«Ҳилол-нашр» нашриёт-матбаа мажмуаси «Жамиятнинг маънавий-маърифий тараққиётида китобнинг ўрни» илмий-амалий семинарида қатнашди
- Written by Administrator
21 ноябр куни Ўзбекистон матбуот агентлигида Ўзбекистон Республикаси Олий мажлиси қонунчилик палатаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда республика Маънавият тарғибот маркази томонидан ташкил этилган «Жамиятнинг маънавий-маърифий тараққиётида китобнинг ўрни» мавзуидаги илмий-амалий семинари бўлиб ўтди.
Семинар миллий адабиётимизни кенг тарғиб қилиш, китобхонлик маданиятини янада юксалтириш мақсадида «Ўзбекистон матбуоти» III Миллий форум ва кўргазмаси доирасида «Адабиётга эътибор – маънавиятга, келажакка эътибор» шиори остида ўтказилган бўлиб, унда семинар ташкилий гуруҳи аъзолари, Матбуот ва ахборот агентлиги раҳбарлари, республикада матбуот ва ноширлик соҳасига оид етакчи муассасалар, фаолият юритаётган ташкилот ва корхоналар вакиллари, олий ўқув юртлари ҳамда анъанавий ва электрон оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
«Жамиятнинг маънавий-маърифий тараққиётида китобнинг ўрни» илмий-амалий семинари доирасида «Йилнинг энг яхши китоби» Республика V танлови якунлари эълон қилинди. Танлов натижаларига кўра «Ҳилол-нашр» нашриёт-матбаа мажмуаси “Олтин силсила” туркумига оид “Саҳиҳул Бухорий” китобининг икки жилди “Ижтимоий-сиёсий адабиёт” номинацияси бўйича иккинчи даражали диплом билан тақдирланди. Махсус диплом «Ҳилол-нашр» нашриёт-матбаа мажмуаси босмахонаси раҳбари Абдувосит Қамбаровга топширилди.





