Ислом душман сифатида?
- Written by Administrator
Мустамлакачиларга биринчи рақамли душман эса доимо Ислом бўлиб келган. Бироқ, Ғарб “совуқ уруш” ботқоғига ботиб қолганида Исломга қарши урушга унча катта аҳамият бера олмаган эди. Совет иттифоқи охир-оқибат “совуқ урушда” мағлуб бўлди. Унинг мағлубиятга учрашида афғон мужоҳидларининг ўзига яраша хизмати бўлган. Ғарб учун Ислом ҳамиша “ қора доғ” бўлиб келган. Шундай бўлса-да, Ғарб юз йиллаб мустамлака остида бўлган миллионлаб мусулмонларнинг иймони ва руҳини синдира олмади.
ТЕРРОРГА ҚАРШИ УРУШМИ ЁКИ САЛИБЧИЛАР ЮРИШИМИ?
Мусулмонлар Ғарбнинг “террорга қарши кураши”ни Исломни бостиришнинг яна бир кампанияси, деб ҳисоблайди. Рақиблар ўзларининг яхши ниятлари ҳақида кўп гапирсалар ҳам, буларнинг ҳаммасини салибчилар юришининг давоми, деб ўйлашади. Шу билан савол туғилади: нега “империялар” Ислом ва мусулмонларни ўзларига душман деб қарайди?
Бунинг асосий сабабларидан бири шуки, мусулмонлар “фаровон ҳаёт” эвазига ҳеч қачон ўз ақидаларидан чекинишмаган ва уларнинг анъаналарига таслим бўлишмаган. Чунки бу нарса ўз зиддиятлари остида тезда ҳалокатга юз тутади. Мусулмонлар ўз мустақилликлари учун шиддат билан курашгани ва босқинчилик даврларида мустамлакачиликка қарши кўп марта бош кўтаргани ҳам бунга ҳужжат-далилдир. Деярли барча мусулмон мамлакатлари узоқ вақт мустамлакачилик асоратида бўлишган, бироқ мусулмонлар моддий нарсалар учун иймонларидан воз кечишмаган. Ислом ва мусулмонларни “маърифий даврга” олиб кириши ва АҚШнинг PNAC (Project for the New American Century) лойиҳасига мос келиши учун Ғарбнинг молиялаштиргани ва сиёсий қўллаб-қувватлашига қарамасдан Салмон Рушдий ёки Таслима Назрин каби муртадлар ҳам мусулмон менталитетига шикаст етказа олишмаган.
“ИСЛОМИЙ БАНКИНГИМИ” ЁКИ “ИСЛОМ ФУНДАМЕНТАЛИЗМИ”МИ?
Ислом ва мусулмонларга қарши ҳаракат қилаётган ғарб ОАВлари ўз хўжайинларининг қарашларини сингдиришга ҳаракат қилишди. ОАВларининг “мутахассислари” ҳеч қачон бу динга жиддий ва чуқур назар солган эмас. Қачонлардир Афғонистондаги Россия босқинига қарши курашган шавкатли мужоҳидлар энди эса “Ислом фундаменталистлари” ёки “мусулмон террорчилари” дея тақдим қилинмоқда, чунки бу сафар улар АҚШ бошчилигида уларнинг ерларига бостириб кирган НАТО билан курашмоқда-да. Уларнинг айтишича, Ислом “тескари мафкура” ёки “ўрта асрларга” қайтишдир.
Бугун эса “исломий банкинг” деб аталаётган хизматлар бутун дунёда гуллаб-яшнаётгани ҳолда “анъанавий банк хизматлари” Европа ва АҚШ бўйлаб инқироз ва касодга учрамоқда. Жуда кўп ғайримусулмонлар дунё бўйлаб “Исломий банк”ларни бошқариб келмоқда. Бироқ, ҳеч ким уларни “Ислом фундаменталистлари” ёки уларнинг тизимларини “ўрта асрларга” қайтиш деб атамайди ёки шунга ўхшаш фикр ва тасаввур уйғотмайди. Карен Армстронг ўзининг Расулуллоҳ (с.а.в) сийратларига бағишланган китобида ёзишича, Исломнинг ижтимоий ва иқтисодий адолат ғоялари асосидаги шиорини кўтариб чиқиши унинг жаҳон дини сифатида муваффақият қозонишига сабаб бўлди.
Шу йил ичида ғарб ОАВлари империалистик лойиҳалар асосида тузилган ҳукуматлар билан ҳамкорликда жамоатчилик фикрида Ислом ҳақида салбий тасаввур ҳосил қилдиришга муваффақ бўлишган. Улар истагига кўра, мусулмонлар ўзлари эътиқод қилаётган Исломга эмас, балки бутун дунё уларнинг Ислом ҳақидаги талкинларига ишониши керак эмиш. Масалан, яқинда Буюк Британияда бўлиб ўтган тартибсизликларни олиб кўринг. Исёнчи бошқариб бораётган юк ташувчи автомобил учта мусулмонни босиб, уларнинг ҳаётига зомин бўлди. Ғарб ОАВлари ўлганларни “осиёлик муҳожирлар” деб атади. Агар бу жиноятни мусулмон одам қилганида эди, у “мусулмон экстремисти” ёки “ислом террорчиси” деб аталган бўлар эди. Ҳеч ким мусулмон бўлмаган исёнчиларнинг иймонларига, динларига кўрсаткич бармоқлари билан ишора қилгани йўқ, чунки уларнинг иймонлари қилган жиноятлари учун жавобгарликка тортишга сабаб бўлиши мумкин эмас.
НАТО ва АҚШ тарафидан Афғонистоннинг босиб олинишига қаршилик кўрсатаётган толибларнинг муносабатига нисбатан “яшил хавф” ёки “ярим ой инқирози” деган тамғалар урилмоқда. Бу барча толиблар гуноҳсиз эканини англатмайди. Бироқ, улар ҳақида эшитилаётган гап-сўзлар уларнинг душманлари тарафидан тарқалмоқда (Бу худди ўрисларнинг Туркистонни босиб олаётганида ватанини, динини ҳимоя қилиб уруш олиб борганларни “босмачи” деб атаганига ўхшайди). Ёки бу нарса французларнинг фашистларга кўрсатган қаршилик ҳаракатини фашистлар “террористик ҳаракат” деб айтганига ўхшайди. Time ёки Newsweek каби оммабоп журналлар кўпинча Ислом дини ҳақида хунук гаплар тарқатаётгани ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайди. Ҳолливуд ҳақида ҳам шундай гапларни айтсак бўлади.
ЎҚ ЧИЗИҚЛАР
(Асосан Ҳолливуд тасаввурлари асосида шаклланган) Ғарб оммавий ахборот воситалари аслида вашингтонлик фундаменталистларга тегишлидир. Улар ҳозирги кунимиздаги мусулмонларни ўрта аср ёввойилари сифатида кўрсатишга уринишмоқда, ўзларини эса бутун борлиқнинг нажоткори сифатида ҳис қилиб, бутун дунёга ўз буйруқларини ўтказмоқчи бўляптилар.
Америкалик ҳукмрон элита оқтанли англосаксон протестантлар, насронийлар ва яҳудий сионистлари лоббисидан иборат. Улар «Manifest Destiny»да сақланадиган ва аниқ иборалар билан Американинг бутун дунёни бошқариши “илоҳий” ҳуқуқ асосида амал қиладилар. Ҳар қандай ақида (кредо) ёки иймон «Manifest Destiny»га қарши бўлар экан ёки унга бўйинсинмас экан, у ўзбошимчалик ҳисобланиб, уни нима қилиб бўлса ҳам йўқ қилиниши керак. Ислом империализм йўлида турган тўғаноқдир.
Жорж Буш (каттаси) президентлиги вақтида “худонинг ишини” бажаряпман, деб таъкидлаган эди. У Биринчи Форс кўрфази урушида Ироқни бомбардимон қилган вақтда уни ҳеч ким фундаменталист ёки дунёвийлик талабларига ғов солмоқда, деб айтмаган эди. Роналд Рейган ҳам “танлаб олинган” яна бир фундаменталистлардан эди. Унинг айтишига кўра, Жимми Картер ичида бўлгани каби унинг ичида ҳам “муқаддас руҳ” бор эмиш. Кичик Жорж Бушни ҳам ҳеч ким фундаменталист деб атагани йўқ. Агар мусулмон “фундаменталистлари” шунга ўхшаш баёнот берганида борми, уларнинг диндошлари тушунмаган бўлар эди...
Интернет маълумотлари асосида Абу Муслим тайёрлади



