Араканни Жанубий Осиёнинг Ғазосига айлантирган ким?

Араканни Жанубий Осиёнинг Ғазосига айлантирган ким?

Мянмадаги (Бирма) араканлик мусулмонлар беш йил мобайнида Ғазодаги биродарларидан-да кўпроқ қонга беланмоқдалар. 2012 йилдан бери Аракан вилоятидаги роҳинжа мусулмонларнинг молу жонларига бўлаётган тинимсиз зулм ва тажовуз кўлами Исроил томонидан босиб олинган Ғазо ҳудудидаги фаластинлик мусулмонларга нисбатан амалга оширилаётган муттасил қийноқлар, қирғинбаротлар, этник тозалашлардан ҳеч қолишмайди. Охирги ҳафта ичида Аракандаги роҳинжа мусулмонларига қилинаётган зўравонликлар оммавий қирғин тусини олди.

25–28 август оралиғида, яъни уч кун мобайнида будпараст-ирқчилар Бирма ҳукумат қўшинлари иштирокида уч минг мусулмонни ўлдиришди. Саккиз аср давомида Араканда яшаб келаётган мусулмонларни ўз ватанларидан ҳайдаб солиб, уй-жойларига ўт қўйиб, мол-мулкларини тортиб олишмокда. Будпарастлар ҳаттоки 100 км ҳудудда жойлашган ўрмонзорни куйдириб, унинг ичида жон сақлаётган мусулмонларнининг ўтовларини кулга айлантиришди.  2012 йилдан бери давом этиб келаётган этник тозалашлар натижасида роҳинжа мусулмонларининг сони 1,3 миллиондан 800 мингга тушиб кетди. 100 минг мусулмон ўлдирилган, 400 минги Бангладеш, Ҳиндистон, Таиланд ва Малайзиядан бошпана топган. араканлик мусулмонларнинг 2 миллион гектар ерлари тортиб олиниб, будпарастлар томонидан ўзлаштирилди.

Бу воқеа-ҳодисалар учун ким жавобгар? Бирма ва Араканга диққат билан назар соладиган бўлсак, фаластин фожиасида қўли бор таниш чеҳраларни кўрамиз. Буюк Британиядан сўнг АҚШ, Хитой ва Россия давлатларининг олиб бораётган мустамлакачилик сиёсати Аракандаги фалокатнинг асосий сабабидир.

Келинг, гапни тилга олинган давлатларнинг биринчисидан бошлаймиз… Британия ҳукумати Бирмада худди Африка, Осиё ва Яқин Шарқда қўллаган ифлос сиёсатидан фойдаланди. Британлар 1948 йилда Араканни 1971 йилда Бангладеш давлатига айланган Шарқий Покистонга эмас, балки будпараст Бирма тарикибига қўшиб ҳозирги кунгача давом этиб келаётган тартибсизликлар уруғларини сочганлар. Ўлганнинг устига тепган қилиб 1942 йилда японлар босиб олишидан қутқаришда катта жасорат ва қаҳрамонлик кўрсатган араканликларнинг она юрти Бирмани британлар 1948 йилда япон босқинчилари билан тили бир бўлган генерал Аун Санга бериб юборишади. Аун Сан – Нобель мукофоти совриндори ва Мянманинг амалдаги ташқи ишлар вазири Аун Сан Су Чжининг отаси.   1948 йил Конституциясида Аун Сан араканликларга фуқаролик бермай, уларни кичик бир элат деб белгилаган. Хунт маъмурияти кейинроқ бу таърифни бекор қилган. Шундай қилиб, қарийб 1,5 миллион Аракан роҳинжалари дунёдаги энг йирик фукаролиги ва давлати йуқ миллатга айландилар. Бирмани босқинчилардан озод қилган араканликларга яккамоховлардек муносабатда бўлиб, уларни ўз юртларидан сиқиб чиқармоқдалар. Бу эса англосаксон мустамлакачилик сиёсатининг асл моҳияти, яъни алдаб ўз мақсадига эришишдир.

Аракан фожиасининг бошқа тарафида эса АҚШ, Хитой ва Россия давлатларининг рақобати турибди. 2004 йилда Араканда энергия захираларининг улкан конлари топилганидан сўнг, у ердаги мусулмонларнинг аҳволи янада оғирлашди. 2009 йилда бошланган газ ва нефт қувури қурилишини якунлаган Хитой ҳукумати 2013 йилда Араканни Юньнань вилояти билан боғлайди. Бу қувурлар ёрдамида Яқин Шарқдан келтирилаётган нефт ва табиий газни АҚШ ҳукумати назоратидаги Малак бўғозини четлаб ўтиб ўз ҳудудига хавфсиз ва арзон етказиб берилишини таъминлайди. Бундай бурилишга жим қараб тура олмаган АҚШ ҳукумати 2012 йилда Аракан масаласини оламшумул муаммога айлантириб Хитойни ўраб олиш лойиҳасини бошлаб юборади. Асосан Жордж Сорос томонидан молиялаштириладиган 18 та нодавлат ташкилотни ўз ичига олган «Бирмада аниқ мақсад сари гуруҳи» деб ном олган АҚШ ташкилоти беш йил давомида гўёки араканликлар фожиасини бартараф этиш йўлларини қидиради. Ваҳоланки, Исроил-Фаластин «тинчлик жараёни» шуни курсатиб турибдики, катта давлатларнинг тинчлик ўрнатиш ҳаракатлари низо келтириб чиқариш, босиб олиш ва назорат остидаги тартибсизликларни пайдо қилиш сиёсатининг бир қисмидир. Ахир, америкаликларнинг аралашувидан сўнг Аракандаги зўравонликлар бирдан оммавий қирғинбаротга айланди-қолди.

Нега бу қонли хунрезликларга жавобан дунё ҳамжамияти ўзини машҳур уч маймундек тутмоқда? Нима учун Пекин ва Москва БМТ нинг Аракан масаласи бўйича қабул қилинган қарорига овоз бермай, уни тўхтатиб қўйишди? Чунки араканлик мусулмонларнинг қирилиб кетишидан кўзланаётган манфаат каттадир. АҚШ, Хитой ва Россия энергия бойликлари кетидан қуваётган бўлсалар, будпарастлар ерлар иштиёқида ёнмоқдалар. Уларнинг ҳаммаси бу жиноятга аралашган шериклардир! Шунинг учун ҳам улар сукут сақламоқда!

Араканда сўнгги уч кун мобайнида 2 мингдан ортиқ мусулмон ўлдирилиб, 100 мингдан зиёди таъқиб остида қолди. Бу ҳақида Швейцарияда шифокор бўлиб ишлайдиган Оврупа Роҳинжа кенгаши матбуот котиби Анита Шуга маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, хунрезлик Бирма армияси томонидан амалга оширилган.  

«Араканда яқинда содир бўлган Бирма мусулмонларнинг оммавий қирғини 2012 йил ва ўтган йил октябрь ойининг маълумотларидан сезиларли даражада фарқ қилади. Аҳвол ҳеч қачон бунчалик ачинарли бўлмаган», – дейди Шуг хоним Анадолу агентилигига берган интервьюсида. Шу билан бир қаторда, у кеча Аракандаги Саугпар қишлоғида рўй берган хунрезликда 900–1000 га яқин мусулмонлар ўлдирилиб, фақат бир гўдак тирик қолгани ҳақида хабар берди. Анаукпина ва Няунпини қишлоқлари маҳаллий аҳоли томонидан ҳимояланмоқда. Улар Бирма ҳукуматига хат йўллаб, айбсиз эканликларини ва ҳеч қандай жиноят қилмаганликларини ёзганлар. Улар ҳукуматдан дарҳол қамални тўхтатиб, қишлоқ аҳолисини бошқа жойга кўчиришни сўраганлар. Бироқ Бирма ҳукумати уларнинг суровини жавобсиз қолдирмоқда. У ердаги одамларнинг ҳаётлари хавф остида», – деб қўшимча қилди Шуг хоним. Доктор Шуг БМТ ва бошқа ташкилотларни Аракандаги хунрезликларни тўхтатиш бўйича чоралар кўришга чақирди. Эслатиб ўтамиз, Бирма 1948 йил 19 апрелдан бери БМТ аъзоси. Шунга қарамай, БМТ олти йил мобайнида давом этиб келаётган шафқатсиз қирғинбарот ва хунрезликларни тўхтатиш учун ҳеч нима қилмади.

ОҒЗАКИ ФИКРЛАР

Нима сабабдан Ислом мамлакатлари етакчилари ушбу жиноятларни баралла қоралаб чиқмаётганликлари ҳақида куйиб-пишиб узундан узоқ гапиришимиз мумкин. Аммо ўз фикрларимни бир неча сатрларга сигдиришга ҳаракат қилиб кўраман.

Минг таассуфлар бўлсинки, Сауд қироли оила аъзоларидан ҳеч ким, ҳаттоки «ёш ва қони қайноқ» валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон ҳам омма олдида ўз фикрини билдирмади. БАА президенти, Абу Даби Амири Халифа бин Зайд Ал-Нахайан ҳам сукут сақламоқда. Судан, Миср, Индонезия ва ҳаттоки Ислом уйғониши учун курашаётган Қатар ҳам (аслини олганда, қамалдаги давлат бошқалардан ажралиб турса, ёмон бўлмасди) индамай туришибди. 

 

Малайзия ҳукуматининг роҳинжа мусулмонларига бир неча бор инсонпарварлик ёрдами кўрсатганига қарамасдан қочоқларга гувоҳнома беришдан бош тортиши кишини чуқур қайғуга солди. Малайзия бош вазирининг муовини Аҳмад Зоҳид Ҳамидий ҳукуматнинг ушбу қарорига изоҳ бераркан, Малайзия фуқароларининг фаровонлигини таъминлаш биринчи ўриндаги вазифа эканлигини айтиб, «жаҳон ҳамжамиятини роҳинжа мусулмонларининг оғир аҳволи ҳақида ташвишланишга чақирди».

Аммо бутун дунё мусулмонларини ислом мамлакатларининг етакчиларини тил бириктириб оғиз очмасликларидан-да кўпроқ Бангладеш ҳукуматининг очиқ-ойдин иккиюзламачилиги ҳайратга солди. Маълумки, можаро янгиланиб қизиб кетиши натижасида ушбу мамлакатга бир ҳафта ичида 18 минг қочоқ бошпана излаб келди. Аммо Бангладеш ҳукумати БМТ нинг қочоқларга ёрдам бериш ҳақидаги бир неча чақириқларига қарамасдан 550 га яқин роҳинжа мусулмонларини ўз ҳудудидан Мянмага қайтариб чиқариб юбориб, қолган жабрдийдаларнинг кўз олдиларида чегарини ёпиб уларни мутаассиб будпараст жаллодларнинг ҳукмига ҳавола қилди. Бангладеш бош вазири Хасида Вазед Бангладеш ҳукумати (90% аҳолиси мусулмонлар) Мянма будпарастларига роҳинжа исёнчиларига қарши курашида ёрдам таклиф қилиб охирги нуқтани қўйди. Умуман олганда, ажабланмаса ҳам бўлади. Исломий ҳаракатларнинг етакчиларини қатл қилиш ва ислом муҳолифатчиларини отиб ташлаш каби ҳаракатлари учун Бангладешни исломга қарши сиёсат юргизувчи мамлакат деб айблашган. Яна бир гап. Бангладеш раҳбариятининг аксарияти ҳиндпарастлардан иборатдир. Кези келганда шуни айтиб қўйишим керакки, сионистлар Ал-Ақсони куч билан тортиб олаётганлари сингари, ҳиндулар ҳам айнан ўша усуллардан фойдаланган ҳолда ими-жимида мусулмонлардан Тож Маҳални олиб қўймоқдалар. 

Дунё мусулмонларини ҳимоя қилиш сиёсатини олиб бораётган ягона давлат Туркиядир. Куни кеча шу ҳақида ўйлаётиб, “Аксар турк оммавий ахборот воситалари Аракандаги воқеалар тўғрисида маълумотлар бериб турган бир пайтда нега жаноб Эрдоғон сукут сақламоқда? Нима учун? Нима бўлди? Наҳотки, Аҳмад Довудўғли кетгандан сўнг роҳинжаларнинг ёнини ҳеч ким олмайди?” деган саволлар гирдобида қолгандим. Бекорга ташвиш чекмадим, шекилли (мен билан бирга юзлаб миллион Аҳли сунна вал жамоа биродаларамиз ҳам деб ўйлайман), чунки 30 августда Ғалаба байрамига бағишланган тадбирда жаноб Эрдоғон баёнот берди. «Туркия душманлари чегарадан чиқиб одоб-аҳлоқ қоидаларига зид усуллардан фойдаланмоқда.  Аммо Анқара ҳз курашида мақсадларига етиш йўлида адолатни қарор топтириш фикридан воз кечмайди. Айнан шунинг учун ҳам биз Сурия, Ироқ, Болқон, Кавказ, Шимолий Африкадаги биродарларимизга катта кўмак кўрсатяпмиз. Мянмадаги Аракан вилоятининг роҳинжа мусулмонларини ҳам ташлаб қўймаймиз», – деди у. Бундан ташқари, Туркия президенти Мавритания президенти Муҳаммад улд Абдулазиз, Покистон президенти Мамнун Ҳусайн, Эрон президенти Ҳасан Руҳоний, Қатар амири Шайх Тамим бин Ҳамад ал-Танилар билан телефон мулоқотлар ўтказиб, уларни Мянма мусулмонларини қўллаб-қувватлашга даъват қилиш билан бирга, Ислом дунёси Қурбон ҳайити байрамини нишонлаётган бир вақтда Сурия, Ироқ, Яман, Фаластин ва Ливияда талайгина муаммолар мавжудлигини қайд этди. Бошқача қилиб айтганда, ўз айб-нуқсонлари борлигига қарамасдан ҳозирги кунда фақат Анқара бутун ислом дунёси учун ўрнакдир ва барчамиз унга муносиб бўлишга ҳаракат қилмогимиз лозим.  

Энди, қисқача низонинг янгиланиб авж олиши ҳақида тўхталиб ўтмоқчиман. Узоқ йиллик зулм ва қатағонлардан сўнг мусулмон роҳинжалар яшайдиган ҳудудда Ҳаракат ал-Яқин деб номланган қуролли исёнчи ҳаракат пайдо бўлади. Баъзи маълумотларга қараганда, бу ташкилотга Саудия Арабистони ва Покистон ҳомийлик қилмоқда. Балки шунинг учун ҳам бу давлатлар сукут сақлашни афзал билмоқда. 

Шундай қилиб, 25 августда Ҳаракат ал-Яқиннинг 100 га яқин мужоҳидлари ҳақиқатан бир вақтни ўзида Ракхайн штатидаги бир неча полиция постлари ҳамда армия биноларига ҳужум қилади. Улар ва хавфсизлик кучлари ўртасидаги жанглар ҳамон давом этмоқда. 

Жанглар энг қизиган 25–27 август кунларида 100 га яқин одам, шу жумладан, 10 дан ошиқ полициячи ва ҳарбийлар ҳалок бўлди. Масаланинг аҳлоқий томонига диққатингизни тортмоқчиман. Мусулмон роҳинжалар ўзларини ҳимоя қилишга, ўч олишга, адолат талаб қилишга ва ниҳоят яшашга ҳақлари борми? Бу камбағаллар фойдасига бўладиган гаплар. Албатта, ҳақлари бор!

Бизга роҳинжа ҳақида етиб келган сўнгги  хабарларга кўра, Бангладеш соҳиллари олдида қочоқлар тўла уч қайиқ тўнкарилиб чўкиб кетди. Камида 26 киши ҳалок бўлди. Бангладеш қирғоқ қўриқлаш хизмати 11 аёл ва 15 бола жасадини топди.

Энг даҳшатласи, бу янгиликлар бизларга Қурбон ҳайити вақтида келмоқда. 

Ҳар бир мусулмон Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган саҳиҳ ҳадисни яхши билади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўминларни ўзаро меҳр-муҳаббатда бир танадек эканларини кўрасиз. Агар танада бирор аъзо касалланса, ундаги бошқа аъзолар бедорлик ва иситма билан унга ҳамдард бўлишади», – деб айтганлар. Ҳақиқатан биз ҳаммамиз шуни бошимиздан ўтказяпмиз. Шунинг учун ҳам мусулмон уммати ўзини бир тану бир жондек ҳис қилиш билан кифояланмасдан (кўпинча, ораларимизда адоват уруғини сочаётган ҳокиму ҳукамоларнинг шариатга зид гап-сўзлари ва хатти-ҳаракатларига қарамасдан), балки бир танага айланиши керак. Масалан, ҳозир Аракандаги биродарларимизга ёрдам қўлини чўзиб, кимдир инсонпарварлик ёрдамини кўрсатиб, қолганлар эса дуоларида эслаб кўмак беришлари лозим. Ахир, «одамлар ўзларини ўзгартирмагунга қадар, Аллоҳ уларнинг ҳолини ўзгартирмайди»…

Шуни ҳам унутмаслик керакки, мусулмонлар будпарастлар учун охир замонда бўладиган ҳал қилувчи жангдаги «млеччхалардир». Будпарастлар ўз халоскорлари Калачакранинг 25-хукмдорини кутмоқдалар. Тушунган бўлсангиз, бу Дажжолдир. Будпарастларнинг ўта тажовузкор бўлишларининг сабаби ҳам айнан шу ақийдага бориб тақалади.

 

back to top