QURAN.UZ сайтининг 10 йиллигига бағишланган илмий анжуман (+100 та фото)

QURAN.UZ сайтининг 10 йиллигига бағишланган илмий анжуман (+100 та фото)

Қуръон.уз, саҳифанг кўнгилларга нур,
Кўрган, тинглаганга руҳоний ҳузур,
Кимга Қуръон маҳбуб, сен унга манзур.
Адашмассан, Қуръон йўлбошинг сенинг,
Қуръон.уз, муборак ўн ёшинг сенинг!

Набийимиз ҳазрати Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак таваллуд ойлари кириб келган ушбу шукуҳли кунлардан бирида, ҳижрий 1436 йил Рабиъул аввал ойининг 6 кунида, Аллоҳ ҳақ субҳанаҳу ва таолонинг муборак Каломи – Қуръони Каримга бағишланган ўзбек тилидаги биринчи сайт – Quran.uz сайтининг 10 йиллигига бағишланган илмий-маърифий анжуман бўлиб ўтди. 
Ислом.уз портали ҳамда «Ҳилол-нашр» матбаа-нашриёт мажмуаси ижодий гуруҳи, меҳнат жамоаси ҳамда ташкилий ҳайъат томонидан ташкил этилган ушбу илмий анжуманга юртимизнинг дин арбоблари, Қуръон устозлари, аҳли Қуръонлар, толиби илмлар ва бошқа кўплаб азиз меҳмонлар ташриф буюриб, қувончимизга шерик бўлдилар. Жумладан, Тошкент шаҳар имом-хатиби Анвар қори Турсунов, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Малик каби муҳтарам меҳмонларнинг ташрифи анжуман ташкилотчиларини ҳам, меҳмонларни ҳам ғоятда хушнуд қилди. 
Қуръони Каримга бағишланган ушбу анжуман учун махсус кўргазма ташкил қилинган бўлиб, унда кўплаб ноёб, қўлёзма мусҳафлар, Қуръони Каримнинг таржима ва тафсирлари намойиш қилинди. Айниқса, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг қаламига мансуб «Тафсири Ҳилол» асарининг қўлёзмаси ва унинг турли нашрлари тадрижий жараёни меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. Кўргазмага қўйилган шоҳ асар эса машҳур хаттот Ҳабибуллоҳ Солиҳ томонидан тайёрланган ҳазрати Усмон мусҳафининг нусхаси бўлди. Махсус тайёрланган лавҳга ўрнатилган, нафақат юртимизда, бутун дунё мусулмонлари учун мўътабар бўлган ушбу мусҳафи шариф кўргазманинг кўркига кўрк қўшиб турди.
Маълумки, ўтган йили Ислом.уз порталининг 10 йиллиги нишонланган эди. Ислом.уз сайти 10 йил давомида ривожланиб, кенгайиб борди. Бугунги кунга келиб, 20 дан ортиқ сайтдан иборат Ислом.уз портали чинакам илм-маърифат уммонига айланди. Бугун ушбу порталнинг ажралмас қисми бўлмиш Қуръон.уз сайтининг 10 йиллигини нишонлаб турибмиз. 
Анжуман очиқ деб эълон қилингач, устоз Нуруллоҳ қори Қуръони Карим тиловат қилиб бердилар. 
Шундан сўнг порталимизга, хусусан, Қуръон.уз сайтига илк бор дуо берган, Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби асосида пок ақийда ва мусаффо Исломга интилиш, Қуръон ва суннатни ўрганиб амал қилиш, исломий маърифат таратиш, салафи солиҳ — улуғ мужтаҳидларга эргашиш, кенгбағирлик ва биродарлик руҳини тарқатиш, диний саводсизликни тугатиш, ихтилоф ва фирқачиликка барҳам бериш, мутаассиблик ва бидъат-хурофотларни йўқотиш шиори остида Исломга, Қуръонга сидқидилдан хизмат қилиб келаётган, баракали илмий фаолияти билан халқимизнинг дину диёнат ва маънавият хазинасини бойитиб келаётган устозимиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари дуо қилиб, муқаддима билан бошлаб бердилар.
Қуръон.уз сайти аввало Аллоҳ таолонинг розилигини топиш ниятида, Қуръонга хизмат қилиш, халқимизга Қуръонни танитиш, интернетдан фойдаланувчиларни Қуръонга ошно қилиш мақсадида ташкил қилинган. Бу эзгу ниятлар қанчалик рўёбга чиққани, кўзланган мақсадларга нечоғлик эришилгани ҳақида сайт мудири Абу Муслим сўзга чиқиб, Қуръон.уз сайтининг тарихи, унинг илк қадамлари, ривожланиш жараёни ҳақида маъруза қилди. 
Аллоҳ таоло «Албатта, Зикрни Биз нозил қилдик ва албатта, унга Биз муҳофазачимиз» дея, Қуръони Каримни қиёматгача муҳофаза қилишни ваъда қилган. Қуръони Каримнинг муҳофазаси қироат ва китобат йўли билан, яъни оғзаки ва ёзма равишда амалга оширилган. 
Қуръоннинг илк ваҳийси «Иқро», яъни «Ўқи!» деб бошланган. Бу оят унинг қироат йўли билан тарқалишига, «Қалам билан илм ўргатди» ояти эса китобат йўли билан сақланиб боришига ишорадир. Каломуллоҳнинг Қуръон ва Китоб деб аталиши ҳам шунга далолат қилади.
Қуръони Каримнинг бизнинг юртимизга қироат йўли билан етиб келиш тарихи, юртимизда кенг тарқалган қироатлар, ватанимизда Қуръони Карим таҳфизига хизмат қилган улуғ зотлар ҳақида «Тўхтабой» жомеъ масжидининг имом ноиби Ҳасанхон Яҳё сўзлаб бердилар. 
Шундан сўнг анжуман меҳмони, ўнта қироат соҳиби, муҳтарам Зайниддин қори Қуръони Каримдаги Нажм сурасидан бир неча оятни аввал диёримизда машҳур бўлган Ҳафснинг Осимдан қилган ривоятида, сўнгра Халафнинг Ҳамзадан қилган ривоятида тиловат қилиб бердилар. 
Қуръони Каримнинг қироат йўли билан етказилиши ҳақида «Хожа Аламбардор» жомеъ масжиди имом ноиби Ҳусайнхон Яҳё сўзлаб берди.
Шундан сўнг сўз навбати устоз Ҳабибулло Солиҳга берилди. Машҳур хаттот юртимизда китобат борасида қилинган хизматлар ҳақида, ҳазрати Усмон мусҳафининг тарихи ҳамда унинг нусхасини тайёрлаш жараёни ҳақида қизиқарли суҳбат қилиб берди.
Сўзга чиққан устозлардан Тошкент шаҳар имом-хатиби Анвар қори Турсунов бугунги Ислом мамлакатларида юз бераётган таҳликали вазиятни эслаб ўтиб, юртимиздаги тинчлик-хотиржамликнинг қадрига етиш, унинг шукронасини адо этиш лозимлиги ҳақида сўз юритдилар. Анвар қори Турсунов ушбу анжуманнинг юртимиз маънавиятида муҳим бир воқеа бўлганини таъкидлаб, динимизга, хусусан, Қуръони Каримга хизмат қилаётган барча ёшу қари, каттаю кичик мухлисларга ташаккур айтдилар. Шундан сўнг устоз Қуръони Каримнинг Шарқ халқларининг маънавиятига, маданиятига, жумладан, ўзбек адабиётига кўрсатган таъсири ҳақида мазмунли суҳбат қилиб бердилар.
Анжуман меҳмонларидан Тошкент вилояти имом-хатиби Хайруллоҳ қори сўзга чиқиб, Ислом.уз портали, хусусан, Қуръон.уз сайти ижодий гуруҳи ҳамда мухлисларини бугунги анжуман билан муборакбод этдилар ва эсдалик совға топшириб, сайт ходимларининг хайрли ишларига Аллоҳ таолодан бардавомлик тилаб, дуо қилдилар.
Шундан сўнг даврага Ислом.уз портали Қуръон.уз сайтининг 10 йиллиги муносабати билан ташкил қилган махсус танлов ғолиблари таклиф қилинди. Ғолиблар шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳамда ҳайъат аъзолари, анжуманнинг азиз меҳмонлари қўлидан шаҳодатнома ва эсдалик совғаларни қабул қилиб олдилар.
Шайх ҳазратлари танловнинг барча иштирокчиларини муборакбод этиб, уларнинг саъй-ҳаракатларига Аллоҳ таолодан улкан ажру мукофотлар тилаб, дуо қилдилар. 
Анжуман юртимиздаги устоз қорилар авлодининг вакили Нуруллоҳ қори тиловати билан бошланиб, сўнгра бугунги авлод вакили Зайниддин қорининг қироати билан давом этган бўлса, ёш қорилар авлодининг вакили Убай қори Ҳусайнхон якуний тиловат қилиб бердилар. Шайх ҳазратлари барча қориларимизнинг ҳаққига, юртимизда Қуръонга хизмат қилган, қилаётган ва энди қиладиган барча азизларимизнинг ҳақларига дуолар қилиб, анжуманга хотима ясаб бердилар.
Шунинг билан Қуръон.уз сайтининг 10 йиллигига бағишланган илмий анжуман ниҳоясига етди. 

Quran.uz сайтининг 10 йиллигига бағишланган илмий-маърифий анжуман материаллари ҳамда анжуман ҳақидаги видеофильм тез кунларда сайтимизга қўйилади. (Инша  Аллоҳ)

back to top