҳужум қилиниб, минглаб кишиларни қамаб, ўлдириб, уй-жойларига ўт қўйиб, юртдан қувиш ҳолатлари 19 марта такрорланганини йилма-йил санаб ўтади.
1997, 2001 йиллардаги қатлиомларда яна минглаб мусулмонлар ўлдирилди. Бирма ҳукумати ва буддист аҳолининг араканлик мусулмонларга қилган энг катта хунрезликларидан бири 2012 йилда содир бўлди. У ваҳшийлкларни инсоният тарихида кўз кўриб, қулоқ эшитмаган бўлса керак. Қатор қишлоқларнинг кули кўкка совурилди, аҳолиси деярли қувиб ҳайдалди ёки қириб ташланди. Умуман олганда, 70 йилдан бери ҳукумат тарафидан мусулмонларни оммавий қамоққа олиш, хилма-хил азоблар билан қийнаш, ўлдириш, аёлларни зўрлаш, олимларни қатағон қилиш каби ҳолатлар узуликсиз давом этиб келмоқда.
Араканда исломий обидалар жуда ҳам кўп бўлган. Милодий 8-9 асрдан бошлаб ўтган аср ярмигача мусулмонлар тарафидан ўнлаб, юзлаб масжид-мадрасалар бино қилинган. Араканликлар қаерда бўлишса, масжид қуришган ва унинг ёнига мактаб очишган. Улардан айримлари ҳануз бор. Аммо аксари ваҳший буддистлар тарафидан йўқ қилинган.
Аракан мусулмонларининг ўзига хос жиҳатларидан бири ‒ уларда кўп мусулмон халқларда бўлган турли бидъат-хурофотлар йўқ. Ҳаммалари аҳли сунна эътиқодида ва ҳанафий мазҳабига амал қилишади. Билимсевар, хусусан, шаръий илмларга ўта муҳаббатли, суннатни маҳкам тутган халқ. Диний билимлар Ҳинд уламолари услубида таълим берилади, фатволарда ҳам уларга эргашилади ва диний адабиётлар ҳам кўпроқ ўша ердан келтирилади. Мадрасалар ва қорихоналарда илмий муҳит ниҳоятда юқори бўлган. Уларда қатор етук олимлар ва даъватчилар етишиб чиққан. Улар мана шу сабот сабабли буддачилар қуршовида туриб Исломга оғишмай амал қилиб келишган ва асрлар оша тўховсиз қилинатёган қаршиликлар, хунрезликларга қарамай, Ислом таълимоти ўлкада қўлоч очиб, мусулмонларнинг сафи кенгайиб келган. Бугунги кунда бир қанча араканлик толиби илмлар дунёдаги энг нуфузли исломий олийгоҳларда таълим олишади. Лекин уларнинг юртга қайтиши амри маҳол. Ўлкада вазият жуда ҳам оғир ҳолатда, кундан-кунга ёмонлашиб бормоқда.
Буддистлар тарафидан қилинган вайронгарчиликларда юзлаб масжидлар харобага айланган. Янги масжид қуришга эса рухсат йўқ. Мадарасалар, диний мактаблар, қорихоналар кундан кунга камайиб бормоқда. 1983 йилдан бери масжидларда азонни микрофонда айтиш таъқиқланган. Ҳажга боришга омматан рухсат йўқ, фақат айрим мутасаддилар қатор шартларни бажаргачгина боришлари мумкин. Ҳижоб ўраган, дўппи кийган, мусулмонлар қиёфасида юрган одамни душман олишади, уларга нисбатан турли хил тажовузлар қилишади. Ҳукумат мусулмонларни эслатадиган барча осор-атиқаларни йўқ қилиш пайида. Буддистлар мусулмонлардан кимни исташса, қамоққа олишади, суд қилиш деган гап деярли йўқ, ҳибсга олинган одам дом-даракасиз йўқ бўлиб кетаварди ҳам. Одамларни мажбурлаб будда динига киритиш, миссонерлик ҳаракатлари жуда ҳам даҳшатли тарзда олиб борилади. Мусулмонларни динларида ҳаром қилинган нарсаларни ейишга мажбурлаш ҳолатлари ҳам кўп бўлади. Дини ва жонини сақлаш учун қўшни диёрларга қочмоқчи бўлган қанчадан-қанча мусулмонлар денгизда ғарқ бўлиб кетишди ва бу ҳолат ҳануз давом этмоқда.
Булардан ташқари, ҳа деганда турли баҳоналар билан бош кўтарган миллатчи буддачилар минглаб мусулмонларнинг мол-мулкларини талаб, чорва-экинзорларини пайҳон қилиб, уй-жойларига ўт қўйиб, ўзларни тириклайин ёқиб, кўмиб, қирғин қилишмоқда. Айрим маълумртларга кўра, яқин кунларда бир неча кун ичида 3000дан ортиқ мусулмон ўлдирилди. Хуллас, мусулмонларнинг юртда ҳашоратларчалик қадри йўқ, буддист аҳоли уларнинг устида хоҳлаган ишини қилаверади, нима қилиб бўлсин, уларни юртдан йўқ қилиш пайида.
Мянмадаги бу босқинчиликларга нисбатан дунё ҳамжамияти негадир жим. Фақат айрим мусулмон ўлкаларда турли норозиликлар, маълум миқдорда моддий, маънавий кўмаклар бор. Миср, Туркия, Малазия, Индонезия, Ҳиндистон, Покистон ва бошқа қатор мамлакатларда намойишлар, сиёсий ҳаракатлар қилинмоқда. Аммо Мянма ҳукумати ва у ердаги миллатчи аҳоли ҳануз хунрезликларда давом этиб келмоқда.
Юқоридаги сатрлардан қуйидагиларни хулоса қилиш мумкин:
‒ Аракан қадимий ўлкалардан бўлиб, ерлик аҳоли бундан 1200 йил олдин Исломни қабул қилган. Бинобарин, у ер Ислом диёри ва ўша ердаги мусулмонларнинг асл ватани ҳисобланади. Қўшни мамлакатлардан келган мусулмонлар ўз диндошлари юртига келиб жойлашган, холос. Аҳолининг асосий қисми мусулмонлар.
‒ Аракан минг йиллик тарихга эга Ислом юрти, бир неча асрлар илгари қўшни Мянма ҳукмронлари тарафидан босиб олинган ва ўшандан буён ўлкадаги мусулмонлар миллатчи буддачилар тарафидан талан-тарож қилиниб, турли хил зулм-ситамлар, хунрезликларга кўкрак бериб келишади. Мянма иттифоқи давлати тузилгандан буён мусулмонларни камситиш, талаш, дини учун оммавий равишда қирғин қилиш тўхтовсиз давом этиб келмоқда. Сўнги йилларда вазият борган сари оғирлашиб бормоқда.
‒ Аракан мусулмонлари юз фоиз аҳли сунна ва жамоа эътиқодида, ҳанафий мазҳабидадирлар.
‒ Араканда минг йиллик тарихга эга исломий осор-атиқалар бор. Юзлаб масжид-мадрасалар фаолият кўрсатган. Аҳолининг шаръий илмларга бўлган муҳаббати жуда ҳам юксак.
‒ Аракан мусулмонларини «Мянма мусулмонлари» дейиш ҳам унчали ўринли эмас. Чунки бу ер аслида мустақил ўлка ҳисобланиб, асрлар оша мусулмон ҳукмдорлар қўлида бўлган.
‒ Баъзи мусулмон мамлакатларда араканлик мусулмонларга ёрдам маъносида айрим ҳаракатлар мавжуд бўлса-да, ҳануз муаммони ҳал этувчи ечим қилинганча йўқ.
‒ Дунёнинг қай бир бурчагидаги қайсидир ўрмондаги ҳайвоннинг тарихини эринмай сўзлайдиган, кунботар тарафларнинг битта одами ўлдирилганини ҳафталаб кўрсатадиган ОАВлар Аракан мусулмонларининг ҳолати ҳақида лом-мим демайди.
‒ Аракан мусулмонларига ёрдам тариқасида бир қатор мусулмон мамлакатларда иқтисодий ва сиёсий ҳаракатлар бор, биз ҳам хабар тарқатиш ёки дуо сўраш билан чекланиб қолмай, амалий ҳаракат қилишимиз керак. Бу ҳам инсоний, ҳам диний бурчдир.
Аллоҳ таоло жумла мусулмонларни Ўзи қўлласин, хусусан, Аракан мусулмонларига нажот берсин, золимларни даф этсин, уларга Ўзи кифоя қилсин!

«Аракан мусулмонлари» асари ва интернет манбалари асосида тайёрланди.

 

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

back to top